TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ДАРДГА ДАРМОН ДАЛАЧОЙ

«Япроғининг суюқ суртмаси оловдан куйганга фойдалидир. Катта жароҳатларни, ёмон хил яраларни бириктиради. Буни янчиб, илвираган ва сасиган яраларга сепилса, фойда беради».

Ибн Сино

Тарихий маълумотларга қараганда, далачой ўсимлиги халқ табобатида 3000 йилдан бери ишлатиб келинади. Рус табиблари уни 99 дардга дармон гиёҳ деб аташган. Шунингдек, русларда қйидагича мақол бор: «Нонни буғдойсиз ёпиб бўлмайди, дардни далачойсиз даволаб бўлмайди».

Оддий далачой (зверобой) – бўйи 100 см.гача (кўпинча 30-35 см) бўлган кўп йиллик ўсимлик. Йўл ёқалари, ариқ бўйлари, ўтлоқлар, ўрмон четлари, буталар ораси, бедазорлар, боғларда, суғориладиган ва бошқа нам ерларда, тоғларнинг этакларидан то ўрта қисмигача бўлган майда тош-тупроқли жойларда ўсади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида учрайди.

Далачой таркибида кўп миқдорда ошловчи моддалар, эфир мойи, антоцианлар, флавоноидлар (кверцетин, гиперозид, рутин), каротин, витамин С, органик кислоталар, гиперицин ва бошқа моддалар бор.

Тиббиётда далачойнинг ер устки қисмидан фойдаланилади. Ўсимлик гуллаган вақтда ер устки қисми учидан 15-20 см узунликда ўриб олинади ва сояда қуритилади. Сўнг янчилиб, ғалвирда элаб олинади. Йирик поялар ташлаб юборилади.

Ибн Сино далачойни оғриқ қолдирувчи, пешоб ҳайдовчи восита сифатида ва турли яраларни даволаш учун ишлатган.

Халқ табобатида далачой ер устки қисмидан тайёрланган дамлама асосан меъда-ичак касалликлари (ич кетиш)ни даволаш учун қўлланилади.

Далачой ер устки қисмидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига майдаланган ер устки қисмидан 10 г солинади ва дамлаб қўйилади. Сўнг докада сузиб, кунига 2-4 маҳал овқатланишдан кейин 1-2 ош қошиқдан ичилади.

Илмий тиббиётда далачой ер устки қисмининг доривор препаратлари (дамлама, суюқ экстракт) оғиш бўшлиғининг яллиғланиш касалликларида (гингивит, стоматит) ва томоқ яллиғланишида оғиз ва томоқни чайиш учун ҳам ишлатилади.

Далачой ер устки қисми оғиз ва томоқни чайиш, меъда-ичак ва бошқа касалликларни даволаш учун ишлатиладиган турли йиғма-чойлар таркибига киради.

Халқ табобатининг юқорида кўрсатилган касалликларга даво қилиш учун далачойнинг яна икки тури: дағал далачой ва чўзиқ барг далачой ер устки қисмларидан тайёрланган дамламалар ҳам ишлатилади. Бу турларнинг таъсири оддий далачой билан бир хил.

Далачой доривор ўсимлик ҳисобланса-да, ундан фойдаланишда эҳтиёткорликни унутмаслик лозим. Хусусан, гипертонияга чалинган беморлар ундан узоқ муддат фойдаланишлари мумкин эмас. Қолаверса, ҳомиладорликда далачой тақиқланади.

Далачой қуюқ қилиб дамланса, ҳатто соғлом кишиларда ҳам ўткир гастрит белгиларига сабаб бўлади, гиперацид гастрит ёки ошқозон яраси борларда эса оғриқ ва кучли спазм келиб чиқади.

Бу ўсимликни ортиқча қўллаш бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусишга сабаб бўлиши мумкин. Далачой пиво, қаҳва, вино, шоколад, дудланган ёки маринадланган маҳсулотлар, йогурт билан «чиқишмайди». Шунингдек, пичан иситмасига қарши ва бурунга томизиладиган дорилар билан бирга ишлатиб бўлмайди.

Иситма чиққанда далачой препаратларини қабул қилманг. Улар терининг ультрабинафша нурларга сезгирлигини ошириши мумкин, шунинг учун препаратни қабул қилгандан кейин офтобда юришдан сақланиш керак.

Шунинг учун далачой препаратларини ишлатишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиб олдинг!

Далачойли муолажалар

— Халқ табобатида пешоб тутолмайдиган касалларга далачой дамламасидан ичиб туриш тавсия этилади. Бунинг учун бир стакан қайнаб турган сувга 10 г ўсимликнинг майдаланган ер устки қисмидан солиб, бир оз дамланади. Сузиб, кунига 2-4 маҳал бир ош қошиқдан ичиш керак.

— Далачой қайнатмасини ошқозон-ичак касалликларини даволашда ҳам ишлатиш мумкин. Майдаланган ўсимликнинг 1 ош қошиғига 1 стакан қайнаган сув қуйиб, 15 дақиқа паст оловда қайнатилади. Сузиб олингач, кунига уч маҳал чорак стакандан ичилади.

— Далачойнинг ёғи ҳам фойдали. Ёғ тайёрлаш учун 1 ҳисса далачой 2 ҳисса зайтун (бодом ёки шафтоли) ёғига солиниб, 3 ҳафта тиндирилади. Сузиб, куйган жойлар ёки яраларни (масалан, трофик яраларни) даволаш учун компресс сифатида ишлатса бўлади.

— Ичкиликбозликни даволаш учун 2 ош қошиқ қуритилган далачойни 250 мл қайнаган сувга солиб, 20-30 дақиқага сув ҳаммомига қўйилади. Сузиб, нонушта ва тушки овқатдан олдин 2 ош қошиқдан ичилади. Муолажа муддати – 2 ҳафта.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!