TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ўзни севдириш сирлари (1-сабоқ)

Мунис оналар, ўз қизларини гўёки бошқа жойга кўчириб ўтқазилаётган нозик кўчатга менгзашганлиги боис, «борган жойингда униб-ўсгин», — дея дуо қилганлар. Қуйида «Мусулмон аёлнинг ўз эри олдидаги вазифалари» рисоласида келтирилган, аёлнинг ўзини севдириш шартларини келтирамиз.

Болажоним, севикли қизим! Сен эрингга шундай хизмат қилгинки, у ҳам сенга қул бўлсин! Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Сен эрингга бир  уй бўл, у сенга устун бўлсин!..

Қизим! Энди сенга айтадиган ўгитларимга қулоқ солиб, уларни доимо ёдингда тутгил.
Аввало, қаноат соҳибаси бўл, ўз ҳолингга шукур қил. Эринг уйга ниманики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир. Ҳолига шукур этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди.

Эрингга итоатда бўл, қил деган ишларини қил, қилма деганини қилма! Эрга итоатда бўлмоқлик уйда тотув бир ҳаётда яшашни истаган ҳар бир аёл учун ҳаво ва сувдек зарурдир. Эринг билан суҳбатлашганда итоатли бўлишингни, унинг сўзларини одоб билан тинглаб адо этишингни сенинг сўзлашиб, қулоқ солишингдан тушуниб оладиган бўлсин. Шундай бўлса, Оллоҳ таоло сендан хушнуд бўлади, уйинг саодат нуридан нурафшон бўлади.

Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Уйингнинг ичини, ташқарисини доимо тоза тут!
Уст-бошингни тоза тут. Бу эрнинг қалбини ўзига ром этмоқ йўлидир. Эринг сендан фақат хушбўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид асло келмасин. Ёмон ҳидлар эринг олдида сенинг обрўйингни  туширади. Сендан жирканишига сабаб бўлади. Шуни унутмагилки, тозалик ва ҳарифлик энг яхши хислатдир. Инсон кўзига хуш кўринишлик шу биландир.
Овқатни вақтида тайёрла, яъни овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтда овқатни тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг жаҳлини қўзғайди.

Уйқу вақтини ва уйғониш пайтини яхши билиб ол ва унга амал қил! Эрингнинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўринни тайёрлаб қўй. Уйқусизлик киши асабларини бузиб, унинг эҳтирос ва муҳаббатини секин-аста сўндиради.
Эрингнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл! Унинг мол-дунёсини яхши сақла, буюмларини авайлаб муҳофаза эт. Унинг мол-мулки сеникидир, болаларингникидир. Эрнинг мол-мулкини тежаш, сақлашни ўрганиш ва бу йўлда тўғри, дуруст ҳаракатда бўлиш ҳар бир хотиннинг бахти учун зарурдир.

Эрингнинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат. Қайнонанг, қайнотангни ҳурмат қил, уларни ўз отанг, ўз онанг мисолида кўр, қайнонанг ва қайнотанг тарафидан бўлган насиҳатларни ўрнига келтир, доим очиқ кўнгилли бўл. Шундай қилсанг, эрингнинг эътиборини қозонасан. Уларни ҳурмат қилиш, эрингни ҳурмат қилиш демакдир.

Эрининг қариндошларига иззат-икром кўрсатишни билмайдиган аёл, ҳузур ичида яшаш йўлларини билмайдиган аёлдир. Гул севилиб, тикан севилмайдими? Тиканни ҳам иззат қилмаган, гул исидан бебаҳра қолади. Эрининг қариндошларига ҳурмат кўрсатишни билмайдиган хотин эрининг кўнглини ололмайди. Ҳамма вақт унинг кўзига хунук кўринади. Бу оқила аёлнинг йўли эмасдир.

Эрингнинг сирларини бошқаларга айтма! Унинг сирини ўз сирингдай сақла. Эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар сирини айтиб қўйсанг, эрингнинг ишончини йўқотасан, эътиборидан қоласан. Орада душманлик пайдо бўлиб, оилада барака бўлмайди. Бундай оилада ахлоқ ҳам бўлмайди.
Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини тўлиқ адо эт! Жаннатга кирадиган хотинлар эрининг динга уйғун амрларини бажарадиган хотинлардир. Эрининг юзига жаҳл билан тик қараб, сўзига қулоқ солмайдиган хотинлар бахтсиздирлар.

Жон қизим! Ёдингда тутки, эринг хафа бўлганда сен хурсанд бўлишдан сақлан. Чунки унинг хафагарчилигида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувонган чоғларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни келтириб чиқаради. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга муносиб ишдир. Мунис онажонларимиз узатилаётган ҳар бир қизнинг қалбига ва тафаккурига ушбу насиҳатлар мажмуини сингдиришган.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!