TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Тик ўсувчи ғозпанжа (Лапчатка прямостоячая)

Бўйи 15-50 см.га етадиган кўп йиллик ўт ўсимлик. Илдизпояси калта, йўғон ва кўп бошли бўлиб, ер остида горизонтал жойлашган. Пояси кўтарилувчи ёки тик ўсувчи, тукли, юқори қисми шохланган. Май ойидан бошлаб августгача гуллайди. Даво мақсадида ўсимликнинг ўти ва илдиз-пояси ишлатилади.

Ер устки қисми гуллаш вақтида, илдизпояси эса сентябр-октябрда, уруғи етилиш вақтида олинади. Ўти очиқ ҳавода юпқа қилиб ёзилиб қуритилади. Ўсимликнинг илдизпояси кузда (сентябр-октябр ойларида) ёки баҳорда (апрел-май) ковлаш олинади. Сўнгра майда илдизларини ва поясини қирқиб ташлаб, сув билан ювилади. Тупроқдан тозаланади ва очиқ ерда қуритилади.

Ўтни сақлаш муддати 2 йил, илдизпояники эса 5 йил.

Ўсимлик таркибида 15-30 фоиз ошловчи моддалар, флавоноидлар, эллаг кислота, аскорбин кислота, эфир мойи, органик ва ёғли кислоталар, смолалар, крахмал ва бошқа моддалар бор. Илдизпоясида крахмал ва оқсил кўп. Ўсимликнинг илдизпояси меъда-ичак касалликларида ишлатиладиган чой йиғмалар таркибига киради.

Буриштирувчи ва антисептик дори сифатида оғизнинг шиллиқ қаватлари яллиғланиши (стоматит, гингивит), тиш оғриғи ва ангинада оғиз чайиш учун ҳамда меъда-ичак касалликларини (энтерит, энтероколит, диспепсия) даволашда ишлатилади. Бундан ташқари, илдизпоя препаратлари чилла яра (экзема) ва бошқа тери касалликларини ҳам терининг куйган жойларини даволашда қўлланилади. Шунингдек, томир тортишишига қарши ва оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Сийдик, сафро ва меъда шираси ажралишини кучайтиради. Қабзиятнинг олдини олади.

Гинекологияда ўсимлик препаратлари бачадон оғриганда ва ҳайз касалликларида тавсия этилади. Ошқозон оғриғи, ичак санчиғи билан кечувчи ич кетишини бартараф этади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!