TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

СОВУҚДАН ҚЎРҚМАЙДИГАНЛАР – МОРЖЛАР

Айни қаҳратон қишда анҳорда чўмилаётган одамни кўрсангиз, этингиз жунжикади, лекин шу заҳоти бир фикр хаёлингизга келиши аниқ: «Қойил, соғлиги жойида экан».

Қиш пайтида очиқ сув ҳавзаларида сузиш билан шуғулланадиган одамлар бизда «моржлар», Америкада эса «оқ айиқлар», Финляндияда «қундузлар» ёки «тюленлар» деб аталади. Қизиқ, атрофда ҳамма совқотмаслик учун етти қават кийиниб олган бир маҳалда бу одамлар нега сувга шўнғишади?..

Қишки сузиш, моржлик қиш фаслида очиқ сув ҳавзасида сузишдир. Бу пайтда сув музлаб қолмаган бўлса, +15 дан +4 даражагача бўлади. Сув ҳавзаси музлаган бўлса, демак, сувнинг ҳарорати анча совуқ, яъни +4 дан −2 гача. Одатда чучук сувли ҳавзада ҳарорат 0 дан +4 гача бўлади.

Сувга тушишдан олдин айрим қоидаларни эсдан чиқармаслик керак:

— мушакларни қиздириш;

— ҳаммомдан чиқибоқ совуқ сувга тушмаслик, яъни тана совушига имкон беришлик, бунинг учун ҳаммом билан сув ҳавзасининг ўртаси 20-40 метр бўлса, кифоя;

— биринчи марта совуқ сувга тушганда атиги бир неча сония бўлиш (илк шўнғишларда нафас олиш бузилиши мумкин, лекин бу ўтиб кетади);

— сузишдан кейин иссиқроқ кийиниш.

Сувда қанча вақт сузиш, ҳаммомдан фойланиш ёки фойдаланмаслик ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Яъни одам ўз организмига қулоқ солиши керак. Қизиғи, мутахассисларнинг айтишича, моржликка одам ўрганиб қолиши, совуқ сувда чўмилмаса туролмайдиган бўлиб қолиши мумкин экан.

Кузатувларда моржликнинг фойдаси зараридан кўпроқ эканлиги аниқланган. Бунда танадаги қон айланиши яхшиланади, елкалар ва бўғимлардаги оғриқлар енгиллашади, депрессив ҳолат, уйқусизлик симптомлари камаяди. Қишки сузиш ревматизм ва фибромиалгияга чалинган беморларга ёрдам беради. Моржларнинг таъкидлашича, муздек сувда чўмилиш одамни тетиклаштириб, совуққа чидамли қилади.

Шу билан бирга, ушбу машғулотнинг саломатлик учун хатари борлигини ҳам унутмаслик керак. Моржликка қизиққан одам, энг яхшиси, шифокор билан маслаҳатлашсин. Айтайлик, ҳаммомдан чиқиб, совуқ сувга тушиш юрак ва қон айланиш тизими касалликлари, астманинг оғир турига чалинган беморларга мумкин эмас. Чунки танинг бирданига совиши юракни зўриқтириб, нафас йўллари сиқилишига олиб келади. Шунингдек, қон босими ошиб, пульс тезалашади. Одам совуқ сувда оз вақт бўлса-да, аммо ана шу муддатда тана анчагина иссиқликдан маҳрум бўлади, бу эса ҳаддан ташқари совишга олиб келиши мумкин. Шамоллашнинг олдини олиш учун сузишдан кейин иссиқроқ кийиниш керак. Айтиш керакки, қишки сузишнинг инсон саломатлигига таъсири нисбатан кам ўрганилган.

Тақиқлар

Қуйидаги касалликларда қишки сузиш билан шуғулланиш мумкин эмас:

— бурун-ҳалқумнинг яллиғланишлари, отит;

— юрак-қон томир касалликлари (юрак клапанларининг туғма ва орттирилган нуқсонлари, стенокардия хуружи билан кечадиган юрак ишемик касаллиги, бошдан ўтказилган миокард инфаркти, иккинчи ва учинчи даражадаги гипертония);

— марказий нерв тизими касалликлари (эпилепсия, оғир калла суяги жароҳатлари асоратлари, бош мия томирлари склерози, сирингомиелия; энцефалит, арахноидит);

— периферик нерв тизими касалликлари (неврит, полиневрит);

— эндокрин тизими хасталиклари (қандли диабет, тиреотоксикоз);

— кўз касалликлари (глаукома, конъюнктивит);

— ўпка сили ва яллиғланиши, бронхиал астма, эмфизема;

— нефрит, цистит, простата бези яллиғланиши;

— ошқозон яраси энтероколит, холецистит, гепатит;

— таносил касалликлари.

Бундан ташқари, соғ одамларда ҳам қишки сузиш натижасида айрим кўнгилсиз ҳолатлар кузатилиши мумкин (масалан, бош айланиши ва қулоқ шанғиллаши, тож томирлар спазми).

Қишки сузишга тайёргарликни ёзда бошлаган маъқул. Ҳар куни салқин душ қабул қилинг, очиқ сув ҳазваларида чўмилинг. Кунлар салқинлашган сари, сиз ҳам мослашиб бораверасиз.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!