TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ўт халтасиз ўтаётган кунлар…

Ўт-тош касаллиги туфайли ўт халтаси жарроҳлик йўли билан олиб ташланса-да, дарднинг айрим шикоятларидан қутилмаган одамлар орамизда учраб туради. Сайёрамизда яшаётган ҳар бешта аёлнинг ва ҳар ўнта эркакнинг бири яширин ё ошкора ўт-тош касаллигига дучор бўлган. Касаллик кенг тарқалган бўлиб, 60 ёшдан ошган аҳолининг чорак, 70 га тўлганларнинг учдан бир қисмида учрайди. Статистикага кўра ер юзида ҳар йили 2,5 миллион кишида ўт халтасини тоши билан олиб ташлаш – холецистэктомия ўтказилади. Ушбу операция кўп ўтказилиши бўйича кўричакни чувалчангсимон ўсимтасини (ўткир аппендицит) олиб ташлашдан кейин иккинчи ўринда туради.

Украиналик таниқли профессор Наталья Губергрицнинг таъбири билан айтганда “Беъморлар, баъзан шифокорлар ҳам ўт халтадаги тош олиб ташлангач, муаммо бартараф этилди деб хомтама бўлишади. Муаммолар жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган ҳамма беморларда кузатилмаса-да, лекин турмуш даражасининг ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин”. Ҳақиқатан ҳам олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўт-тош хасталиги туфайли ўт халта тоши билан бирга олиб ташлангач, тахминан 20-40 фоиз беморларда ўт халтани олиб ташлангандан кейинги синдром, айрим адабиётларда постхолецистэктомик синдром деб аталмиш ҳолат кузатилади.

Хўш, ўт халтани олиб ташлангандан кейинги синдром замирида нималар мавжуд? Ушбу касаллик бевосита жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ ёки ундан кейинги мустақил бошланган янги ҳолатлар билан бирга намоён бўлади. Бунга эса қўйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

– беморларнинг вақтида мурожаат этмаганлиги туфайли жарроҳлик амалиётининг кеч ўтказилганлиги (тошнинг умумий ўт йўлиги силжиши, ўткир холецистит, иккиламчи жигар билиар циррози, меъдаости безининг зарарланиши);

– жарроҳлик амалиёти давомида ва шунгача тиббий текширувларнинг тўлақонли бўлмаганлиги;

– айрим мураккаб ҳолларда амалиёт давомидаги техник хатоликлар;

– амалиётдан сўнг беморлар томонидан ушбу ҳолат келиб чиқишининг олдини олувчи тавсияларни бажарилмаслиги.

Ўт-тош касаллигида жарроҳлик амалиёти қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолаётганини инобатга олиб ва “Ундан кейин дегани, у туфайли дегани эмас” (“Post hos non propter hos”) мақолини эслайдиган бўлсак, жарроҳлик амалиёти ҳар доим ҳам – ушбу синдромга сабаб бўлмайди.

Ўт халта – танамиздаги муҳим аъзолардан бири. У жигарда яратилган ўт суюқлиги – сафрони сақлаш, бойитиш, овқат ҳазми жараёнида ўн икки бармоқ ичакка босқичма-босқич қўйиб туриш, айрим ҳазм гормонларини яратиш, сўриш сингари вазифаларни бажаради.

Жарроҳлик амалиёти танадаги моддалар алмашинуви жараёни бузилиши муаммосини ҳал этмайди. Яъни ўша организм, ўша моддалар алмашинуви бузилиши ва ўзгаришсиз давом этаётган турмуш тарзи (камҳаракатлик, ёғли ва калорияли овқатларни кўп истеъмол қилиш, ортиқча тана вазни) сақланиб қолади. Бемор шикоятларидан ичак фаолияти бузилиши белгиларини аниқлаш мумкин. Диспептик бузилишлар – кекириш, жиғилдон қайнаши, овқат хазми қийинлашиши, қорин дам бўлиши, оғизда тахир таъм сингарилар ҳам сақланиб қолиши мумкин. Шу билан бирга ўт халтасига қўшни бўлган жигар, меъдаости бези, меъда ва ўн икки бароқ ичак ва айниқса, унинг катта сўрғичи атрофидаги ўгаришлар ҳам аҳволнинг яхшиланмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун жарроҳлик амалиётидан сўнг парҳезга риоя этиш ва турмуш тарзига ўзгартишлар киритиш, айрим шикоятлар сақланиб қолаётган бўлса гастроэнтерологга мурожаат қилиш керак. Лекин қорин бўшлиғида қаттиқ оғриқ, кўнгил айниш ва қайт қилиш, тери ва шиллиқ пардаларнинг сарғайиб кетиши кузатилса, дарҳол жарроҳ қабулига шошилиш даркор. Жаррохлик амалиётидан кейинги дастлабки кунларда овқатланиш тартиби одатда клиникаларда обдон тушунтирилади ва ёзма тақдим этилади.

Ўт-тош касаллиги туфайли холецистэктомияни бошидан ўтказганлар қуйидагиларга амал қилиши лозим:

– озиқ-овқат юқори каллорияли бўлмаслиги керак: ёғ ва углеводлар, холестеринга бой маҳсулотларни чеклаш ёки умуман истеъмол қилмаслик лозим. Ҳайвон ёғи, қаймоқ, тухум сариғи, қази, ёғли балиқ, ёғли сут, музқаймоқ, иликли ва ёғли шўрвалар, туёқдан тайёрланган холодец, кремли қандолат маҳсулотлари ва 100 даражадан юқориги ҳароратда қайта ишловдан ўтган қовурилган таомлар шулар жумласидан;

– оз-оздан мунтазам (4 — 6 марта) овқатланиш;

– агар тана вазни ортиқ бўлса парҳез ва жисмоний фаолликни ошириш орқали секин-аста озиш;

– кундалик таомномангизда озуқа қолдиқларига бой маҳсулотларни кўпайтириш («Ригача» «Латвияча» «Бородино» сингари кепакли нонлар), куниги 0,5 кг ортиқ мева ва сабзавотларни қайнатиб ёки димлаб истеъмол қилиш;

– сафронинг кимёвий таркибини меъёрлаштиришга ёрдам берадиган маҳсулотлар: сабзи, карам, броколли-яшил гул карам, жўхори, сули, арпа, сабзавотлар, ер ноки (топинамбур) зайтун меваси ва мойи сингарилардан бўтқа ва салатлар тайёрлаш;

– Сафро литогенлиги (тош ҳосил бўлишига мойиллиги) юқори бўлса, шифокор кўрсатмасига биноан урсодезоксихол жавҳари, лактулоза сингари дориларидан ичиб туриш;

– жарроҳлик амалиётидан 6 ойдан сўнг шифокор кўригидан ўтгач, санаторияда тикланиш босқичида кам ва ўрта маъданланган сувлардан ичиш, балчиқли муолажа, магнит-лазер терапияси сингариларни олиш лозим.

Қуйидаги доривор гиёҳлардан йилига икки марта бир ойдан профилактик фитотерапия ўтказилса, беморнинг аҳволи анча яхшиланади: тошкент ялпизи, жўхори попуги, доривор қашқарбеда, тирноқгул, бўзноч, наъматак, андиз, қизилмия, бўймадарон, зирк, дастарбош. Муҳими, гастроэнтеролог ва жарроҳ ҳамкорлигида ўт-тош касаллигини кечиктирмай дорилар ёрдамида даволаш ёки лозим бўлганда жарроҳлик амалиётини ўтказиш керак.

Мубашшир Қосимов, гастроэнтеролог

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!