TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Фарзанд тарбияси учун битилган шоҳ асар

Алла айтсам овунгин,

Оппоқ қўзим, алла.

Бешигингда қувонгин,

Жоним болам, алла.

Айланайин ойдайиним,

Қоши камон-ёйдайим.

Алла, жоним, алла.

Меҳрибоним алла-ё.

* * *

Алла-ё, болам, алла-ё,

Алла десам сени-ё, алла-ё,

Болагинам боласи, алла-ё,

Писта бодом донаси, алла-ё.

Алла болам, алла-ё,

Ухлаб қолгин, алла-ё.

Алла деб сени боқай,

Жоним болам, алла-ё.

Устингга бахмал ёпай,

Ухлаб қолгин алла-ё.

Алла, болам, ой рўзи,

Боғларда юрган қўзи,

Шу болам ақл бўлса,

Нурга тўлади кўзим.

Ушбу алла бешик тўйида бешикни олиб кираётган аёллар томонидан айтиладиган қўшиқдир. Унинг ижро хусусиятлари байрамона маросим кайфиятига мос бўлиб, одатда тантанавор доира усули жўрлигида куйланади. Бу аллани болани ухлатиш жараёнида яккахонлик услубида айтиладиган қўшиқдан фарқлаш керак. Болани ухлатиш учун айтиладиган алла бешик ёки беланчакнинг тебраниш суръатига мос равишда ижро этилади. Унинг матни, асосан, тўртлик, ижро услуби эркин, бадиҳагўй. Алла онанинг болага бўлган меҳр-муҳаббати, умид ва орзулари, яхши ният-тилакларини англатиш билан бирга руҳий кечинмаларини ҳам ифодалайди. Шу боис баъзи алла намуналари йиғи оҳангларига яқин бўлади.

Айрим тахминларга кўра, алла номи «Аллоҳ» сўзидан келиб чиқиб, Яратгандан чақалоқни ўз паноҳида асрашни илтижо қилишга нисбат билан боғлиқ. Хуллас, алла шундай бир қўшиқки, уни ҳеч замонда ҳеч бир шоир ёзолмаган. Бахшилар тўқиб чиқаролмаган. Созандалар ўз мулки сифатида ўзлаштиролмаган. Бу – жон билан бирга, қон билан бирга инсон ботинига сингиган қўшиқ. Уни ҳар бир юрак ўзича куйлайди. Бу қўшиқ ер юзидаги оналар қанча бўлса, рўйи заминда аёл зоти қанчалар ёйилган бўлса, у шунчалар сочилиб кетган. Бу қўшиқ аёли бор ҳар бир хонадонда худди баҳорги дарахт янглиғ гуллайди. ҳа, ишонинг, ҳар бир дилнинг тубида яширинган тоза қўшиқ гуллайди. Оҳанги ўзи билан унинг. Бу қўшиқ Аллоҳ томонидан мунис ва мукаррам волидаларнинг жони-танига сингдирилганким, Яратганга илтижоли нидолардан сўнг дунёни титратадиган энг гўзал ва энг тоза моҳият шу қўшиқда мужассам.

Кўзимнинг қароси Сен,

Элимнинг сароси Сен,

Жоним болам, ухла,

Имоним, болам, ухла…

Полвоним, ботирим,

Шоним болам, ухла!

қароғимсан, кўзимсан,

Сўзим болам, ухла.

Уйимдаги буғдойим,

Тузим болам, ухла…

 

Худойимдан айланай —

Муродимга еткизди,

алла-ё, алла.

Ҳилол ой қанотида

Сени менга тутқизди,

алла-ё, алла!

Онам айтган аллалар

Юраккинам тубида,

алла-ё, алла.

Меҳрим қўшиб сўзимга

Сенга айтаман алла,

алла-ё, алла.

Алла – фарзанд тарбияси учун битилган шоҳ асар.

Болаларимизнинг руҳиятига, кўнглига имонни, қандай ниятларни солсак, уларнинг камолоти шунга қараб бўй кўрсатади. ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша тарбия йўриғи бор… Фарзанд келажаги учун энг муҳими, у туғилган кезлариданоқ қай йўсинда тарбия бермоқликдадир. Сут билан кирган нарса, жон билан чиқади, дейишади. Алла, аввало, гўдакнинг борлиғига маънавий озуқа сифатида сингади. Мана, гап қаерда. Маънавий ёруғликдан баҳраманд бўлишнинг илк дафъаси, бош бўғини алла билан боғлиқ. Алла эшитмай тарбия топиш, улғайиш тафаккурни ажойиб тамойилларга чоғлантиришда кемтикликни юзага келтиради.

Келинг, ҳаммамизга таниш манзарани кўз олдимизга келтирайлик… Бешик. Бешикда гўдак. Аёл бешикни тебратиб алла айтаяпти. Бундай гўзал ва бундай чиройли ҳолатни топиш қийин. Онанинг қўшиғидан буткул чарху дун чайқалиб айланаётгандай… Айниқса, бу кўриниш халқимизнинг яна бир ўзига хос томонига мухтасар ва таъсирли изоҳдир.

Фарзанд учун ўз онасидан меҳрибон зот йўқ. Демак, унинг алласидан, унинг оҳангидан-да ёқимли куй-кўшиқ бўлиши мумкин эмас.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!