TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Антибиотиклар дўстми ё душман?

Кўпчилик, антибиотиклар ҳар қандай касалликни даволай олади, деб ўйлайди. Аслида эса антибиотиклар фақатгина 10-20 фоиз инфекцияларни даволай олади, холос. Чунки аксарият инфекцияларни бактерия ёки вируслар қўзғатади. Антибиотиклар эса фақат бактериялардан келиб чиққан инфекцияларга қарши даво бўлади. Бактериал инфекциялар ва вирусли инфекциялар ҳар хил касаллик ҳисобланади ва шунинг учун уларни даволаш ҳам ҳар хил бўлади. Антибиотиклар бактерияларни ўлдирувчи дорилардир. Улар шифокор тавсиясига риоя қилган ҳолда, тегишли касалликни (бактериал инфекцияни) даволаш мақсадида қабул қилинса, самара беради. Ҳар хил бактериялар ҳар хил антибиотикларга сезувчан бўлади, шунинг учун антибиотик бактерия турига қараб белгиланиши лозим. Лекин антибиотиклар кўплаб касалликларга даво бўла олмайди, шу жумладан вируслардан келиб чиққан шамоллаш, грипп, сувчечак ва қизамиқ каби касалликларни даволай олмайди. Одамлар кўп ҳолларда шифокор билан маслаҳатлашмасдан туриб, турли сабабларга кўра антибиотикларни қабул қиладилар, масалан, диарея (ичкетар) бўлганда левомицетин ёки тетрациклин, шамоллаш ва грипп ҳолларида ампициллин ёки пенициллин, буйрак ва бел оғриғига қарши гентамицин ва ҳ.к.ларни қабул қиладилар. Ваҳоланки, бу ҳолларда антибиотиклар умуман фойдасиз бўлиб, аксинча бемор аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

Тайинланган антибиотикларни қабул қилиш

Агар шифокор сизга антибиотикларни ёзиб берса, даволанишни албатта охиригача етказинг. Антибиотикларни қабул қилишни бошлагандан бир неча кун ўтиб, ўзингизни яхши ҳис қила бошлашингиз мумкин, лекин сизга тайинланган дориларнинг ҳаммасини қабул қилишингиз лозим. Акс ҳолда касаллик такрорланиши мумкин. Касаллик такрорланганда уни даволаш қийинроқ бўлади. Чунки дастлабки даволаниш давомида сақланиб қолган бактериялар кучли бўлиб, антибиотик таъсирига чидамли бўлиб қолади.

Агар шифокор сизга антибиотик тайинласа, даволанишни албатта охиригача етказинг.

Эсингизда тутинг, антибиотик қабул қилганда қуйидаги салбий таъсирларни кузатишингиз мумкин:

Баъзи енгил салбий таъсирлар:

• Кўнгил айниши

• Ичкетар

• Ошқозон фаолиятининг бузилиши

• Қуёш нурларига таъсирчанликнинг ошиши

Жиддийроқ салбий таъсирлар:

• Аллергия, масалан, тошмалар

• Тана аъзоларининг шишиб кетиши

• Болаларда карлик

• Болаларда тишларнинг сарғайиши

Антибиотикларни қандай қабул қилиш бўйича шифокор билан маслаҳатлашсангиз, салбий таъсирларнинг кўпини олдини олишингиз мумкин. Баъзи антибиотиклар, кўнгил айниши ёки ошқозон фаолияти бузилишининг олдини олиш учун овқат маҳали қабул қилиниши лозим. Бундан ташқари, ўтмишда сизда бирор бир антибиотикка аллергия бўлган бўлса, буни албатта шифокорга айтинг. Шифокор аллергия келтириб чиқармайдиган, бир хилда самарали бўлган бошқа антибиотикни тавсия қилиши мумкин.

Антибиотикларни ҳаддан ташқари ишлатиш ва бунинг оқибатлари

Антибиотикларни нотўғри ёки ҳаддан ташқари кўп ишлатиш натижасида бактериялар уларга чидамли бўлиб қолиб, керак бўлганда фойда бермай қўйиши мумкин.

