TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Умрининг хазонга айланмаслиги ҳар кимнинг ўз қўлида

Иқтисодий ва ижтимоий интеграция жараёни кучайган бугунги замонда инсон саломатлигига таҳдид соладиган ОИТС ва бошқа юқумли касалликларга қарши курашиш тобора мураккаб тус олмоқда. Мамлакатимизда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ОИВ инфекцияси профилактикаси, ушбу хавфли вирусга ташхис қўйиш, хасталикни юқтириб олганларни бепул махсус даволаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш каби қатор чора-тадбирларни қамраб олган.

…Республика ОИТСга қарши кураш марказида орттирилган иммунитет танқислиги синдромига чалинган бемор билан илк бор кўришаётганим учунми, ҳаяжонданми, саволларим хаёлимдан кўтарилди. Буни сезган бемор чуқур хўрсиниб, гап бошлади.

– Ўтган йили ўқишга киролмаганимни эшитгач, чет элда ишлайдиган холам ёнига чақирди, – дейди Д. исмли қиз. – «Ресторанда официантларга бошлиқман, менга ёрдамчи бўл. Сен ўйлагандан ҳам кўпроқ ҳақ тўлаймиз», деди у. Хуллас, холамнинг гапларига ишониб, чет элга отландим… Ресторанда ишлай бошлаганимга бир ҳафта ўтар-ўтмас, холамга қўшиб мени ҳам сабабсиз ишдан бўшатишди. Инсон сифатида ҳуқуқларим поймол этилгани алам қилди. Лекин ҳали бу бошланиши экан. Ишсизлик, пулсизлик сабаб одам айтишга ор қиладиган хўрлик ва ҳақоратларга чидашга мажбур бўлдим. Бундан-да аянчлиси, холам билан кўчиб ўтган хонадон карвонсаройга ўхшарди. Турли давлатлардан келган ўнлаб аёллар ҳар бири ўзига маъқул иш билан шуғулланарди. Пала-партиш ҳаёт, тартибсизлик ҳукм сурарди…

Марказ шифокорларининг айтишича, умрининг айни баҳорида хазонга айланган бу қиз мазкур иллатни парентерал йўл билан, яъни ОИВ инфекцияси тушган тиш чўткаси ёки косметика воситасидан фойдаланиш натижасида юқтириб олган экан. Қизнинг сўзларини тинглаб, одамзотнинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам унинг ҳаёт йўлини тўғри танлай олишига боғлиқ эканини яна бир карра англагандай бўлдим…

Ноқонуний миграция жафоси

Донишмандлардан бири «Ҳаёт – буюк тарбиячидир», деганида нақадар ҳақ. Бу қизнинг бошига тушган савдоларни эшитар эканман, унинг ҳаётий тажрибаси ортганига, фикри теранлашганига амин бўлдим. У ўз юртини ташлаб, хорижий давлатларга ноқонуний равишда ишлашга кетган кўплаб мигрантларнинг ачинарли тақдири ҳақида афсус билан сўзлади.

– Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-тарози, деган ҳикматли мақол бежиз айтилмаган, – дейди у. – Ўзга юртда баъзан иш берувчилар томонидан меҳнат фаолияти стандартларига риоя этилишини кафолатлайдиган қонуний нормаларга амал қилинмайди. Оқибатда ноқонуний йўл билан борган кўплаб инсонлар меҳнат шартномаси тузмасдан, арзимас ҳақ эвазига, ҳеч қандай ижтимоий ҳимоя кафолатларисиз, яшаш шароитларисиз ва тиббий хизматсиз ишлаётир. Энг ёмони, баъзилар ОИВ вируси ва бошқа ўткир юқумли касалликларни юқтириб олмоқда.

Тизимли ва изчил кураш

– ОИВ одам организмининг иммун тизимини емиради, оқибатда зарарланган организм ҳар қандай дардга қарши курашишга ожиз бўлиб қолади, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази бўлим бошлиғи Моҳигул Мусабекова. – Организмдаги табиий янгиланиш жараёни аста-секин тўхтайди. Жаҳон тиббиётида бу вируснинг асосан гиёҳвандлик ва бетартиб жинсий ҳаёт, ОИВ билан зарарланган қон, стерилланмаган тиббий ва нотиббий асбоблар орқали юқиши аниқланган. Бундан ташқари, вирус ОИТСга чалинган онадан болага ҳам ўтиши мумкин. Касалликнинг энг хавфли даври – яширин пайти 8 ҳафтадан 5-12 йилгача давом этиши мумкин. Шу пайтда унинг бошқаларга юқиш хавфи ўта юқоридир. Бу мазкур иллатга қарши курашиш нечоғли мураккаб эканини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, ноқонуний равишда хорижда ишлашга кетган кишиларнинг ОИВ ва бошқа юқумли касалликларни юқтириб олиш эҳтимоли юқори. Негаки, уларда жинсий ва қон орқали юқадиган касалликлар, уларнинг олдини олиш йўллари билан батафсил танишиш имконияти бўлмайди. Бундан ташқари, чет элда маданият, урф-одат ва қадриятлардаги тафовутлар, дискриминация (камситилиш)нинг мавжудлиги, ОИВ ва бошқа касалликларнинг олдини олиш бўйича маълумотлар, ҳимоя воситалари, тиббий хизматдан баҳраманд бўла олмаслик, тил билмаслик сабаб эркин муносабатларни йўлга қўйиш имконияти чеклангани оқибатида баъзи мигрантлар ана шу бало домига тушиб қолмоқда.

