TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ОЗОРИ ЖОН – ДАРДИ ХАФАҚОН

Сир эмас, ҳозирги кунга келиб дунёда ҳар бешинчи одам хафақон, яъни қон босими кўтарилиш дардидан азият чекиб келмоқда. Қуйида шу муаммо хусусида қисқача маълумотлар келтирмоқдамиз:
Қандай қон босими меъёрий даражада  ҳисобланади?
Катта ёшдаги соғлом одамнинг артериал қон босими ўртача 100-120/70-80 мм. симоб устунига тенг бўлиши меъёрий ҳолатдир . Агар босим 130-140/80-90 гача кўтарилса ҳам у «меъёрий даражада» кўтарилган ҳисобланади.
Артериал қон босимининг кўтарилиши киши индивидиуал (шахсий) хусусиятларига, турмуш тарзига ва касбига боғлиқ. Ёш ўтган сари у баландлашиб боради. Жисмоний  ва руҳий зўриқиш таъсирида ҳам қон босими ошади.
Аммо мунтазам равишда оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи кишилар ва спортчиларда артериал босим 100-90/60-50гача тушиши ҳам мумкин.
Шифокор қайси маълумот ва кўрсаткичларга асосланиб гипертония, яъни хафақон дарди ташҳисини қўяди?
Артериал гипертония ташҳиси, шифокор қабулида беморнинг босими икки ёки ундан ортиқ маротаба 140/90 дан ортиқ кўтарилганда қўйилади.
Гипертония турлича бўлиши ростми?
Артериал гипертониянинг  бирламчи, яъни юрак қон-томир тизимига боғлиқ тури кўп учрайди. Артериал гипертония билан оғриган беморларнинг 3/4 қисмида касалликнинг айнан шу шакли  кузатилади. Иккиламчи гипертония эса буйрак касалликларида, эндокрин тизимнинг бузилишларида ва бошқа хасталикларнинг аломати сифатида юзага чиқади.
Гипертониянинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Хасталикнинг юқори босимдан ташқари бошқа белгилари ҳам борми? У қандай кечади?
Гипертония келиб чиқиш сабабларининг барчаси  аниқланган деб бўлмайди. Мутахассисларнинг кўпчилиги бу касаллик турли омиллар таъсирида ривожланишини таъкидлаганлар.
Бу омилларнинг асосийлари қуйидагилар:
·        ирсий мойиллик;
·        узоқ давом этган асаб-руҳий зўриқиш;
·        меъёридан ортиқ ош тузи истеъмол қилиш;
·        ортиқча вазндор бўлиш, яъни семириш.
Касаллик аломатлари:
Касаллик аста-секинлик билан авж олади. Дастлаб вақти-вақти билан бош оғрийди, юрак тез-тез уриши, ҳолсизланиш, қулоқда шовқин ёки битиши, артериал босимнинг кўтарилиб-тушиши каби ҳолатлар кузатилади. Кейин баъзида қўл-оёқ бармоқлари увушади, уйқу бузилиши, кўзлар олдида учқунлар кўринади, тез чарчаш аломатлари вужудга келади. Артериал босим мунтазам равишда кўтарилса,  қон-томирларда склеротик ўзгаришлар, яъни пилакчалар пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча йилларгача давом этиши мумкин.
Артериал  гипертониянинг учта даражаси фарқланиб:
Биринчи даражада қон босими: 140-159/90-90.
Иккинчи даражада қон босими: 160-179/100-109.
Учинчи даражада қон босими: 180/110 мм. симоб устунига тенг бўлади.
Иккиламчи артериал гипертония бирон-бир касалликнинг асорати ҳисобланиб, биринчи навбатда асосий касалликни даволаш керак. Иккиламчи артериал гипертониянинг бир неча шакли бор:
·     Буйракларга хос гипертония: буйракларга қон етарли миқдорда келмаса, буйрак артериясининг қисқариши натижасида вужудга келади. Бунда буйракларда артериал босимни кўтарадиган моддалар синтези кузатилади.
·     Эндокрин тизимга хос иккиламчи хафақон  қатор ички секретор безлар касалликлари натижасида ривожланади.
·     Гемодинамик, яъни механик гипертония шоҳ томир(аорта)нинг   қисқариши натижасида вужудга келади.
·     Нейроген: бош мия шишларида, инсулт, шикастланишларда ва калла суяги ичидаги босим кўтарилиши натижасида ривожланади.
·     Доривор воситаларга боғлиқ гипертония: оғиз орқали ичиладиган контрацептивлар, яллиғланишга қарши нестероидли воситалар, эндокрин ва асаб тизимини стимулловчи баъзи моддаларни қабул қилиш натижасида юзага келади.
 