Салбий таъсирлардан ташқари антибиотикларни эҳтиёткорлик билан қабул қилишга яна бошқа бир сабаб бор: антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш ёки ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш натижасида бактериялар чидамли бўлиб қолиши мумкин, яъни керак бўлганда антибиотиклар билан даволаш муолажалари сизга таъсир қилмай қўяди.

Антибиотикларга чидамли бўлиб қолган бактериялар баъзида супер (ўта кучли) бактерия деб ҳам аталиб, улар даволаниши мушкул бўлган касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг устига, антибиотикларнинг баъзи турлари, масалан, ампициллин, организми таъсирчан бўлган одамларда, хусусан ҳомиладор аёлларда замбуруғ инфекцияларининг кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин, ҳамда бошқа дориларнинг, масалан, контрацептив таблеткаларнинг танага сўрилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Супер бактерия қўзғатадиган касалликларни даволаш қийин, чунки бу узоқ вақт талаб қилади ва дорилар жуда қиммат туради. Масалан, кўп дориларга чидамли бўлган сил касаллигини даволаш оддий сил касаллигини дастлабки даволаш муолажаларидан кўра тўрт баробар узоқроқ ва юз баробар қимматроқ бўлади.

Антибиотикларга чидамли бўлган касалликларнинг олдини олиш учун нималар қилиш мумкин?

Ҳеч қачон шифокор маслаҳатисиз антибиотикларни қабул қилманг

Антибиотикларни фақатгина шифокор тайинлаганда қабул қилинг.

Аввалги даволанишдан қолиб кетган антибиотиклардан фойдаланманг. Улар сизга тўғри келмаслиги мумкин, бундан ташқари касаллигингизни келтириб чиқарган бактерияларни барчасини ўлдиришга етмайди ҳам. Фақатгина янгидан ёзиб берилган антибиотикларни қабул қилинг.

Шифокор тайинлаган дориларнинг барчасини сотиб олишингиз керак. Узоқни ўйлаганда бу сизга арзонроқ тушади, чунки даволаниши жуда қимматга тушадиган, антибиотикка чидамли бўлган касалликнинг олдини олган бўласиз.

Ҳеч қандай салбий таъсир кузатилмаса, тайинланган дори миқдорини белгиланган кунлар мобайнида охиригача қабул қилинг. Агар антибиотик кутилмаган салбий таъсирни келтириб чиқарса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Дорини қабул қилишга доир махсус кўрсатмаларни яхшилаб тушуниб олинг, масалан, дорини овқатдан олдин ёки кейин ичиш.

Бошқа бировларга тайинланган антибиотикларни ўзингизга ишлатманг. Антибиотиклар ҳар хил бўлади: ҳар хил антибиотиклар ҳар хил касалликларни даволайди.

Ҳеч қачон антибиотикларни бозордан ёки кўчадан сотиб олманг. Улар нотуғри сақланган, муддати ўтган ёки қалбаки бўлиши мумкин. Дориларни ишонарли давлат лицензиясига эга бўлган дорихоналардан харид қилинг.

Эсингизда тутинг, 80-90 фоиз ҳолатларда нафас йўллари инфекцияларини ва томоқ оғришини вируслар келтириб чиқаради. Антибиотиклар вирусларга қарши фойда бермайди. Шуни билиш муҳимки, антибиотикларни керак бўлмаганда ишлатсангиз, организмдаги баъзи зарарли микроблар ўсиб, дориларга чидамли бўлиб қолади.

Антибиотикни қуйидаги ҳолларда бериш мумкин эмас:

Беморда аввал аллергия бўлган бўлса, (айниқса пенициллин ва сульфонамидга) шубҳа қилсангиз, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Баъзи антибиотикларни ҳомиладор аёлларга бериш мумкин эмас (масалан, тетрациклин)

Баъзи антибиотикларни 12 ёшгача бўлган болаларга бериш мумкин эмас (масалан, тетрациклин).

Баъзи антибиотикларни кўкрак билан боқаётган аёлларга бериб бўлмайди (масалан, тетрациклин, гентамицин).

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!