TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Хитой тиббиёти: бардавом асрий анъаналар

Айтиш мумкинки, Европа ва Америкада замонавий тиббиёт ривожига қанчалик аҳамият қаритилса, Хитойда анъанавий халқ табобатига эътибор шунчалик кучли. Бу ерда халқ табобати жуда қадим тарихга эга. Хитойликлар тиббиётни «ҳаёт ҳақидаги фан»нинг бир қисми сифатида ўрганишади, мазкур фан таркибига, шунингдек, психофизологик амалиётлар (ушу, цигун, Дао-инь) ва парҳезшунослик ҳам киради.

Ўтган асрининг ўрталарига келиб анъанавий Хитой тиббиётига бўлган қизиқиш янада кучайди ва бу вақтга келиб у муқобил тиббиётнинг бир кўриниши сифатида шаклланишга улгурди. 70-йилларда чегаралардан ўтишнинг осонлашиши ананавий Хитой табобатининг Ғарб ўлкаларига ҳам ёйилишига имкон берди. Халқ табобати Хитой илм-фани ва маданияти тимсолларидан бирига айланган.

Хитойда табобат ва фалсафа илк даврларданоқ уйғунликда ривожланган, уларнинг тарихи милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарига бориб тақалади. Асрлар синовидан ўтган тиббий анъналарга нафақат хитойликлар, балки хорижликларда ҳам қизиқиш катта.

Хитойда игнатерапия, ингаляция, аромотерапия, бальнеотарепия каби усуллардан кенг фойдаланилади. Таъкидлаш керакки, аксар муолажа дастурларининг асосида тўғри овқатланиш ва парҳез ётади. Шунингдек, бутун дунёга машҳур қадимий гимнастика – цигун ҳам кенг оммалашган бўлиб, у саломатликни мустаҳкамлаш ва касалликлардан халос бўлишга ёрдам беради. Цигун машқларини бажаришда асосий эътибор ички энергияни бошқариш, ҳаётий энергияни уйғотиб, уни дардларга қарши курашишга йўналтишига қаратилади.

Хитойда кўплаб родонли булоқлар борки, уларда ревматизм, радикулит ва таянч-ҳаракат аппаратининг бошқа касалликларини муваффақиятли даволаш мумкин. Ҳар куни минглаб сайёҳлар айнан ана шу иссиқ булоқлар сари интилади.

Мамлакатдаги энг яхши даволаш марказлари Хайнань ороли, Пекин, Байдахэ ва Далянда жойлашган. Айниқса, «Аршан», «Уфқ», «Удалянчи», «Денгиз қалъаси», «OHS Clinic» каби муассасалар машҳур. Шунингдек, Пекинда Тибет табобати маркази ҳам бор. Уни «Турли миллатлар касалхонаси» деб ҳам аташади, чунки бу ерда Тибет тиббиётга ихтисослашган турли миллат вакиллари фаолияти кўрсатади. Марказда 23 та бўлим бор. Шифокорларнинг айтишича, охирги 10 йил ичида Тибет табобати марказида 1 миллиондан ортиқ киши даволанди, даволаш самарадорлиги эса 95 фоизни ташкил этди.

Анъанавий Хитой табобати халқаро маркази (HMG) Пекинда жойлашган бўлиб, бу ерда турли-туман сурункали ва даволаниши қийин бўлган касалликлар муолажа қилинади. Эътиборлиси, марказда рус ва инглиз тилларида хизмат кўрсатилади.

Айтиш керакки, даволаш ва соғломлаштириш марказларининг аксарияти йирик шаҳарлардан ташқарида, яъни шовқин-сурондан узоқда жойлашган. Бу бежизга эмас, албатта, сокинлик ва хотиржамлик Хитой халқ табобатининг муҳим унсурларидан ҳисобланади.

Хитой табобати Инь ва Янь таълимотига асосланган бўлиб, бу бир-бирига қарама-қарши ва инимсиз ўзаро муносабатда бўладиган икки ибтидони билдиради. Улар кучлари ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши танада касалликлар ривожланишига сабаб бўлади. Табибнинг вазифасини ана шу мувозанатни тиклаш ва тананинг соғлом кучларини зарарли таъсирларни бартараф этишга йўналтиришдир.

Хитой табиблари касалликларни даволашда асосан учта усулдан фойдаланишади: гиёҳлар, игнатерапия ва массаж.

P.S. Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 60 йил ичида (1949-2009) аҳолининг ўртача умр кўриш ёши 35 дан 73 ёшга етди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!