TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЛИМОНЎТ

«Лимонўт оғизни хушбўй қилади, ҳидланишини кетказади. Юрак ўйнашини йўқотади. Ҳазмга ёрдам беради ва ҳиқичоқда фойда қилади».

Абу Али ибн Сино

Маълумотларга қўраганда лимонўтнинг табобатда ишлатила бошланганига 2000 йилдан ошган. Бу гиёҳни илк бор қадимги юнон файласуфи Теофраст таърифлаб берган.

Лимонўт (русчада – мелисса) лабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, бўйи 60 сантиметрга етади. Пояси ва барглари тукли. Кўримсиз майда гуллари бир оз пушти, бинафша ёки оқ тусда бўлиб, улар тўпгулни ташкил этади. Барглари тухумсимон, эфир мойли ялтироқ безчалар билан қопланган. Ўсимлик меваси тўрт уруғли ёнғоқчадан иборат. Лимонўт июль-августда гуллайди, меваси июль-сентябрда етилади. Тиббиётда лимонўтнинг ер устки қисми ишлатилади.

Ушбу гиёҳ таркибида эфир мойлари, С витамини, флавоноидлар, лимон ва қаҳрабо кислоталари, минерал тузлар, А провитамини ва бошқа моддалар бор.

Лимонўтдан тайёрланган дорилар седатив (тинчлантирувчи), антидепрессив, спазмолитик, иммунитетни қўллаб-қувватловчи, антиаллергик ва антимикроб хусусиятларга эга.

Лимонўт препаратлари қуйидаги хасталикларда тавсия этилади: невроз, нейроциркулятордистония, артериальгипертензиянинг енгил тури, юрак ишемик касаллигининг енгил турлари, тахиаритмия, ўткир ва сурункали ошқозон-ичак касалликлари, дискинезия, дисбактериоз, ферментопатия, метеоризм; нафас аъзоларининг ўткир ва сурункали касалликлари, экзема, дерматит, ҳайзциклининг бузилиши, климактерикбузилишлар, ҳомиладорлик токсикози, иммунитетнинг сусайиши.

Болалар, айниқса, мактаб ёшигача бўлган кичкинтойларга қўллаш мумкин бўлган гиёҳлар сони жуда кам. Шулардан бири лимонўтдир. Ундан болаларда учрайдиган невроз, артериаль гипертензия, ревматизм, юрак нуқсони, сурункали гастрит, холецестит, пиелонефрит, қандли диабет ва семизликни даволашда фойдаланилади.

Метеоризм, яъни қорин дам бўлганда лимонўт оғриқ қолдирувчи восита вазифасини ўтайди. Шунингдек, у мигрень, уйқусизлик, ҳайзнинг оғриқли келиши, тери тошмаларида тавсия этилади. Чипқонни даволаш учун лимонўтдан компресс қилинади, милклар яллиғланганида эса қайнатмаси билан оғиз чайилади.

Абу Али ибн Сино лимонўтни юрак ишини яхшилаш учун, иштаҳа уйғотувчи ҳамда овқат ҳазм бўлишини тезлаштирувчи омил сифатида тавсия этган. Шарқ халқлари табобатида лимонўт асабни тинчлантирувчи, камқонликда дармон бағишловчи манба сифатида фойдаланилади.

Лимонўтнинг бундай номланиши бежизга эмас, ундан ёқимли лимон ҳиди келиб туради. Янги ёки қуритилган лимонўт барглари кўпгина таомларга қўшилади. Шунингдек, уй шароитида помидор ва бодрингдан консерва тайёрлашда ҳам лимонўтдан фойдаланиш мумкин.

ДИҚҚАТ! Лимонўтни артериаль гипотензияда ишлатиш тавсия этилмайди. Ўсимлик кучсиз токсик таъсирга эга.

Лимонўтли муолажалар

— Ҳайз цикли бузилганда 15 г лимонўт 1 стакан қайноқ сувга солинади ва 1 соат дамлаб қўйилади (бирор нарсага ўраган ҳолда). Сузиб, кунига 3-4 маҳал ичилади.

— Ошқозон ва ичаклардаги оғриқни даволаш учун 4 ош қошиқ лимонўт устига 1 стакан қайнаган сув қу­йилади ва термосда 4 соат дамланади. Кунига 4-5 маҳал овқатланишдан олдин 1 ош қошиқдан ичилади.

— Қорин дам бўлганда лимонўт дамлаб ичилса, 5-10 дақиқадан ке­йин натижаси билинади. Шунингдек, бундай дамлама ҳиқичоқни ҳам тўхтатади.

— Чипқон (компресс учун) ва милклар яллиғланганда (оғизни чайқаш учун): 2 ош қошиқ лимонўт майдалаб, устидан 2 стакан қайноқ сув қуйилади ва 1 соат дамлаб қўйилади. Сўнг сузиб олинади.

— Камқонликда, юрак касалликларида тинчлантирувчи восита сифатида: 1 ош қошиқ майдаланган лимонўт устидан 2,5 стакан қайнаган сув қуйилади ва ўраган ҳолда ярим соат дамланади. Сузиб, кунига 3-4 маҳал ярим стакандан ичилади.

— Бош оғриғи ва мигренда 4 чой қошиқ майдаланган лимонўт 1 стакан қайноқ сувда 1 соат дамланади. Сузиб, кунига 3 маҳал, овқатланишдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади. Аритмия, гипертония, атеросклероз ва юрак ишемик касаллигида ҳам худди шу усулни қўлласа бўлади.

'ЛИМОНЎТ' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3097">

    12.04.2018 @ 17:38

    Қизилмия ҳақида мақола борми

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!