TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Жиғилдон нега қайнайди?

Статистик маълумотларга қараганда жиғилдон қайнаши катта ёшли ахолининг 40 фоизидан ортиғида учрайди. Етакчи олмон гастроэнтеролог олими А. Симон “ХХI асрда қандли диабет билан бир каторда жиғилдон қайнаши ҳам кенг тарқалади. Шундай экан, бу дардни тўлиқ ўрганиш, даволаш усулларини такомиллаштириш лозим”, деган эди.

Жиғилдон кайнаши тиббиётда гастроэзофагеал рефлюкс касаллиги деб аталади. Унинг келиб чиқиш сабабларига тўхталишдан олдин қизилўнгачнинг меъдага ўтиш қисми – кардиал сфинктер ҳакида сўз юритсак. Ушбу муҳим анатомик қурилма овқат луқмасининг қизилўнгачдан меъдага ўтишини ва аксинча, меъда ширасининг қизилўнгачга қуйилмаслигини таъминлайди. Меъда шираси аралашган овқат қизилўнгачга чиқиб, унинг шиллиқ қаватига таъсир этиши натижасида жиғилдон қайнаши келиб чиқади. Кардиал сфинктер фаолиятининг бузилишига сабаблар бир талай, жумладан:

– тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш;

– газланган маъданли ва ширин ичимликлар ичиш;

– аччиқ ва шўр, иссиқ ва совуқ, нордон, ёғли, ўта қовурилган таомлар ейиш;

– зираворлар: ялпиз, зира, хантал, мурч, сирка, зирк синагариларни кўп ишлатиш;

– лимон, апельсин, мандарин грейпфурут каби цитрус меваларни кўп истеъмол қилиш;

– айрим дорилар жумладан, нитратлар (узоқ муддат қабул қилинса), таркибида ацетилсалицил кислота тутган дори препаратлар;

– ортиқча вазн.

Гастроэзофагеал рефлюкс касаллигида – вақти-вақти билан тўш ости соҳаси ёки орқасида ачишиш, кекириш, баъзан нордон суюқликнинг кекириш билан оғиз бўшлиғига қайтиб келиши, тунда сўлак оқиши кузатилади. Айрим ҳолларда эса санаб ўтилган белгилар яққол даражада ва тез-тез такрорланади. Кўпчилик жиддий эътибор бермайдиган жиғилдон қайнаши жиддий касалликлар – пептик эзофагит, диафрагманинг қизилўнгач тирқиши чурраси, Баретт қизилўнгачи яъни, саратон олди ҳолати белгилари бўлиши мумкин.

Жиғилдон қайнайдиган кишилар, аввало, турмуш тарзини соғломлаштириш яъни қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим:

– тамаки чекиш ва спиртли ичимликлардан мутлақо воз кечиш;

– тез-тез, оз-оздан овқатланиш;

– ёғли, қовурилган, дудланган таомлар, қаҳва, шоколад, асалдан тийилиш;

– кечқурун ётганда бош тарафини сал баландрок қилиш (битта ёстиқ ортиқча қўйиш);

– кечқурун овкатни уйқуга ётишдан 3 соат олдин ейиш;

– аралаш-қуралаш овқатланиш, жуда тўйиб кетишдан сақланиш;

– овқатланиб бўлгандан сўнг 1,5-2 соатгача ётмаслик, ёнбошлаб олмаслик ёки пастга эгилмаслик, пастга эгилиш билан бажариладиган машқларни қилмаслик;

– зарур бўлса озиш;

– қисиб турадиган кийим қиймаслик, тасма тақмаслик.

Жиғилдон қайнаганда хом нўхат чайнаш, картошка ва сабзи сувлари ичиш ёрдам беради, лекин ичимлик содасидан фойдаланманг.

2007 йили Швейцариянинг Гштад шаҳрида бўлиб ўтган гастроэнтерологларнинг халқаро анжумани тавсиясига кўра, гастроэзофагеал рефлюкс касаллигида қуйидаги дорилардан бирини 3-5 кун давомида қабул қилиш мумкин (улар дорихоналарда рецептсиз сотилади): маалокс, фосфалюгел, алмацид гел, малудрокс, релцер, филмацид. Дори кунига уч маҳал, овқатланишдан 1-1,5 соат кейин 1 ош қошиқдан (катталар учун) ва лозим бўлса уйқуга ётишдан олдин ичилади. Агар дорилар суспензия (суюқ) шаклида бўлса, ичишдан олдин обдон чайқатилади, ҳаб дори шаклида бўлса сўрилади.

Ҳар қайси дорини ичишдан олдин йўриқномасини яхшилаб ўқиб чиқинг!!! Жиғилдон қайнаши дори ичгандан кейин ҳам ўтиб кетмаса, шифоркорга мурожаат этинг. Мабодо иштаҳасизлик, камқонлик, нафас олишнинг қийинлашиши, тана вазнининг кескин камайиши, овкатнинг қизилўнгачдан ўтишида қийинчилик ва тизилиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, қусуқда кон бўлса вақтни ўтказмай шифокор қабулига шошилинг.

Мубашшир Қосимов, гастроэнтеролог

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!