TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Чанг – саломатликка таҳдид

Ҳар қандай чанг ҳам киши организмига зарарли таъсир қилади. Чангнинг киши организмига зарарли таъсири даражаси, унинг таркиби, солиштирма оғирлиги, заррачаларнинг катта-кичиклиги, шакли, ҳаво ҳажми бирлигидаги чанг заррачаларининг миқдори ва кишининг чангли ҳаводан нафас олиш муддатига қараб аниқланади.

Фойдали қазилмаларни қазиш пайтида чиқадиган чанг ҳаво билан киши тери-сига, кўз шиллиқ пардасига тушади, нафас йўлларига киради, чанг терига тушганда тер безлари чиқиш йўлларининг беркилиб қолиши оқибатида терининг ёғ чиқариш фаолияти бузилади, организмнинг исиб кетишига сабаб бўлади, бу эса об-ҳаво ноқулай бўлган шароитларда жуда ҳам хавфлидир. Ёғ безлари беркилиб қолганда баданда тошма тошиб кейин йирингли ярачалар пайдо бўлади.

Чанг юқори нафас йўлларига таъсир қилиб, буруннинг шиллиқ пардасини яллиғлантиради, у шишиб кетади. Бундай ҳолларда шиллиқ кўп ажралади. Чангнинг узоқ вақт таъсир этиши оқибатида шиллиқ қават атрофияга учраб жуда юпқалашади. Унда қобиқ пайдо бўлади, бурун ичи қуриб қолади. Бундай ҳолат узоқ чўзилганда чанг нафас йўлларига чуқурроқ киради. Бронхларнинг шиллиқ пардаси чангга таъсирчан бўлади ва шу боис чанг бронхити пайдо бўлиши мумкин.

Коннинг чангли бўлимларида узоқ йиллар давомида ишлаганда ўпканинг сурункали касаллиги – пневмокониоз келиб чиқади. Кон чанги таркибидаги эркин кремний (II) оксид пневмокониознинг бир тури – силикоз касаллигининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Тоғ жинсларини сув билан бурғилаш, ортишдан олдин қўпорилган тоғ жинсларига сув сепиш ва етарлича шамоллатишни ташкил қилиш натижасида кон ҳавосидаги чанг миқдори асосан йирик чанг заррачалари ҳисобига камаяди.

Ер ости конларини сунъий равишда шамоллатиб туриш конларда чангга қарши курашиш шартларидан бири ҳисобланади. Тоғ жинсини қазиш чуқурлашган сари қўшимча равишда маҳаллий механик тарзда шамоллатишдан фойдаланиш керак.

Чангланишга қарши кураш олиб боришнинг умумий тадбирлари билан бир қаторда, шахсий гигиена ва шахсий ҳимоя тадбирларининг қўлланилиши жумладан, чангга қарши респиратор тақиш муҳим аҳамиятга эга.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!