2014 йилнинг ўн ойи давомида ОИВ инфекцияси аниқланганларнинг салкам 14 фоизи меҳнат мигранти сифатида чет элда бўлиб, мамлакатимизга қайтган фуқаролардир.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов 1991 йил 14 июнда “ОИТС билан касалланишнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ОИВга қарши курашишнинг самарали тизими шакллантирилди. 2013 йил 23 сентябрдан кучга кирган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси томонидан чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, юртимизга қайтган фуқароларни ОИВ инфекциясига текшириш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш тартиби жорий қилинган. Барча профилактик тадбирлар “Чет давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш билан қамраб олиш ишларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мазкур режага кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси чет давлатлардан юртимизга кириб келаётган 3 ойдан кўпроқ муддат хорижда бўлган фуқароларнинг исм-фамилияси, ёши, яшаш манзили, қайси давлатдан келаётгани ҳақидаги маълумотларни ҳафтанинг ҳар душанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилган чет давлатлардан Ўзбекистонга кириб келган республика фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш бўйича тадбирларни мувофиқлаштирувчи штабга тақдим этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари қошида ташкил этилган ҳудудий штаблар хорижда бўлиб қайтган ҳар бир фуқаро ҳақидаги маълумотни ўрганиб, туман ҳокимлиги қошидаги штабга етказаётир.

Туман (шаҳар) ҳокимликларида ташкил этиладиган ҳудудий штаб таркибига ҳокимнинг ижтимоий масалалар, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, ички ишлар бўлим бошлиғи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлими раҳбари киритилган. Улар чет давлатларда уч ойдан ортиқ вақт бўлиб қайтган ҳар бир фуқарони ОИВга текширилишини назоратга олмоқда. Бу чора-тадбирлар ушбу иллатга қарши курашишда муҳим самара бермоқда.

ОИТС – шахсга қўйилган тамға эмас

Инсон олий қадрият ҳисобланган мамлакатимизда кишиларнинг барча ҳуқуқлари кафолатланган бўлиб, уларнинг яшаши ва ҳар томонлама камол топиши учун шароитлар яратилган. Жумладан, бугун юртимиздаги барча ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказларида ОИВни юқори тезликда аниқлаш имкони мавжуд. Ҳар бир киши исталган вақтда махсус лабораторияларда хоҳласа шахсини ошкор қилмай текширувдан ўтиши мумкин. Ташхис қўйиш ва даволаш ишлари, бемор ҳақидаги барча маълумотлар сир сақланган ҳолда, бепул амалга оширилади.

– Мамлакатимизда ОИВ инфекциясига чалинган беморлар диспансер ҳисобига олинган ва улар доимий текширувдан ўтказиб турилади, – дейди М.Мусабекова. – Бундан мақсад ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, вируснинг ОИТСга айланишини кечиктиришдан иборат. Агар бемор антиретровирус дори-дармонларни ўз вақтида олиб, шифокор назоратида бўлиб турса, унинг умрини узайтириш мумкин.

Кўпинча ОИВ инфекциясига чалинган беморлар камситилишдан, касаллигини бошқалар билиб қолишидан хавотирланиб яшайди. Баъзан иммунитет танқислиги вирусини юқтирган одамлар касаллиги ошкор бўлишидан чўчиб, турар жойларини ўзгартирган ҳолатлар ҳам учрайди. Аслида бундай кишиларга тиббий ва психологик ёрдам бериш, уларнинг жамоадан, қўни-қўшни, оиласи, яқинларидан ажралиб қолишининг, умидсизлик ва тушкунликка тушишининг олдини олиш лозим. Зеро, ОИВ ҳам бир дард бўлиб, оилага ёки шахсга қўйилган тамға эмас.

…Ҳар умрнинг баҳори, ёзи, кузи, қиши бор. Ҳар фасл ўз гашти, мазмуни билан қадрли. Бироқ ҳаётда ўйламай босилган қадам, биргина хато инсон умрини хазонга айлантириши ҳеч гап эмас. Ҳаётининг хазонга айланмаслиги ҳар кимнинг ўз қўлида…

Дилшод Каримов, ЎзА

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!