TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Бугун – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

Ҳар йили 25 ноябрь бутун дунёда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида нишонланди.

Аёл – мўътабар зот деймиз, аёл – муқаддас деймиз, жаннат оналарнинг оёғи остида деймиз. Лекин, тан олиб айтиш керакки, орамизда хотин-қизларга муносиб муомала қилмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Келинини хизматкор сифатида кўрадиган қайноналар, аёлини одам ўрнида кўрмайдиган эрлар, сохта ошиқлан томонидан алданган қизлар… Таҳқирга, руҳий ва жисмоний зўравонликка учраган аёлларнинг бари ҳам тегишли идораларга мурожаат қилмайди – улар уйдаги гапни кўчага олиб чиққиси келмайди. Афсуски, аёлларнинг бардошини суиистеъмол қилувчилар ҳамма вақт топилади.

1999 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 25 ноябрни Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида эълон қилди ҳамда давлатлар ҳукуматлари, халқаро ва нодавлат ташкилотларга ушбу муаммога жамоатчилик эътиборини тортувчи тадбирлар ўтказишни таклиф этди.

Бу кун учун 25 ноябрнинг танланиши бежиз эмас. 1960 йилнинг айни шу кунида доминиканлик диктатор Рафаэль Трухильо буйруғига биноан сиёсий фаол уч опа-сингил – Миневра, Патриа ва Мария Тереза Мирабаллар шафқатсизларча ўлдирилган эди. «14 июнь инқилобий ҳаракати» номли яширин ташкилот аъзолари бўлмиш опа-сингиллар полиция томонидан ўласи қилиб калтакланиб, чуқурга ташлаб кетилган. Опа-сингил Мирабаллар бир неча бор қамалган бўлса-да, ўз ватанларида адолат ва демократия тантана қилиши учун курашдан тўхташмаган эди.

Айтиш керакки, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муайян маданият, ҳудуд ёки мамлакат, жамиятдаги муайян аёллар гуруҳи билан чекланиб қолмаган. Ўзгаларнинг айби билан қийин аҳволда қолган аёлни Африканинг энг қолоқ ўлкасида ҳам, Европанинг энг ривожланган давлатида ҳам учратиш мумкин.

БМТ таъбирига кўра, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик – аёлларга жисмоний, жинсий ёки руҳий зарар берадиган ёхуд аёлларнинг азият чекишига сабаб бўладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саксондан ортиқ мамлакатда ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи ҳаётида давомида камида бир марта турмуш ўртоқлари ёки бегоналар томонидан жинсий тажовузга учрайди. Оилали аёлларнинг қарийб учдан бир қисми (30 фоизи)га турмуш ўртоқлари жисмоний ёки жинсий зўравонлик қўллайди, айрим ҳудудларда эса бу кўрсаткич янада юқорироқ.

2008 йилнинг февралида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка биргаликда барҳам берамиз» номли бир неча йиллик кампания бошланганини маълум қилди. Кампания 2015 йилгача барча мамлакатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашувчи ва айбдорларни жазоловчи қонунларни қабул қилиш; ҳаракатлар дастурини амалга оширишни бошлаш; жамоатчиликни мазкур муаммодан хабардор қилишни кучайтириш; низолар пайтида жинсий зўравонликка қарши курашни кўзда тутади. Кампания доирасида жамоатчиликни хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан огоҳ этиш мақсадида 25 ноябрь Тўқ сариқ кун деб эълон қилинади ва бу тадбир 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунига қадар давом этади.

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!