TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

АЛОЙГА ЯШИРИНГАН ХИСЛАТЛАР

Алой (алоэ) – лоладошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи ватанида 4 метргача етадиган доим яшил дарахтсимон ўсимлик. Ватани – Африканинг жануби-шарқидаги ярим чўл ҳудудлари.

Тиббиётда алой баргининг қуритилган шираси – сабур ва бошқа препаратлари ишлатилади. Барг ва сабур таркибида антрацен ҳосилалари, қатронлар, эфир мойи ва бошқа моддалар бор. Сабурнинг катта дозаси сурги дори сифатида, кичик дозаси овқат ҳазмини яхшилаш ва иштаҳа очиш мақсадида ичилади. Биоген стимуляторларга бой баргларидан суюқ экстракт (флакон ва ампулаларда чиқарилади), линимент (эмулсия), шира, шарбат ва таблетка тайёрланади. Суюқ экстракти ва таблеткаси кўз касалликларида ҳамда бошқа касалликларда (меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси, бронхиал астма) қўлланилади. Алой линименти ва шираси куйганга, турли яраларга, қуруқ ва ҳўл эпидермитларга, нур терапия натижасида II-III даражали куйганда ишлатилади. Шираси яна гастрит, энтероколит ва қабзиятда ичилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, бундан минг йил муқаддам қадимги Миср, Юнонистон, Римда, шунингдек, ҳиндулар ва хитойлар томонидан бир қатор касалликларни даволашда ана шу ўсимликдан фойдаланилган. Эндиликда уни излаб тоғу тошларга, дашту биёбонларга боришнинг ҳожати йўқ, алой уйда ўстирилади.

Алой баргининг шарбати ва шарбатидан қилинган суртма дорилар дармонсизланиш, бош оғриғи, силни даволашда ишлатилади.

Халқ табобатида алой шарбати кенг қўлланилади. Масалан, ич қотишига қарши қуйидаги малҳамдан фойдалаиш мумкин: 100 г алой барги, 4 ошқошиқ асал олинади. Ўсимлик барги кесилиб, икки ҳафта совутгичда сақланади, сўнг шарбати сиқиб олиниб, асал билан аралаштирилади. Сурункали ич қотиш рўй берганда овқатдан 30 дақиқа олдин аралашмадан 1 ошқошиқ тановул қилинади. Икки кундан кейин унинг миқдори ярмига қисқартирилади.

Алой ва чўл ялпизи дамламаси. Бунинг учун 1 ошқошиқ алой, 2 ошқошиқ чўл ялпизининг барглари, 2 ошқошиқ сариқчой (зверобой) керак бўлади. Тайёрлаш усули ва қўллаш: ўт баргларини майдалаб қайноқ сув қуясиз. 30 дақиқа тиндириб қўйгач, аралашмани сузиб оласиз. Ушбу шарбатдан оғиз шиллиқ қавати ва милклар яллиғланганида оғиз бўшлиғини чайишда қўллаш тавсия этилади.

Алой ва дўлана дамламаси. Керак бўлади: 1 ошқошиқ алой, 10 ошқошиқ дўлана, 3 ошқошиқ сариқчой, 3 литр сув. Тайёрлаш усули ва қўллаш: дўлана ва сариқчойни сирланган кастрюлга солиб, қайноқ сув қуйилади, сўнг кастрюлни бирор иссиқ сақлайдиган нарса билан ўраб, 48 соат қўйиб қўйилади. Фурсат бўлгач, шарбат докадан ўтказилади. Дўлана мевасини ҳам сиқиб, шарбатга қўшилади. Ушбу шифобахш шарбат ҳар куни 4 маҳал овқатланишдан 15 дақиқа аввал ярим стакандан истеъмол қилинади. Бу қайнатма кўкрак қисиши ва ишемик касалликларга қарши яхши воситадир.

Ўтлар дамламаси. Керак бўлади: 1 ошқошиқдан алой, сариқчой, дорихона мойчечаги, қирқбўғин ва 500 мл сув. Барча ўтларни идишга солиб, устидан қайнаб турган сув қуйилади ва 20 дақиқа тиндириб қўйгач, сузилади. Ушбу дамлама юрак мушаклари тортишиб қолишида истеъмол қилинади. Тайёрланган дамламанинг ҳаммасини бир кун мобайнида секин-секин ичишингиз керак бўлади. Энг яхшиси, дамламани ичиш чоғида оғизда бир неча лаҳза ушлаб турилса, самараси яхши бўлади. Даволаниш курси 7-10 кун. Дамламани истеъмол қилишнинг энг мақбули овқатланиш олдидан ва оч қоринга қабул қилишдир.

Жароҳатларга ва лат еганда фойда берадиган малҳамлар. Лат еган жойлардаги шишни бартараф этиш учун алойдан шарбатлар тайёрлаш: 100 г алой барги, 200 г шакар керак бўлади. Тайёрлаш усули: алой баргларини майдалаб оғзи каттароқ шиша идишга солинади. Сўнгра унга тўлгунча шакар  солиб, идишнинг оғзи дока билан ёпилади ва 3 кун тиндириб қўйилади. Шундан кейин массани сиқиб шарбати чиқариб олинади ва сузилади. Шарбатни кунига уч маҳал овқатдан олдин 1 ошқошиқдан қабул қилинади.

Эслатма: уй шароитида бирор муолажани қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!