TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ҚИЗИЛЎНГАЧ ВА МЕЪДА САРАТОНИ

Замонавий тиббиёт хавфли ўсма касалликларини даволашда салмоқли йўлдан ўтганлигига қарамасдан, саратон ташхиси ҳанузгача инсон учун ўлимга ҳукм деб тушунилади.

Кўкрак қафаси оғриса…

Онкологларнинг таъкидлашича, қизилўнгач саратони ривожланишига асосан кимёвий, канцероген маҳсулотлар (масалан, нитратлар), физикавий омиллар (ионлашган радиация, ультрабинафша нурлар, механик таъсиротлар), атроф-муҳитнинг ифлосланиши туртки беради. Бундан ташқари, балиқ қилтаноқлари, чойни қайноқ ичиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, дудланган гўштни кўп ейиш, ётиб овқатланиш қизилўнгач деворини шикастлантиради ва ушбу аъзонинг сурункали касалликлариг олиб келади. Булар ўз навбатида қизилўнгач саратонига сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу касалликда асосан кўкрак қафаси оғрийди, овқат тиқилиб, баъзан тирналиб ўтади, кейинчалик бу ҳолат кучайиб бориб, бора-бора қуюқ овқатлар ҳам қийналиб ўтадиган, кейинчалик умуман овқат ўтмайдиган бўлиб қолади. Бемор озиб кетади.

Қизилўнгач саратонининг илк белгилари пайдо бўлиши биланоқ онколог-шифокорга бориб, текширувлардан ўтиш керак. Касалликни даволашда уни эрта босқичларда аниқлаш катта аҳамиятга эга.

Қизилўнгач саратони кўпроқ эркакларда, хусусан, 60-70 ёшли, наслида саратон касаллиги бўлган одамларда учрайди. Шундай экан, хавф гуруҳига кирувчи кишилар вақти-вақти билан шифокорга бориб, ўзларини текширтириб турганлари маъқул.

Касаллик консерватив ва жарроҳлик йўли билан даволанади. Жарроҳлик йўли билан асосан қизилўнгачнинг ўрта ва пастки қисми даволанади. Бошқа ҳолларда нур ва кимёвий даво қўлланилади.

Иштаҳа қайга кетди?

Меъда саратони ўсма касалликлари ичида энг кўп учровчи касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга қараганда, дунё миқёсида йилига 1 миллионга яқин кишида меъда саратони аниқланади, 600 мингдан зиёд киши ушбу касаллик сабабли оламдан ўтади.

Ҳозирги кунда замонавий диагностик усуллар меъда саратонини эрта босқичларда аниқлашга тўла имкон беради. Лекин шуниси аянчлики, биринчи ва иккинчи босқичларда беморлар даволанишга жуда кам мурожаат этишади.

Қуйидагилар касаллик келиб чиқишининг асосий сабаблари ҳисобланади:

— ирсий омил (яъни наслий мойиллик);

— дудланган, тузланган, ўта қовурилган маҳсулотларни доимий равишда кўп истеъмол қилиш;

— чекиш;

— спирли ичимликлар истеъмол қилиш;

— саратон олди жараёнлар – сурункали атрофик гастрит, меъда яраси, пернициоз анемия, меъда резекциясидан кейинги ҳолат, меъда полиплари, иммун танқислиги ҳолатлари.

Меъда саратонининг эрта босқичларида деярли ҳеч қандай белгилар учрамайди. Касаллик ривожлана бориши билан клиник белгилар намоён бўла бошлайди:

— 70-80 фоиз беморларга иштаҳа йўқлиги ва сабабсиз озиш хос;

— умумий ҳолсизлик ва тез чарчаш;

— киндик усти соҳасида нохуш сезгилар, оғриқ бўлиши;

— иштаҳа пасайиши;

— овқатлангандан сўнг оғирлик ҳисси, баъзи ҳолларда овқатнинг қадалиб ўтиши;

— кўнгил айниш, қайт қилиш;

— ахлат рангининг қорайиши;

— тез тўйиб қолиш ҳисси.

Меъда ўсмаси овқат ҳазм бўлишининг бузилишига, овқатнинг ичакларга ўтишига тўсқинлик қилиши мумкин. Ўсма меъда деворларидан ўсиб ўтиб, қўшни аъзолар – меъда ости бези, йўғон ичакка тарқалиш эҳтимоли бор. Ўсма қизилўнгачга яқин жойлашганида қизилўнгачга тарқалиб, овқат ўтишининг бузилишига, натижада беморнинг кескин озиб кетишига олиб келади. Ўсма жараёни қон ва лимфа томирлари орқали бошқа аъзоларга (жигар, ўпка, бош мия, тухумдонлар) метастазлар бериши мумкин.

Соғлом одамда иштаҳа йўқлиги ва сабабсиз озиш, умумий ҳолсизлик ва тез чарчаш, киндик усти соҳасида нохуш сезгилар, оғриқ бўлиши, иштаҳа пасайиши, овқатлангандан сўнг оғирлик ҳисси, кўнгил айниши, қайт қилиш каби белгиларнинг пайдо бўлиши, сурункали гастрит ва меъда яра касаллиги бўлган беморларда белгилар характерининг ўзгариши текширувдан ўтиш лозимлигини кўрсатади. Оз миқдорда овқат истеъмол қилганга қарамасдан ошқозонда тўлиш ҳисси пайдо бўлиши, кўнгил айниб, қайт қилиш, овқат ўтишининг қийинлашуви кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Меъда саратонини тасдиқлаш ёки инкор қилиш учун махсус текшириш усуллари қўлланилади. Эндоскопик текширувда қизилўнгач, меъда, 12 бармоқ ичак ҳолати кўрилади, шубҳали қисмлардан микроскопик текшириш учун биопсия олинади. Меъдани контрастли рентген текшируви меъдадаги ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. Қорин бўшлиғи аъзолари ҳолатини аниқлаш учун ультратовуш текшируви ўтказилади. Компьютер томографияси жараённинг қанчалик тарқалганлигини, қайси аъзоларга алоқадорлигини, узоқлашган метастазларни аниқлаш учун ёрдамчи усул ҳисобланади. Кўкрак қафаси рентгенологик текширувида ўпканинг ўсма билан зарарланишини аниқлаш мумкин.

Меъда саратонига қарши жарроҳлик, кимёвий ва нур билан даволаш усуллари қўлланилади. Меъда саратони бошқа даволаш усулларига сезувчанлиги пастлиги сабабли асосий радикал усул – жарроҳлик усули ҳисобланади.

«Касалликни даволашдан олдини олиш афзал», деб бежиз айтилмаган. Соғлом турмуш тарзи, саратон касаллиги олдидаги қўрқувни енгиш касалликнинг олдини олишда муҳимдир. «Арзимас» белгилар билан шифокорга мурожаат этишни эп кўрмасликдан кўра, текширувлардан ўтиб, касалликни кечки босқичларда даволаган маъқул.

'ҚИЗИЛЎНГАЧ ВА МЕЪДА САРАТОНИ' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3082">

    17.10.2017 @ 22:58

    Мени онам оламдан утганди бир йил олдин кизил унгач касалиги дейишди духтирлар аник айтишмади жавоб ни хозир опамда уша холат кайтарилмокда домогида огрик бор бир нарса истимол килса кийин утади агарда кизил унгач касалиглари буйича духтир булса илтимос жавоб еки кантактизни езинг мен опам ни олиб бораман айтган шфохонаезга

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!