TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Альцгеймер ақлдан мосуво қилади…

Инсоннинг ёши ўтиши билан фақат танасигина эмас, балки миясининг пушталари ҳам аста-секин ишдан чиқа бошлайди.

Альцгеймер касаллиги мия функциясининг сўниши аломатларидан биридир. Бу касаллик қарилик маразми, деб ҳам аталади, одам худди ёш боладек бўлиб қолади. Бемор бўлиб ўтган воқеаларни эслаб қололмайди, қайси кунлигини, ҳафталигини, ўзининг ёшини, турар жойини билмайди. Энг ёмони, бемор яқинларини, ҳатто хотини, ўғил-қизларини танимай қолади. Одамлар билан мулоқот қилиш қобилиятини йўқотади. Оддий ишларнинг қандай бажарилишини билмайди. Ўзига қарамайди.

Бундай беморларга доим ёрдам бериб туриш керак бўлади. Улар газни ўчиришни, оқиб турган сувни тўхтатиш зарурлигини эсдан чиқариб қўядилар.

Альцгеймер касаллиги кекса ва жуда қариб қолган одамларда пайдо бўлади ва эси пастликка олиб келади. 65-70 ёшларда 5,7 фоизни, 85 ёшдан кейин 43 фоизни ташкил қилади. Ҳозирги кунда 55 ёшдан ошганларда, ҳатто, ёшроқларда бошланиши мумкин бўлиб қолди.

«Lanсet» журналининг маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича эсипаст қариялар сони 24,1 миллион. 2040 йилга бориб, улар сони 81,1 миллионга етади.

Қариялар эси пастлиги пайдо бўлиши сабабларини ўрганадиган мутахассисларнинг фикрларича, бу касалликнинг нима сабабдан келиб чиқиши ҳануз номаълум, лекин касалликнинг ривожланишида ирсий омилнинг ва ёш ўтиб, қаришнинг аҳамияти катта. Энг аввало, хотиранинг пасайишини айтиб ўтиш керак. Ҳамма нарсани эслаб юрадиган, кўп ўқийдиган, илмга, билимга ташна, ҳаётга қизиқадиган одамлар керакли пайтда хотиралари панд бериши ҳақида ўйламасалар ҳам бўлади. Иложи борича, одам ўзи ёқтирадиган иш билан шуғулланиши, қурби етганча албатта ишлаб туриши, зерикишга вақт қолдирма-са, ҳаёт завқли бўлади.

Ёшга хос ўзгаришлар албатта табиий ҳол. Текширишлардан шу нарса аниқланганки, қариганда бош мияда қон айланишининг сусайиши мияни глюкозани кислородсиз сингдиришига олиб келади, бунинг натижасида мияда сут кислота тўплана бошлайди. Бу жараённи жиловласа бўлади, бир меъёрда куч (юк) бериш миянинг ишлаб турган зоналарини қон билан таъминланишини яхшилайди. Айни вақтда мияга ортиқча зўр келиши ва доимо асаб бузилиши Альцгеймер касаллигига олиб келиши мумкин.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ҳаракатсизлик мия учун ўлим билан баробар, айтганча, қариганда мияга ортиқча зўр келиши ҳам ёмон. Одам артериал қон босимига қараб, аҳволини яхшилаб туриши, жуда толиқиб, мияси чарчаб қолганда ҳар қандай йўл билан мияни «қамчилаш» оғир оқибатларга олиб келади. Одам ўз куч-қувватини билиши шарт, мияни зўр бериб ишлатмаслик керак, лекин мияни машқ қилдириб туриш зарур. Шу нарса шубҳасизки, одам ёшлигидан фикр юритиб яшашга ўрганса, мия зоналари узоқ вақтгача фаол бўлиб туради. Ижобий иш билан шуғулланадиган, серғайрат, шижоатли одамларда ҳаётдаги воқеаларга, нарсаларга бошқача, яхши кўз билан қарайдилар, фикрлари тиниқ бўлади, мия яхши ишлайди.

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!