TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Буйрагимни сотаман!..

Дунёда донор органлар мутлақо етишмаяпти. Кўпинча оғир касалликка чалинган беморнинг ҳаёти чўнтагига боғлиқ бўлади, ўз аъзосини сотадиганлар эса кейинчалик уларни нима кутишини билмайди…

Биргина Германиянинг ўзида 12 минг бемор донор органга навбатда турибди. Германия органлар трансплантацияси жамғармаси маълумотига қараганда, ҳар саккиз соатда бир бемор навбати келмасидан олдин вафот этмоқда. Ҳар йили июнь ойининг биринчи шанбасини немислар Органлар донорлиги куни сифатида нишонлашади, жорий йил 1 июнь куни ҳам донор органлар масаласи қизғин муҳокама қилинди.

Маҳаллий клиникалардан бирида беморлар рўйхатининг сохталаштирилгани фош этилгач, навбатда турганларнинг ҳафсаласи пир бўлди, ўлимидан кейин аъзосини қолдиришни ният қилганлар сони эса сўнгги 10 йилда энг қуйи кўрсаткични кўрсатди.

Шундай бўлса-да, жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи Forsa институти маълумотига кўра, Германияда катта ёшдаги ҳар беш кишидан бирида «органлар донори гувоҳномаси» бор. Одамлар донор органлар билан боғлиқ жараён шаффоф бўлиши керак деган фикрда. Бойроқ беморларни рўйхатнинг олдинроғига ўтказадиган шифокорлар эса тегишли назоратнинг йўқлигидан фойдаланишади.

Қулликдан қутулиш чораси – буйракни сотиш

Танқислик бор жойда ноқонуний савдо ривожланади – дунёдаги «органлар қора бозори» ана шу тамойил асосида шаклланган.

Ҳиндистонда буйракни 800 еврога сотиб олиш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг билдиришича, бу ер юзидаги энг арзон нарх. Дунё бўйлаб жиноий гуруҳлар томонидан йилига 20 минг донагача буйракнинг ҳар бири 30 минг еврогача сотилади.

13 ёшли Виру Деҳли яқинидаги қишлоқда яшайди. Ота-онаси уни тўқимачилик фабрикасига тахминан 38 еврога сотиб юборган. У ҳар куни 200 та сумкага номдор фирмаларнинг логотипларини ёпиштириб чиқади. Болакайнинг орзуси – бойиб кетиш. «Катта бўлганимда, буйрагимни сотаман, ўшанда бу ерда ишлашимга ҳожат қолмайди», – дейди у. Виру 4 йилдан бери кўрмаган отаси ҳам шундай йўл тутган. Ҳинд харобаларида 800 евро катта бойлик ҳисобланади…

Ҳиндистонда органлар савдоси бўйича 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган бўлса-да, вазият умуман ўзгармаган. Бу иш мўмайгина даромад келтиради, қўлга тушиш эҳтимоли эса жуда кам. Органини сотаётган одам ўзини беморнинг дўсти ва холис хизмат кўрсатаётган киши сифатида кўрсатади, тўлов эса совға ўлароқ расимйлаштирилади.

Инсон танаси аъзолари – иқтисодий омил

Дунёда органларни жўнатиш қуйидаги схема бўйича амалга оширилади: жанубдан – шимолга, қашшоқ ҳудудлардан – бой ҳудудларга, қора танлилардан – оқ танлиларга. Бу ҳакда бундан 10 йил муқаддам америкалик антрополог, Organs Watch ташкилоти вакиласи Нэнси Шепер-Хьюз ёзган эди. У трансплантацион туризмни учинчи дунё мамлакатлари учун иқтисодий омил деб атаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2011 йили дунё бўйлаб 110 мингта орган кўчириб ўтказилди, шундан 76 мингтаси буйракдир. ЖССТнинг таъкидлашича, 2006 йилдан бери ноқонуний трансплантация сонлари анча камайди, бунга кўпгина давлатларнинг қонунчиликни такомиллаштиргани сабаб бўлди. Бироқ Миср ва Покистонда органлар савдоси махфийлашди.

Камбағалдан – бойга

Organs Watch ташкилоти орган олувчилар ва сотувчиларнинг типик портретини тайёрлади. Унга кўра, харидор – одатда АҚШ, Саудия Арабистони, Австралия ёки Исроилдан. Ёши – 48 да, жинси – эркак, йиллик даромади – 41 минг евро. Донор – одатда Ҳиндистон, Хитой, Молдавия ёки Бразилиядан. Ёши – 29 да, жинси – эркак, йиллик даромади – 370 евро.

Жарроҳлар турли давлатлар бўйлаб изғишади ва назорат йўқ жойда аъзони кўчириб ўтказиш операциясини амалга оширишади. Айтайлик, Жанубий Африка ёки Бразилиядаги бирор клиникада ноқонуний трансплантация ўтказилгани фош бўлиб қолса, шифокорлар бошқа давлатга йўл олишади.

Европа: органлар савдосини қонунийлаштириш керакми?

2010 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилинган резолюцияда қайд этилишича, органларни бағишлаш кўнгилли равишда ва беғараз бўлиши керак. Резолюция қабул қилинишидан 3 йил олдин эса Туркиядаги саммитда қатнашган 150 нафар эксперт Трансплантацион туризм ва органлар савдоси бўйича Истамбул декларациясини имзолади. Германия қонунчилигига мувофиқ ноқонуний трансплантация учун донор ҳам, донор органнни олган одам ҳам 5 йилгача қамалиши мумкин. Трансплантацияга унинг иштирокчилари бир-бирига қариндош ёки ҳиссий жиҳатдан боғлиқ бўлсагина, кўнгилли равишда амалга оширилсагина рухсат берилади.

Германия фойдаланадиган донор органлар банки – бу Eurotransplant жамғармаси. Унинг штаб-квартираси Голландиянинг Лейден шаҳрида жойлашган бўлиб, у ерда навбатда турган беморларнинг рўйхати бор. Таҳлиллар ўтказилганидан кейин операция қанчалик зарурлигидан қатъи назар, бемор навбатдан ўрин олади. Керакли орган пайдо бўлиши билан компьютер беморни талайди. Мазкур жамғармага Австрия, Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Хорватия ва Словения аъзо.

Германиянинг ҳар бир фуқароси «донор гувоҳномаси»ни олган тақдирда ҳам, органлар барча беморларга етмайди. Шунинг учун органлар савдосини қонунийлаштиришни таклиф этаётганлар ҳам бор. «Эркин бозор иш ўринларини яратади ва одамларнинг ҳаётини қутқариб қолади», – дейди иқтисодчи Фридрих Брайер. Органлар трансплантацияси жамғармасининг собиқ раиси Гюнтер Кирсте эса бу фикрга қарши. «Органлар савдоси қашшоқларни эксплуатация қилиш демакдир. Покистон ёки Филиппинда буйрагини сотган минглаб одамларнинг саломатлиги хавф остида», – дейди у.

Ҳиндистонлик 13 ёшли Виру буйрагини сотиш эвазига уй қуришни орзу қилади. Янги уйда узоқ яшай олмаслигидан эса унинг хабари йўқ…

Аброр Машарипов тайёрлади.

'Буйрагимни сотаман!..' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3096">

    02.04.2018 @ 17:19

    мен уз буйрагимни сотмокчиман согломман ичмиман чекмиман пулга эхтиежим борлиги учун сотяпман

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!