TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Соч жилоси – саломатлик белгиси

Сочлар ҳам худди тирноқлар каби организмнинг саломатлигидан дарак бериб туради. Агар сочларингиз хира тортиб, табиий жозибасини йўқотаётган бўлса, у ҳолда соғлигингиз ҳақида жиддий қайғуришингизга тўғри келади. Тўғри овқатланиш, витамин ва минералларга бой таомлардан истеъмол қилиш, вақтида дам олиш ва очиқ ҳавода сайр қилиш организмнинг соғломлигини таъминлайди.

Танангиз турли касалликлардан азият чекмас экан, сочларингиз ҳам табиий жилосини йўқотмайди. Аммо сочлар доимий парваришга ҳам муҳтож. Парваришнинг биринчи шарти эса тозаликдир. Сочларни тозалашда қайси шампуньдан фойдаланишни билиш учун уларнинг қайси турга мансублигини аниқлаштириб олиш даркор. Хўш, сочингизни қайси турга мансублигини биласизми? Одатда сочларни уч турга бўлишади: қуруқ, ёғли ва мўътадил.

Агар сочларингиз ювганингиздан икки-уч кун ўтибоқ кирланиб қолса, демак, ёғли. Сочларингизни ҳафтасига икки марта ювиш етарли бўлса, улар мўътадил турга мансуб. Қуруқ сочлар эса ҳатто ўн кунгача «тоза» сақланиши мумкин. Аммо бундай сочларнинг ёмон тарафи шундаки, парваришсиз хира ва мўрт бўлиб қолади.

Хуллас, сочларингиз қайси турга мансуб бўлмасин, доим сизнинг парваришингизга муҳтож.

Асалари елими (прополис) эстракти

Бир чойқошиқ прополисни бир стакан сувда эритиб оласиз. Тайёр экстракт малҳам сифатида суриш ва ювиш учун сочга ишлатилади. Бу тадбир нафақат сочни мустаҳкамлайди, балки унинг тезроқ ўсишини ҳам таъминлайди.

Мойчечак ва асалли дамлама

30 г майдаланган қуруқ доривор мойчечак устидан 100 мл қайноқ сув қуйиб, сув ҳаммомида 15 дақиқа ушлаб туриш керак. Кейин 30-40 дақиқа давомида совитиб, сузгичдан ўтказиб, дамламага бир чой қошиқ асал қўшилади. Сочни ювиб, сочиққа салгина артилади. Кейин дамлама билан яхшилаб ҳўлланади. Дамлама билан чайилган сочлар бир соатдан сўнг иссиқ сув билан ювилади. Бу дамламадан қуруқ сочлар учун 10-12 кунда бир марта, ёғли сочлар учун эса 6-7 кунда бир маҳал фойдаланиш мумкин.

Асалли шампунь

Тўрт чой қошиқ майдаланган доривор мойчечакка бир стакан доғ сув қўшиб, 1-1,5 соат тиндириб қўйилади. Тайёр дамламага бир чой қошиқ асал қўшиб, яхшилаб аралаштирилади. Тозалаб ювилган ва унчалик қуритилмаган сочни тайёр шампунь билан ҳўллаб оласиз. Ярим соатдан сўнг сочлар совун ишлатилмасдан ювилади. Бу шампуньдан қуруқ сочлар учун 10-14 кунда бир маротаба, ёғли сочлар учун эса 6-7 кунда бир маҳал фойдаланилади. Асалли шампунь ҳам сочни мустаҳкамлаб, ўсиш жараёнини тезлаштиради.

Пиёз бўтқаси соч ўсишида кўмакчи

Тўрт ош қошиқ пиёзли бўтқага бир ош қошиқ асал қўшиб, сочларингизга сурасиз. 30 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташлайсиз. Бу ниқоб сочларингизни ўстиради.

Соч тўкилишида асалли ниқоб

Сочларни яхшилаб ювиб, 2-3 қошиқ асални соч илдизига сурилади. 30-60 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташланади. Сочларингизга бу ниқобни қилаётган пайтингизда, бир чой қошиқ асалнинг бир стакан қайнаган сувдаги эритмасини бир кунда уч маҳал ичиб туринг.

Қазғоққа қарши дамлама

Бир чой қошиқ қичитқи ўт ва бир стакан қайноқ сув аралаштирилади. 15 дақиқа тиндириб қўйилади. Сочлар яхшилаб ювилиб, дамлама билан ҳўлланади. Бу тадбир қазғоқни бартараф этади.

Айтганча, турли кимёвий моддалар қўшилган бўёқлар ҳам сочларингизга зарар бериши мумкин. Шунинг учун кўпроқ ўсимликлардан тайёрланган табиий бўёқлардан фойдаланганингиз маъқул. Улар сочингизга ва бош терингизга зарар бермайди, аксинча, сочлар илдизини мустаҳкамлаб, тез ўсишини таъминлайди. Хина, босма, пиёз ва ёнғоқ пўсти, мойчечак, чой, терак барглари сизга сочларингиз рангини ўзгартиришда ёрдам беради.

Агар сочларингизга қизғиш-малла ранг бермоқчи бўлсангиз қуйидаги рецепт сизга қўл келади: 3-4 ош қошиқ чойга бир стакан қайнаган сув қўшиб, 15-20 дақиқа паст оловда қайнатасиз. Қайнатмани совитиб, яхшилаб тозаланган, нам сочга сурасиз. 40 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташлайсиз.

Қизғиш-қўнғир, яъни каштан ранг ҳосил қилиш учун 150 г хинага бир стакан қатиқни аралаштирасиз. Қоришмани сочингизга суриб, полиэтилен пакет ва устидан сочиқ билан яхшилаб ўрайсиз. 30-60 дақиқадан сўнг сочни шампунь билан ювиш талаб этилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!