Қандай омиллар гипертония ривожланиш хавфини туғдиради?
Бу омиллар қуйидагилардан иборат:
·     Ирсият. Агар онага артериал гипертония ташҳиси қўйилган бўлса, унинг фарзандларида ҳам касалликнинг ривожланиш хавфи бор. Айниқса, оилада икки ёки ундан ортиқ қариндошларнинг бу хасталик билан оғриганлиги мойиллик хавфини янада орттиради.
·     Ёши. Эркакларда артериал гипертония 35-50 ёшларда, аёлларда климаксдан кейин юзага келиши мумкин. Киши ёши улғайган сари артериал босим ҳам кўтарилади.
·     Зиқлик (стресс) ва руҳий зўриқиш. Зиқлик гормони бўлмиш адреналин юракни тез уришга мажбурлаб, кўп қон ҳайдайди. Натижада артериал босим кўтарилади. Узоқ давом этадиган зиқлик ҳолатида   артериал босимнинг кўтарилиши сурункали тусга айланади.
·     Алкогол ичимликларни истеъмол қилиш артериал босимни кескин кўтаради .
·     Атеросклероз. Ортиқча холестерин туфайли қон томирлар ичида пилакчалар пайдо бўлиб, босим кўтарилишига сабаб бўлади.
Диққат! Артериал гипертония ўз навбатида атеросклерознинг ривожланишига олиб келади, яъни бу икки касаллик бир-бирлари учун ўта хавфли омиллар сирасига кирадиган шерик дардлар ҳисобланади.
·          Кашандалик. Тамаки тутуни қон таркибига кириб қон-томирлар торайишини келтириб чиқаради. Никотин оғуси артериялар деворларини шикастлаб, атеросклеротик пилакчаларни кўпайтиради.
·          Ортиқча натрий. Замондошларимизнинг аксарияти  ош тузини меъёридан ортиқ истеъмол қилишга одатланишганликлари ҳам хатарли омиллар сирасига киради.
·          Гиподинамия. Кам ҳаракатланувчи одамлар гипертонияга чалиниш хавфи спорт ва жисмоний меҳнат билан фаол шуғулланувчи кишиларга қараганда 1,5 баробар ошиқ. Машқ қилмаган юрак зўриқишни кўтара олмайди, моддалар алмашинуви секинлашади. Бундан ташқари жисмоний фаоллик зиқлик билан курашишга ёрдам беради, гипертония эса организмнинг асаб тизимини бўшаштиради.
·          Семириш. Ортиқча вазнли одамларда артериал босим юқори бўлади. Тадқиқотларга қараганда ортиқча вазннинг ҳар бир килограмми артериал босимни  2 бирлик даражасида  кўтарилишига сабаб бўлади.
Диққат! Агар сиз ушбу мойил  гуруҳга икки кўрсаткич бўйича мансуб бўлсангиз, демак гипертонияга чалинишингиз хавфи бор. Шунинг учун касалликнинг олдини олишга  барвақтроқ, жиддий ҳаракат қилишингиз керак.
Гипертониянинг олдини олиш усуллари борми?
          Гипертониянинг олдини олиш турли хавфли омилларини йўқотишга қаратилган.
Қуйидагилар қатъий ман этилади:
·        Алкогол ичимликлар истеъмолига одатланиш (айниқса, дориларни бирга ичиш);
·        кечаси билан ишлаш;
·        бир кеча-кундуз давомида 7 соатдан кам ухлаш;
·        ўзингизда «қўшнига ёрдам берган» дориларни синаб кўриш.
 Қатъий зарур:
·        чекишни ташлаш;
·        тузни истеъмол қилишни чеклаш (овқатларга зиравор кўкатларни қўшиш);
·        кўпроқ мевалар, кўкатлар, калийга бой маҳсулотлар (ўрик қоқи, пиёз) истеъмол қилиш, оқсилларга бой овқатларни чеклаш;
·        овқатланиш тартибига риоя қилиш (айниқса шу пайтларда дори ичиш белгиланган бўлса)
·        ортиқча вазндан халос бўлиш;
·        турмуш икир-чикирлари, нохушликларига ортиқча асабийлик билан ёндошмаслик;
·        кўп харакат қилиш, айниқса, пиёда юриш ва сузиш фойдали;
·        мунтазам равишда артериал босимни ўлчатиб юришга одатланиш;
·        шифокорнинг ҳамма тавсияларига риоя қилиш.
Гипертония касаллигида қандай овқатланиш зарур?
Артериал гипертензияга чалинган беморлар 10 рақамли парҳез дастурхонига мувофиқ овқатланишлари керак.
Овқатланиш тартиби: гўштнинг ёғсиз турлари, сувда пиширилган балиқ, селд балиғи (ҳафтада 1 – 2 марта) сут ва сутли маҳсулотлар, ёғсиз творог ва пишлоқлар, маржумак, буғдой, сули ёрмасига тўйинган бўтқа, сабзавотли, ловияли, ёрмали, сутли шўрвалар, ёғсиз сутли шўрва (ҳафтада 1 -2-марта), бир кунга 4 -5 бўлак оқ ва қора нон, сабзавотлар, ловияли винегрет ва салатлар, кўриниши яхлит ва тузланган карам, бодринг (ўсимлик ёғи қўшиб), помидорлар, ошқовоқ, картошка, нўхат, ловия, мош ҳамда калий ва магнийга бой маҳсулотлар (ўрик қоқи, пиёз, олхўри) таомнома таркибидан ўрин олган бўлиши лозим.
 
Наима Насриддинова.
Тошкент Тиббиёт академияси кафедра мудири,
Тиббиёт фанлари доктори, профессор

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!