TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Кўзи ожизлик тўсиқ эмас!

Кўзи ожиз бўлишига қарамай, бу одамлар умидсизликка тушишмади, бор кучларини ишга солиб, истеъдодларини юзага чиқаришга ҳаракат қилишди. Улар уддалган ишлар унча-мунча кўзи очиқ одамнинг қўлидан келмайди.

Марле Ранян 9 ёшида Штатгард хасталиги туфайли ёруғ дунёни кўриш бахтидан айрилди. Аммо у интилишдан тўхтамади. 1987 йилда Сан Диего давлат университетига ўқишга кирди ва спорт мусобақаларида қатнаша бошлади. У ўзининг илк олтин медалини 1992 йили бўлиб ўтган Ёзги Паралимпия ўйинларида қўлга киритган. Марле 1999 йилдан эътиборан соғлом спортчилар учун мўлжалланган югуриш мусобақаларида қатнаша бошлади. 2000 йилги Сидней олимпиадасида 1500 метр масофага югуриш мусобақасида саккизинчи ўринни эгаллади, америкаликлар орасида  бундай кўрсаткичга ҳали ҳеч ким эришмаган эди. У 2002 йили АҚШда ўтказилган 5 ва 10 минг метрга югуриш мусобақаларида ғолибликни қўлга киритди.

Бразилиялик Дерек Рабело туғма глаукома билан дунёга келган. Хасталик севимли машғулоти – сёрфинг билан шуғулланишига халақит қилмади. «Яратганнинг ёрдами билан ҳамма нарсани уддаласа бўлади», – дейди 20 ёшли спортчи.

Жон Брамблитт кўриш имкониятидан 2001 йили, 30 ёшидан мосуво бўлган. Бу тутқаноқнинг асорати туфайли содир бўлди. Аввалига Жон умидсизликка ва чуқур депрессияга тушиб қолди, кейин эса ўзи учун эрмак топди – расм чизиш. У рангларни бармоқлари ёрдамида ажрата олади. Жон Брамблитт чизган расмлар дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатларида сотилган.

2011 йилнинг 29 январида Марк Энтони Риккобоно Ford Escapeнинг рулини бошқарган кўйи Дайтондаги халқаро пойга трекини айланиб чиқди. Бунинг ғайриоддий томони йўқ, фақат бир жиҳатни ҳисобга олмаганда – Маркнинг кўзлари ожиз. Машина ҳайдашга иккита технология ёрдам берди: «DriveGrip» қўлқопи қай даражада бурилиш кераклиги ҳақида қўлга вибрация жўнатади; «SpeedStrip» – ҳайдовчининг орқаси ва оёғидаги ёстиқ, тезликни белгилайди.

Ошпазлар таъм ва ҳид билиш сезгисига катта эътибор беришади, айниқса, ўтган йилги «MasterChef» телешоуси ғолибаси Кристина Ха каби кўзлари ожиз бўлса  2004 йилда шифокорлар унга кўрув нерви нейромиелити ташхисини қўйишди, аста-секин кўзлари хиралаша бошлаган Кристина 2007 йилда умуман кўрмай қолди. Шунга қарамай, у «MasterChef» телешоусида ғалаба ва 250 минг долларни қўлга киритди.

Пит Эккерт Йель университетида меъморчиликни ўрганмоқчи эди. Лекин ретинит аталмиш хасталик туфайли кўзи ожизга айланди. Қизиғи, ана шундан кейин Пит фотографияни янада кўпроқ яхши кўриб қолди. У яратмоқчи бўлган образини хаёлан тасаввур қилади, эшитиш ва тегиниш сезгиси, хотирасига таянган ҳолда расмлар олади.

Кристофер Дауни – меъмор ва консультант, 2008 йилда ўсма боис кўриш имкониятидан айрилган. Кўзи ожиз одам қандай қилиб меъмор сифатида ишлаши мумкин? Гап шундаки, у ҳамкорлик қиладиган олим компьютер технологиялари соҳасига ихтисослашган бўлиб, онлайн хариталарни тактиль принтер ёрдамида чиқариш услубини ўйлаб топган. Айни пайтда Кристофер Дауни шаҳарларда кўзи ожиз инсонлар учун қулайроқ муҳит яратиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.

Аброр тайёрлади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!