TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЖССТ: «Ҳар уч аёлдан бири – зўравонлик қурбони»

Дунёдаги аёлларнинг 35,6 фоизи жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келади ва бу одатда уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан амалга оширилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси ана шундай.

Ташкилот томонидан тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, аёлларнинг 30 фоизи ўз турмуш ўртоқлари томонидан зўравонликка учрайди. Бундан ташқари, аёллар ўлимининг анчагина қисми (38 фоизи)да турмуш ўртоқлик вазифасини бажарган эркакларнинг қўли бор.

«Бу хулосалар зўравонлик ҳолатлари соғлиқни сақлашнинг дунё миқёсидаги муаммоси эканини, эпидемия кўламини касб этганини кўрсатади, – деди ЖССТ бош директори Маргарет Чен. – Шунингдек, биз соғлиқни сақлаш тизимлари зўравонликка учраётган аёлларга кўпроқ ёрдам бера олиши мумкинлиги ва бериши кераклигини ҳам кўриб турибмиз».

Аёлларга нисбатан жисмоний ёки жинсий зўравонлик бўйича энг юқори кўрсаткич Африкада қайд этилди – 45,6 фоиз. Европанинг паст ва ўртача ҳаёт даражасига эга мамлакатларида бу кўрсаткич 27,2 фоизга тенг. Бироқ бу ривожланган мамлакатлар аёллар учун хавфсиз дегани эмас: мазкур давлатларда хотин-қизларнинг 32,7 фоизи ҳаётининг бирор палласида зўравонликка учрагани аниқланди.

Зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизи жароҳат ва шикаст олади, айрим ҳолатларда шифокорга мурожаат этишига тўғри келади. ЖССТ ҳисоботида таъкиланишича, бу уйдаги зўравонликни қайд этиш ва аёлга ёрдам таклиф қилиш учун илк имкониятдир.

Зўравонликлар аёл саломатлиги учун жиддий асоратларни келтириб чиқаради. Баъзи аёллар синиқлар билан касалхонага тушади, баъзиларида эса ҳомиладорлик пайтида муаммолар пайдо бўлади, айримларида руҳий хасталиклар ривожланади.

«Биз илк бор бутун дунёдан маълумотлар тўплаб, турмуш ўртоқлар ва бегона эркаклар томонидан содир этиладиган зўравонлик ҳолатларини солиштириб кўрдик, шунингдек, зўравонликларнинг саломатликка таъсирини ўргандик, – дейди ЖССТнинг гендер ва репродуктив ҳуқуқлар бўйича етакчи мутахассиси Клаудия Гарсия-Морено. – Тадқиқот асносида ОИВ ва жинсий йўл билан юқадиган бошқа касалликлар, аёллар алкоголизми, депрессия, исталмаган ҳомиладорлик каби омилларни эътиборга олдик. Дунёнинг турли ҳудудларида аёлларга нисбатан зўравонлик кўламлари орасида тафовут бор, лекин барча ҳудудларда бу кўламлар жуда юқори».

Саксон бир давлатда ўтказилган ЖССТ тадқиқотида ривожланган мамлакатлардаги аёлларнинг 23,2 фоизи турмуш ўртоқлари томонидан зўравонликка учраши маълум бўлди. Шунингдек, бой ўлкалардаги аёлларнинг 12,6 фоизи бегона эркаклар томонидан жинсий зўрланади, Африкада эса бу борадаги кўрсаткич камроқ – 11,9 фоиз.

Ҳисобот муаллифларининг айтишича, аввалги тадқиқотлар ўқимишли ва ишлайдиган аёлларнинг зўравонликдан камроқ азият чекишини кўрсатган. Бироқ бу барча ҳудудлар учун бирдек хос эмас.

«Ижтимоий меъёрлар устида ишлаш керак, – дея фикр билдиради Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби профессори, эпидемиолог Шарлотта Уоттс. – Жамиятнинг аёлларга нисбатан айрим зўравонлик кўринишларига нисбатан позицияси қандай? Баъзи давлатларда – салбий, лекин ҳамма жойда ҳам эмас».

ЖССТ ҳисоботида уйдаги ва жинсий зўравонликларни аниқлаш бўйича тиббиёт ходимларига клиник ҳамда ташкилий тавсиялар берилган. Бироқ муаллифлар ҳар бир аёл билан сўров ўтказиш тарафдори эмас, улар клиникага келган ҳар бир аёлдан зўравонликка учраб-учрамаслиги сўралишига қарши.

«Агар аёл бир неча бор жароҳатлар билан келса ва буларнинг сабаблари ҳақида оғиз очмаётган бўлса, ундан зўравонлик ҳақида сўраб кўриш керак, – дейди Гарсия-Морено. – Тиббиёт факультетида ўқиганимда, бизга бу нарсаларни ўргатишмаган, бу ҳақда билмаганмиз. Баъзан қабулимга келган аёл билан боғлиқ қандайдир муаммо борлигини ҳис қилардим, аммо бунинг сабаби уйдаги зўравонлик эканинин англамаганман. Энди эса консультацияларга бошқача ёндашяпман».

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!