TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Арпабодиён – шифога кон

Абу Али ибн Сино арпабодиён ҳақида шундай дейди: “У кўзни ўткир қилади ҳамда кўзга сув тушиш (яъни катаракта) бошланган вақтда фойда қилади. Сийдик ва ҳайз қонини юриштиради, ёввойиси тошни майдалайди, буйрак ва қовуққа нафи бор. Уруғини илдизи билан қўшиб ейилса, ични қотиради”.

Арпабодиён – зирадошлар (соябонгулдошлар) оиласига мансуб, 20-60 см баландликдаги бир йиллик ўт ўсимлик. Майда, оқ рангли, беш бўлакли гуллари мураккаб соябон гултўпламига жойлашган. Меваси – тухумсимон шаклли, қўнғир-кулранг, ўзига хос ёқимли ҳушбўй ҳидли ва ширинроқ-ҳушбўй мазали қўшалоқ донча.

Май-июнь ойларида гуллайди, меваси июнь-июль ойларида етилади.

Овқатга зиравор маҳсулот сифатида арпабодиённинг тўлиқ пишиб етилган мевалари қўлланилади. У нон пиширишда, ширинликлар (қандолатчиликда) ва ароқ-ликёрлар тайёрлашда ишлатилади. Маринадлар ва консерваларни хушбўй ҳидли қилишда, сабзавотларни (бодринг, лавлаги, гулкарам, сабзи ва бошқалар) тузлашда ҳам фойдаланилади. Майдалангани турли пироглар, печенье, пряник, кекс ва бошқа ширинликларга ҳамда ҳар хил таомларга (сутли ва мевалардан пиширилган шўрваларга, гуручдан тайёрланган ширин овқатларга), пудингга, мевалардан тайёрланган салатларга қўшилади.

Арпабодиён меваси таркибида 1,2-3,2 фоиз (баъзан 6 фоизгача) эфир мойи, 28,4 фоизгача мой, оқсил ва бошқа моддалар бор.

Арпабодиён эфир мойи рангсиз ёки сарғиш рангли суюқлик бўлиб, ўзига хос ёқимли ҳид ва ширинроқ мазага эга. У 80-90 фоизгача ўзининг асосий таркибий қисми – анетолдан ташкил топган.

Арпабодиён мевасини кули таркибида калий, кальций, темир, мис, рух, хром, алюминий, селен, молибден, стронций, никел, бор ва бошқа макро ва микроэлементлар тузлари бўлади.

Қадимги табиблар ўзларини даволаш жараёнида арпабодиён мевасини кенг ишлатганлар. Юз ва оёқ шишларида, жигар, қораталоқ, буйрак, қовуқ касалликларида, қийинлашган нафас олишда, бош оғриғида, кўз ва бошқа касалликларда ҳамда пешоб ҳайдовчи восита сифатида тавсия қилинган.

Халқ табобатида арпабодиён мевасидан тайёрланган дамлама билан меъда-ичак касалликлари даволанади. Бу дамлама яна иштаха очувчи, пешоб ва ўт ҳайдовчи, терлатувчи, енгил сурги ҳамда чанқовни босувчи дори сифатида қўлланади.

2 ошқошиқ арпабодиён меваси 1 стакан қайнаган сувга солиб, 15 дақиқа дамланади. Сузиб, овқатланишдан кейин оғиз чайилса ва ғарғара қилинса, нохуш ҳидни йўқотади.

Арпабодиён эфир мойи антисептик, яллиғланишга қарши ҳамда шиллиқ қаватларга кучли қитиқловчи таъсир кўрсатади. Шунинг учун арпабодиён меваси, эфир мойи ва улардан тайёрланган дори турлари илмий тиббиётда бронхит ва нафас олиш йўлларининг бошқа шамоллаш касалликларида балғам кўчирувчи, йўтални тўхтатувчи дори сифатида ҳамда товуш чиқмай қолиш ҳолларини даволаш учун ишлатилади. Меваси ва эфир мойи яна буйрак, сийдик пуфаги ва сийдик йўллари касалликларида, ич дам бўлганда ел ҳайдовчи восита сифатида, ичак фаолиятини яхшилаш учун ҳамда баъзи шамолаш касалликларини даволашда қўлланилади.

Арпабодиён меваси сурги сифатида ишлатиладиган ҳамда юқори нафас йўллари шамоллаганда қўлланиладиган балғам кўчирувчи, кўкракни юмшатувчи ва уни оғриғини қолдирувчи йиғмалар – чойлар таркибига киради. Мева эфир мойи балғам кўчирувчи восита сифатида бронхит ва бошқа нафас олиш йўллари шамоллаш касалликларида қўлланиладиган новшадил – арпабодиён (нашатир-арпабодиён) томчиси, кўкрак эликсири ва бошқа дорилар таркибига киради.

Фармацевтика амалиётида эфир мойи ёқимсиз таъмли дори турларини мазасини ва ҳидини яхшилаш учун ишлатилади.

“Туҳфаи Ҳусайний” (“Ҳусайн туҳфаси”) асарининг муаллифи Саййид Муҳаммад Ҳасрат арпабодиёнга шундай таъриф берган:

Бу гиёҳ тиқилма қувар кишидан,

Буйракдан ва ёки қовуқ  шишидан.

Жигару талоққа фойда, яна ел –

тарқатар қовуриб еганида эл.

Эски сил дардига ундан фойда бор,

Яна бош айланса – манфаати ёр.

Хоҳи егин уни, хоҳи ҳидлагинг,

Шундай баён қилдик, яхши ўйлагин.

Майдалаб гул ёққа қўшиб ҳар замон,

Бурунга томизса – фойдаси аён.

Урилиш, сиқилиш ёки қулашдан,

Қулоғинг оғриса – ёзар ташвишдан.

Эркакми-хотинми еганда кўпроқ,

Сийдикни қувади, ҳайз агар шу чоқ.

Чанқашга сабабчи бўлганда балғам,

Ҳакимлар нақлича – қувар уни ҳам.

Маний ила сутни оширар танда,

Қутқарар – заҳарга ким бўлса банда.

'Арпабодиён – шифога кон' 3 комментария

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-172">

    20.06.2015 @ 12:12

    Озиш арпабодиён билан мумкинми?

    li class="comment odd alt thread-odd thread-alt depth-1" id="comment-362">

    01.03.2016 @ 16:14

    Рахмат

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-1196">

    18.12.2016 @ 17:23

    Salom,mani ismim Aziza,man bazi payt konglim aynip boshim qatiq ogrip sapsaruq achiq qusaman.nima maslaxat berasla shu arpabodiyon ichsam boladimi

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!