TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Қадамлар – феълингиздан дарак

Инсоннинг қадам ташлаши унинг руҳий ҳолатини тўла кўрсатиб беради (бироқ ёшига ҳам эътибор бериш керак). Кайфият ўзгарган пайтда қадам ташлаш ҳам ўзгаради. Севимли кишимиз билан учрашувга ёки бошқа бир ёқимли воқеалар қуршовига кетаётганда биз учгандек юрамиз. Тақдир зарбаларига дуч келганда эса судралиб, зўрға қадам ташлаймиз, вазифамиз бўйича юрганда шошиб ҳаракат қиламиз, ўзимизни бош ролда эканимизни билиб турганда савлат тўкиб юрамиз. Ўз-ўзидан мамнун, димоғдор одамларнинг қўллари дадил ҳаракатланади, оёқлари худди ясаб қўйилгандек, ияги баланд кўтарилган, қадам ташлаши эса мажбурият юзасидан бўлади. Тобе одам бошлиқнинг орқасидан худди ўрдакча она ўрдак орқасидан эргашгандек юради. Агар одамда аниқ мўлжал бўлмаса, у секин уйқусирагандек юради, мўлжал пайдо бўлиши билан қадамлари тезлашиб, кенгайиб бошлайди. Юришига қараб қоронғида ҳам аёл ёки эркак киши кетаётганини аниқлаш мумкин (эркак киши аёлга нисбатан кенг қадам ташлайди).

Ҳаракат ритмига қараб юришлар бир-биридан фарқланади.

Мақом билан қадам ташлаш яхши кайфият, ҳаракатга тайёргарлик белгиси. Одатда кўпгина ёш қизлар ва кибрли-беғам кишилар ана шундай бир мақомда чайқалиб юришдан роҳатланадилар.

Бир меъёрда, текис қадам ташлаш – мўлжал сари ғайрат билан қилинаётган ҳаракат. Ҳарбий хизматда сафда қадам ташлаётган солдатларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Ритмни бузган ҳолда қадам ташлаётган одам ўзида эмас, унинг истакларига қандайдир кучнинг халал бериши уни иккиланишга ёки ишончнинг йўқолишига олиб келган. Бундай юриш нимадир халал бераётганини, ўйчанликни, ички эркинлик етишмаслигини, ҳадиксираётганликни (масалан, дарсга тайёр бўлмаган ўқувчининг доскага чиқаётгандаги юришини эсланг) билдиради.

Айрим сабабларга кўра қадамлар тезлиги, кенглиги, юрганда тана ҳаракати ўзгариши мумкин. Асосан аёлларда кийган оёқ кийимига қараб ўзгаради. қадамлар тезлиги мижозга ва истакнинг кучига боғлиқ. Кенг қадамлар – ишбилармон, эркин одамларга хос. Қисқа, майда қадамлар – эҳтиёткор, ҳисоб-китобли, ўзини тута биладиган, мослашувчан одамларга хос. Сезиларли даражада майдалиги туфайли тез-тез қадам ташловчи одамлар ҳовлиқма ва ҳурковуч бўладилар.

Алоҳида таъкид билан кенг ва секин қадам ташлаш ҳамиша ўз кучини ва шахсиятининг қийматини атрофдагиларга намойиш этиш истагини билдиради.

Бўшанг қадам ташлаш қизиқишнинг йўқлиги, бефарқлик, умид ва жавобгарликни инкор этиш, ўз-ўзини тергаш, тартибга солишнинг етишмаслигидан дарак беради.

Тўлалигича эркин, ҳеч қанақанги ортиқча ҳаракатларсиз, тинч ва таранг, тез ҳам эмас, секин ҳам эмас, катта ҳам эмас, майда ҳам эмас, бир маромдаги қадам эгаси – тинч, ўзига ишонган одам – ўзининг нима хоҳлаётганини яхши биладиган, ортиқча ҳаракатлар билан ўзини реклама қилмайдиган ҳақиқий шахс.

Тебраниб юриш. Агар ҳар қадамда тананинг юқори қисми тебранса (ҳар оёқ ташлаганида бир у, бир бу елкаси бурилади) ва ҳар қадамида намойишкорона табиат сезилса, бундай одамда ўзини кўрсатиш истаги шу қадар кучлики, оқибатда кўр-кўрона ва ясама ҳаракатлар юзага келади. Ўзига ишонган, содда-сезгир одамлар олдинга ва орқага бироз тебраниш билан кучли ритмли қадам ташлайдилар, ўзини яхши кўрувчи одамларнинг елкаси бир текисда тебранади.

Оёқларни бир-бирига уриб юриш иродасизлик ва интилишнинг йўқлиги, чарчоқлик, сусткашликни англатади.

Оғир «мағрур» қадам ташлаш (майда қадамлар билан секин юради; танасининг юқори қисмини ўта тўғри тутади, бироқ ритм йўқолиб кетади ёки бузилади) калондимоғ, ўзини севувчи, ўзига юқори баҳо берувчи одамларга хос.

Нотабиий қадам ташлаш, бесўнақай юриш сиқиқлик, ташқи ҳаёт билан муносабатнинг етишмаслиги, қўрқоқлик, эркин кўринишга лаёқатсизлик белгиси.

Нотабиий кескин қадам (сезиларли даражада катта ва тез қадамлар, қўлнинг орқа-олдинга тез-тез бориб келиши) – сохта фаолликни намойиш этишга бўлган беҳуда уринишни билдиради. Оёғининг учини доимий юқорига кўтариб юрадиган кишиларда идеал одам бўлиб яшашга, устунликка (асосан ақлий жиҳатдан) интилиш, изланиш кучли бўлади.

О.Йўлдошева

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!