TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Саломатлик” поезди Қорақалпоғистонга жўнади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди навбатдаги “Саломатлик” поездини Қорақалпоғистонга жўнатди.

Поезд таркибидаги малакали шифокорлар, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда фонднинг ҳудудий бўлимидаги тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатади. Шу муносабат билан Оролбўйида 30 сентябрга қадар саломатлик кунлари ташкил этилади. Унда тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтожларни кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш ишлари олиб борилади. Поездда тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этиш, замонавий тиббий-диагностика воситалари ёрдамида касалликка аниқ ташхис қўйиш, хасталикни эрта босқичларда аниқлаш ва соғломлаштириш имконияти мавжуд.

Тадбир давомида никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, саломатликни асрашга муносабат, эрта ва қариндошлар никоҳининг салбий томонлари, келажак насллар саломатлигига эътибор мавзуларида суҳбатлар, учрашувлар, тадбирлар ўтказилади.

“Саломатлик» поезди таркибидаги мурувват юклари “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Baxtteks-Farm”, “DiyorBiznes” масъулияти чекланган жамиятлари, бир қатор халқаро ташкилотлар маҳсулотлари асосида шакллантирилган.

Акция давомида ҳудуддаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, даволаш-профилактика муассасалари, туғруқ комплекслари, имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларига тиббий анжомлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа жиҳозлар бериш режалаштирилган, дея хабар беради ЎзА.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!