TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ФАРЗАНДИНГИЗ СИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРАДИ?

Ҳомиладорлик даврингизда фарзандингиз доим қоронғиликда бўлади. Кўриш қобилияти у туғилган вақтда энг кам ривожланган орган эканлиги ажабланарли ҳол эмас. Буни бола туғилганда бош мия қобиғининг кўриш учун жавоб берадиган қисмини эшитиш, ҳидлаш ва ҳис қилиш кабиларга нисбатан камроқ ривожланган бўлиши билан ҳам асослаш мумкин. Гўдак туғилиши билан унинг олдига жуда мураккаб вазифалар қўйилади, у турли предметларда нигоҳини тўхтатиши, нотаниш бўлган ёрқин нурга ўрганиши, барча рангларни фарқлай олиши, ўз ҳаётида биринчи бор кўраётган кўплаб нарсаларни англай билиши лозим.

Дастлаб, унинг кўриш қобилияти катта одам кўриш имкониятларининг атиги 4 фоизини ташкил этади. Янги туғилган чақалоқ ўз нигоҳини ундан кўпи билан 25 см узоқликда бўлган предметларда тўхтатиши мумкин. Бу болани эмизишда тахминан она кўкрагидан унинг юзигача бўлган масофадир. У барча рангларни аниқ фарқлай олмайди, масалан, қизил ва сариқ рангни осонгина ажратиб олиши мумкин, кўк ва яшил рангни эса битта ранг сифатида қабул қилади. Шунингдек, у очиқ, нурсиз рангларни ҳам ажратишда қийналади.

Гўдагингизнинг кўзлари ёнида жойлашган энг оддий, кескин ажралиб турадиган, текис қиррали ва тўғри чизиқли предметларни яхшироқ англайди. Оқ-қора геометрик шакллар ҳам унинг эътиборини олса керак. Бунинг устига улар унинг кўриш қобилияти тезроқ ривожланиши учун ҳам фойдалидир. Яна гўдак ёнлама объектларни, “кўз қири” билан кўриши мумкин бўлган ҳаракатларни кўришга ҳам қизиқади.

Бироқ чақалоқ учун энг қизиқарли бўлган машғулот – инсон юзини томоша қилишдир. Олимлар янги туғилган чақалоқ унга кўрсатилган бошқа қизиқарли предметларни инкор этган ҳолда айнан инсон юзини мунтазам равишда кузатиб туришини исботлаб бердилар. Аввал гўдак одамларни уларнинг айрим юз қисмларига аҳамият бермаган ҳолда, бош, соч шаклларига қараб хотирасини шакллантириб, уларни юз тузилиши бўйича танийди. Шу сабабли гўдагингиз ҳаётининг биринчи ҳафталарида сочингиз кўринишини тубдан ўзгартирсангиз, уни жуда таажжубга соласиз. Овозингизни эшитишга қадар биринчи сонияларда у нотаниш одамни кўргандек қўрқиб кетиши мумкин.

2 ой давомида болангизнинг кўриш қобилияти анча ривожланади. Бунга қадар боланинг ҳар бир кўзи кўрган предметлар шакли бош миянинг чап ва ўнг ярим паллаларида алоҳида шаклланиб келган эди. Энди эса болада стереоскопик кўриш қобилияти ривожланиб боради: ҳар бир кўзи алоҳида тарзда кўрган шакллар бош мия томонидан битта шаклга бирлаштирилади. Бу эса атроф-муҳитни ўрганишда боланинг муҳим ютуғи ҳисобланади.

Уч ойларга бориб, гўдак атрофдагиларнинг оғиз, бурун шакллари каби юз қисм-ларига эътибор бера бошлайди. Энди болакай одамларни янада яхшироқ танийди. Булардан ташқари, энди у хатти-ҳаракатларни сезиб, уларни инстинктив равишда изоҳлаши ҳам мумкин – агарда онасининг лаблари чимирилган бўлса, демак у нимадандир хафа, агарда унинг кўзлари ва лаблари кулиб турса, демак у хурсанд ва бахтлидир, ўз навбатида гўдак ҳам ўзини жуда яхши ҳис қилади.

Олти ойлик даврда гўдагингизнинг кўриш қобилияти катта одамникига нисбатан тахминан 10 фоизни ташкил этади. У энди объектларни кузатиш, каттагина масофада (туғилган вақтига қараганда икки марта узоқроқ) жойлашган предметларни кўриш имконига эга. Охирги олти ой ичида унинг кўриш қобилияти катта одам даражасига деярли яқинлашади, лекин шундан ке-йин ҳам бу жараён давом этади, боланинг кўриш қобилияти ке-йинги 4 йил ичида тўлиқ шаклланади ва мустаҳкамланади. Боланинг барча сезги органлари унинг миясида янги, мураккаб боғланишни жамлаган ҳолда биргаликда ишлашга ўрганади. Албатта, ҳаммасининг ўз вақти-соати бор, лекин сиз болангизнинг янада тезроқ ва уйғунликда ривожланишига ёрдам беришингиз мумкин.

Кичик маслаҳат

Ушбу маслаҳатлар ва мураккаб бўлмаган машқлар гўдагингиз ривожланишининг илк босқичларида унинг кўриш имкониятларини кучайтиришга ёрдам беради:

1. Унинг атрофида аниқ геометрик шаклга ва ёрқин контраст рангларга (қора, оқ, қизил, сариқ) эга бўлган предметларни жойлаштиришга ҳаракат қилинг. Балки бу катталарнинг ўйинчоқ қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги тасаввурига мос келмас, лекин боланинг кўриш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда, айнан шундай предмет ва ўйинчоқлар унинг ривожланиши учун энг фойдалидир.

2. Гўдакларни айниқса ҳаракат қилаётган жисмлар ўзига тортади. Шу сабабли болага янги ўйинчоқ олиб берар экансиз, уни кўриш майдонида айлантириб болага кўрсатинг. Аввал гўдак сизга жавобан англаб бўлмас ҳаракатлар қилади, лекин секин-аста бола кўзлари билан ўйинчоқни кузатишга ўрганади.

3. Боланинг каравоти тепасида ўйинчоқлар ва расмларни алмаштиришга ёки уларни қўшишга ҳаракат қилинг. У ўзгаришларни албатта сезади, чунки у аввал кўрган жисмлар унинг хотирасида қолади. Ўйинчоқларнинг алмашиши янги таассуротлар бериб, унинг янада тезроқ ва уйғунроқ ривожланишига имкон яратади.

Манба: “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетаси

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!