TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Қорин соҳасидаги оғриқ ёхуд аппендицит ҳақида

Аппендицит (аппендикс – кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши) бўйича дастлабки операция эрамиздан бир неча минг йил олдин ўтказилган: фиръавнлар даврида уларнинг XI авлодларидан бирининг мўмиёланган танаси текширилганда ўнг ёнбош соҳасида кесилган чандиқ аниқланган. Бу операция муваффақиятли бўлдими ёки беморнинг мўмиёга айланишига сабаб бўлдими, бу номаълум. Лекин шуниси маълумки, узоқ асрлар олдин ҳам табиблар ушбу касаллик ҳақида маълумотга эга бўлишган ва уни «йирингли ўсма» ёки «ўнг ёнбошдаги йирингли оқма» деб аташган.

Аммо бу хасталикни улар қандай даволашни билишмаган ва шу сабабли касалликдан одамлар даҳшатли тарзда ўлим топишган. Ундан тузалиш эса ниҳоятда кам кузатилган. Эрамизнинг XVI асрларига келиб маълум бўлдики, ушбу азобланишни кўричакнинг унча катта бўлмаган ўсимтаси чақираркан. Ўсимта яллиғланиб йиринглайди, ёрилиб йиринг қорин бўшлиғига оқиб чиқади ва қорин пардани яллиғлантиради. Бу ўсимта чувалчангсимон кўринишда бўлиб, кўричак тубида жойлашган ва ҳеч қайси аъзо билан боғланмаган. Шунинг учун ҳам уни аппендикс (лотинча) – кўричакнинг ортиғи деб номлашган.

Касаллик белгилари

Хасталик кўпинча тўсатдан қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Оғриқ қорин устидан бошланиб, унинг ҳамма ерига тарқалади, бир неча соат ўтгач эса ўнг ёнбош – биқин соҳасидагина муқим ўрнашади. Беморнинг ўнг биқини доимо сир­қираб оғрийди, баъзан санчиқ туради. Тана ҳолатининг ўзгартирилиши, ишлаш ёки юриш жараёнида ҳамда бемор йўталганида оғриқ кучаяди.

Одатда беморнинг кўнгли айниши, 1-2 марта қайт қилиши, тана ҳарорати 37-39 даражага кўтарилиши мумкин. Кўпинча бемор ўнг томонга ёнбошлаб ётиб олади, чунки чап томонга ёнбошлаб ётиш оғриқни кучайтириб юборади.

Бундай ҳолат юз берганда зудлик билан врачга ёки «Шошилинч тиббий ёрдам»га мурожаат қилиш шарт. Акс ҳолда касаллик ривожланиб, чувалчангсимон ўсимта йиринглаб ёки чириб кетиши, ҳатто ёрилиб, қорин бўшлиғига йиринг ва нажас тарқалиб, ниҳоятда оғир асоратлар (перитонит) юз бериши мумкин. Шундай оғир асоратлар қаторига инфекциянинг қонга ўтиб кетиши (сепсис) ва жигар дарвоза венасининг йирингли яллиғланиши (пилефлебит) ҳам киради.

Кузатувлар шуни кўрсатдики, ўсимтанинг яллиғланишига олиб келадиган сабаблар бир нечта: ичак инфекцион касалликлари, ангина (бодомча безларининг яллиғланиши) ўсимта перистальтикаси (ҳаракати)нинг бузилиши, баъзи маълумотларга кўра рационда гўштли маҳсулотларнинг кўп бўлиши. Лекин соғлом одамда ҳам аппендицит тўсатдан юзага келиши мумкин.

Аппендикс ортиқчами?..

