TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Тоза ҳаво – танга даво

Инсоният – ғалати мавжудот. Мусаффо табиат қўйнида ҳордиқ чиқарар экан, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олади-да, энди шаҳарга қайтиш вақти бўлди, дейди ва сафар халтасини олиб шаҳарга қайтади.

Бир вақтлар айтилган бу ҳазил бугун ҳақиқатга айланди. Жаҳондаги кўплаб шаҳарларнинг аҳолиси тоза ҳаводан кўра, ифлосланган ҳаводан нафас олишга ўрганиб қолишди. Энди “тоза ҳаводан бошимиз айланиб, уйқумиз келади, шу сабабли ҳам ўзимизни яхши хис қилиш мақсадида ўрганган жойимиз шаҳарга тезроқ қайтишни истаймиз”, дейишади шаҳарликлар ҳазил аралаш.

Яқинда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2012 йилга оид ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юзага келган касаликлар туфайли жаҳон бўйлаб 2012 йилда 7 миллионга яқин киши вафот этган. Бу бир йил аввалги рақамга нисбатан икки баробар кўп экани маълум қилинди. Ҳаво ифлослиги туфайли Европада бир йилда 19 минг киши ҳаёт билан видолашади. Бу борадаги хулосаларини “кўҳна қитьа”даги 12та мамлакат олимлари 3 йилик тадқиқотларидан сўнг эълон қилишди. Хитойда бир йилда 1,2 миллион киши ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вафот этар экан. Таҳлилчиларнинг айтишича, ҳавонинг ифлосланиши юрак-қон томири касалликлари, инсульт ва сурункали хасталикларни келтириб чиқарар экан. Шунингдек, ифлос ҳаво саратон касалигининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Бугунги кунда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш асосий муаммолардан бирига айланиб улгурди. Мутахассислар ўлим билан боғлиқ ҳар саккизта ҳодисадан биттаси ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқлигини айтишади. 2012 йилда кузатилган 7 миллион ўлимнинг 6 миллиони Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасига тўғри келган. Ҳавонинг ифлосланиши асосий вақтини ташқарига чиқмай диққинафас хонада ўтказган қариялар, аёллар ва болаларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатган. Чунки улар кўмир ва ўтин ёқилиши сабаб пайдо бўладиган тутундан азият чекишган. Кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, 2012 йилда 2,6 миллион киши атмосфера ҳавосининг ифлосланишидан, хонадаги дим ҳаводан юзага келган касаллик туфайли эса 3,3 милион киши вафот этган.

“Ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар сўнгги вақтларда кўплаб учрамоқда”, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг атроф-муҳит ва жамоатчилик саломатлиги бўйича департаменти директори Мария Нейра.

Ҳавонинг ифлосланишига асосан автотранспорт воситалари сабаб бўлмоқда. Агар ҳаво ифлосланишининг олди олинадиган бўлса, миллионлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имконияти пайдо бўларди, дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида. Таҳлилчиларнинг фикрича, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши оқибатида пайдо бўладиган касалликларнинг 40 фоизи юрак хасталиклари ҳиссасига, яна 40 фоизи эса инсультга, 11 фоизи сурункали хасталикларга, 6 фоизи саратонга, 3 фоизи эса болаларнинг нафас олиш органларида учрайдиган хасталиклар хиссасига тўғри келади.

Кўриниб турибдики, ифлос ҳаво жаҳондаги энг йирик экологик таҳдиддир. Олимлар халқаро ҳамжамият саратон хасталигининг кўпайиши билан боғлиқ таҳдидлар билан рўбарў келганини айтишмоқда. Маълумки, саратон хасталигига кўп ҳолларда асосан тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмоли, атроф-муҳитнинг ифлосланиши сабаб бўлади. Шифокорлар ҳар йили 14 миллион кишига саратон ташхисини қўйишади. Вазият шу даражада давом этадиган бўлса бу рақам 2025 йилга бориб бир йилда 19 миллионга, 2030 йилга бориб эса 22 миллионга, 2035 йилда эса 24 миллионга етиши башорат қилинмоқда.

Мутахассислар ҳавонинг ифлосланиши дейилганда, хона ичидаги ҳавонинг ифлосланиши ва атмосферага зиён етказувчи кимёвий, биологик маҳсулотларнинг атроф-мухитга чиқарилишини тушунишади. Уй печлари, автомобиллар, саноат корхоналари ва ўрмон ёнғинлари ҳавонинг ифлосланишидаги асосий омиллар ҳисобланади. Шу сабабли ҳам атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ муаммо инсоният тўқнаш келган глобал муамолардан бири сифатида тан олинган.

Масалан, хитойлик олимларнинг огоҳлантиришича, ҳавонинг ифлосланиши шу даражага етдики, бу “ядро қиши”ни эслатмоқда. Яъни бу жараён ўсимликларнинг фотосинтез жараёнини камайтирмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни камайтириши мумкин. Бундан ташқари, ҳавонинг ифлосланиши туфайли Хитой иқтисодиёти ҳам зарар кўрмоқда. Пойтахт аэропортидан самолётлар парвози тўхтаб қолмоқда, автомобил йўллари беркитилмоқда, шаҳар кўчаларига хорижлик сайёҳларнинг чиқиши камайиб бормоқда. Инсоният фаолияти оқибатида сўнгги 200 йилда атмосфера ҳавоси ифлосланиб бормоқда. Шунга қарамай, инсоният ёнилғи ва ёқилғидан фойдаланишда давом этмоқда, ҳавони тозалайдиган ўрмонларни эса йўқ қилмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, бугунги кунда 3 миллиардга яқин киши ҳамон ўтин ва кўмир ёқиб овқат пиширади. Бу ер шари аҳолисининг ярми демакдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти Карлос Доранинг айтишича, муаммони ҳал қилиш учун ҳукуматлар амалий ишга ўтишлари керак. Бир мамлакатдаги ҳавонинг ифлосланишги, албатта, бошқа мамлакатларга салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳам фаолият мувофиқлаштирилиши керак.

Юзага келган вазиятни қандай ҳал қилиш мумкин? От ёки велосипедга ўтирибми, дейишингиз мумкин. Ҳазил эмас, балки жиддий гапирадиган бўлсак, ифлосланган ҳавони тозалашда замонавий технологиялардан фойдаланиш керак. Бу каби асбобларни автомобилларга ўрнатиш муаммо эмас. Мутахассислар бу борада халқаро ҳамжамият ўз фаолиятини мувофиқлаштириши зарурлигини айтишмоқда.

Энергетика ва транспорт соҳасида ислоҳотлар олиб борилиши керак. Жумладан, қайта тикланувчи манбалардан, қуёш ва шамол энергетикасидан фойдаланиш лозим.

Шарофиддин Тўлаганов,

сиёсий шарҳловчи

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!