Ҳозирга келиб ишлаб чиқилган ва такомиллашган жарроҳлик (операция) усуллари агар бемор кеч мурожаат қилмаган бўлса яхши натижалар бермоқда. Ҳозирда жарроҳлар шу қадар маҳорат билан чувалчангсимон ўсимтани олиб ташлашни ўрганишдики, гўё бу муаммо ўз хавфини йўқотгандек. Аммо болалар хирургик амалиётида соғликка жиддий хавф солиши мумкин бўлган бу рудиментар (ортиқча) аъзони олиб ташлаш мақсадга мувофиқми? Ҳақиқатдан ҳам бу аъзо танамиз учун кераксизмикан? Статистик маълумотларга кўра, ўткир аппендицит қорин бўшлиғи хирургик касалликларининг энг кўп учрайдиган хасталиклари қаторига киради. Аппендикс ҳазм аъзолари шаклланаётган даврда пайдо бўлади. Кўричак икки қисмдан иборат: ингичка ичак қисми ва унинг давоми бўлмиш ингичка, ривожланмай қолган – аппендикс қисми бўлиб, катталарда унинг ўлчами 8 см.дан – 15 см.гача, болаларда эса 5-8 см бўлади. Унинг деворлари ичак деворлари каби шиллиқ, шиллиқ ости, мушак ва сероз қаватлардан иборат. Аппендикс деворларининг тузилишида ўзига хослик бор: унинг шиллиқ ости қаватида фолликула кўринишидаги лимфоид тўплам мавжуд. Мутахассислар фикрича ушбу тўплам жуда катта аҳамиятга эга. Сизга маълумки, лимфоид тўқима танамизнинг ҳамма ҳимоя фаолиятида иштирок этади. Унинг қисмлари бутун тана бўйлаб тарқалиб жойлашган бўлиб, ҳар бири тегишли вазифани бажаради. Агар терининг тирналиш орқали жароҳатга вирус, касаллик чақирувчи микроорганизм, ёт антиген тушса, касалликка қарши курашиш учун энг яқин жойлашган лимфа тугуни фаолият бошлайди. Агар қўзғатувчи куч ва миқдор жиҳатдан кўп бўлса бутун танамиздаги иммун тизими ҳимояга киришади.

Танамизда доимий ёт моддалар тушиб турадиган йўл бор – бу меъда-ичак тизимидир. Тўғри, овқат таркибидаги оқсиллар қонга тушгунига қадар бегона генетик маълумотни ташимайдиган универсал оқсилгача парчаланади. Шундай бўлса-да, ноантиген молекулалар билан бирга антиген (ёт)лари ҳам қонга ўтиб қолиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам ичакларда лимфоид «горнизонлар», «ҳимоя кучлари» мавжуд. Балки, чувалчангсимон ўсимта фақат маҳаллий ҳимоя учун керакдир деб ўйларсиз? Аппендиксдаги ўта кучли лимфоид тизимнинг борлиги организмнинг ҳамма ҳимоя реакцияларида қатнашиш имкониятини беради. Масалан, клиник кузатувларга кўра, аппендикси олиб ташланган инсонларда кўчириб ўтказилган аъзоларни тутиб кетиши яхши кечади. Айниқса, кўричак ўсимтаси яллиғланиш касалликларида жуда тез таъсирланади: лимфоид ҳужайралар сони бир неча баробар ортади. Уларнинг фаоллиги ошади ва бу ҳужайралар антитело ишлаб чиқара бошлайди. Шунинг учун ҳам аппендиксни «ичакдаги бодомча бези» деб аташади.

Лекин ҳайрон қоларлиси шуки, айнан шу лимфоид аппарат аппендиксни энг ҳимоясиз, нозик аъзога айлантиради. Гап шундаки, фолликуляр аппаратнинг фаоллашиши ўсимта деворларини шишишига ва унинг перистальтикасининг бузилишига, аппендикс ичи маҳсулотларининг тутилиб қолиши ва натижада яллиғланиш жараёни – аппендицит ривожланишига олиб келиши мумкин.

Шундай экан болалик даврида аппендикс лимфоид «горнизон»идан воз кечиш ва умрбод ривожланиши мумкин бўлган яллиғланиш жараёни эҳтимолидан қутулиш яхши эмасмикан? Айрим хориж мамлакатларида чувалчангсимон ўсимтани болалар гўдаклик чоғидаёқ олиб ташлашга уринишлар бўлган, лекин тиббиётнинг олтин қоидаси «зарар берма» деган фикрга кўра мутахассислар аппендикс фаолиятини тўлиқ текширишга киришдилар.

Энг қулай эксперементал модел қуён бўлиб чиқди. Бу жониворда одамдаги аппендиксга ўхшаш кўричакда ўсимта мавжуд. Дастлаб қуёнлар организмига лимфоид тўқимани бузувчи модда киритилди. Сўнг инфекцияга қарши кураша оладими, йўқми билиш учун уларга тиф қўзғатувчилари юборилди. Кутилганидек жавоб сифатида антителолар ишлаб чиқарилмади. Аммо шу қуёнларга тиф қўзғатувчилари қайта юборилганда кутилмаган натижа аниқланди: текширувчилар ҳайрат билан организмда махсус антителолар пайдо бўлганини кузатишди.

Қуёнларда ўсимта фолликулаларидан ташқари ҳамма лимфоид тўқима ҳимояга яроқсизлиги, фаолияти  бузилганлиги аниқланди. Унда нафақат сақланган балки, катталашиб, антиген қайта юборилганда ҳимоя реакциясига киришганлиги маълум бўлди. Тадқиқотчилар тажрибани қайта-қайта такрорлашса ҳам бир хил натижага эришилди. Бу ўсимта (одамларда аппендикс) лимфоид аппарати заҳира деган тахминга асос бўлди. Заҳира ўз номи билан заҳира. Ундан сабабсиз воз кечиш эса ақлсизлик бўларди.

Аммо аппендикс фақатгина «ичак бодомча бези» сифатида фаолият кўрсатмай балки, йўғон ичакдаги доимий микрофлорани сақлаб туради. Аппендикс ичак таёқчалари учун инкубатор вазифасини бажаради. Бу ерда улар ичак микрофлорасининг энг муҳимларидан бири сифатида яшайди. Айнан шу ердан янгидан-янги ичак таёқчалари порциялари чиқиб, ичакдаги кўпгина фаолиятларда қатнашади. Жумладан, бошқа патологик микроорганизмларни кўпайишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, ичакда «В» гуруҳи витаминларини ишлаб чиқарилишида қатнашади. Маълумки, дисбактериозлар ичак таёқчаси сонини камайиши билан кечиб, оғир В витамин етишмовчилиги билан характерланади.

Аниқланишича, аппендикс секрет ишлаб чиқариб, у микробларни  қириш хусусиятига эга экан. Аппендикс ишлаб чиқарадиган секретлар таркиби олимларни шунчалик қизиқтириб қўйдики, унинг бу хусусиятидан патоген микробларни ноактив ҳолатга ўтказиш ёки бартараф қилиш имконини берувчи лион ферментлар ишлаб чиқиш йўлларини қидиришмоқда.

Афсуски, ҳозиргача чувалчангсимон ўсимта фаолиятига доир маълумотлар кам тўпланган. Унинг айрим фаолиятлари у кўп қиррали эканлиги ва танамизда «ортиқча» эмаслигини исботламайдими? Яратганнинг айнан аппендиксда шунчалик кучли лимфоид тизимни яратишининг қандай сабаби бор эди? Яна нима учун бу аъзо қон томирлар ва асаб толаларига бунчалик бой? Ахир бор йўғи 8-15 см.ли ўлчамдаги кичик аъзодаги асаб толалар ингичка ва йўғон ичакнинг биргаликдаги асаб толалари миқдори билан тенглашади. Аппендикс рудимент аъзо эмас, эволюциянинг сўнгги босқичларида пайдо бўлган аъзо деб тахмин қилувчи мутахассислар фикри тўғридир. Бунинг исботи шуки, эволюциянинг энг юқори поғоналаридаги сут эмизувчилар орасида приматлар (одамсимон маймунлар) ва инсонлар аппендикс яхши ривожланган мавжудотлар саналади.

Баҳодир Ҳамидов,

ТошПТИ доценти, тиббиёт фанлари номзоди

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!