TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

АСАЛАРИНИНГ ЗАҲАРИ ҲАМ ШИФОБАХШ

Апитерапия, яъни асалари заҳари билан даволаш халқ табобатида қадим замонлардан бери қўллаб келинади. Айниқса, нерв хасталиклари, тери, қон-томир касалликларни даволашда кенг қўлланилади.

Ари заҳари – ишчи ариларнинг алоҳида заҳар ажратадиган безидан чиқадиган суюқлик бўлиб, у ариларнинг ҳимоя воситаси ҳам ҳисобланади. Ари заҳари мураккаб таъсирга эга, у арининг чақиш сони, заҳар миқдорига ва ари чаққан жойларга, инсон организмининг ари заҳари сезувчанлигига боғлиқ. Бирданига кўп ари чақса, одам оғир аҳволга тушиб қолиб, боши айланади, оўрийди, кўнгли айнийди, сўлаги оқади, ҳамма еридан муздек тер чиқиб, тер босади, ичи кетиб, қон босими тушиб кетади, бир оз вақт ўтгандан кейин иситмаси кўтарилади. Сийдик қизариб, қон аралаш бўлади. Аёллар ва болалар ари заҳарига сезгирроқ бўлишади, уларда заҳарланиш оғирроқ ўтади. Бундай ҳодисада кўпроқ суюқлик ичиш керак.

Ари заҳари оз миқдорда шифобахш дори. Қон айланишини бир неча марта яхшилайди, уйқу яхшиланади, оўриқ камаяди, қон босими тушади, сийдик ажралиши тезлашади.

Қуйидаги касалликларда арига чақтириш мумкин: бош оғриғи; периферик нерв тизими хасталиклари (бел оғриғи, юз нерви фалажи, полиневрит, қовурғалараро неврит ва невралгиялар); узоқ битмаган яралар (трофик яралар); қон томир хасталиклари (тромбофлебит, эндоартрит, атеросклероз); бронхиал астма; мигрень; гипертониянинг 1- ва 2-босқичлари; қулоқ ва бурун-томоқ хасталиклари.

Ари заҳарига ўта сезгирлик; юқумли хасталиклар; сил; асаб ва руҳий хасталиклар; жигар ва меъда касалликларининг ўткир даври; буйрак касалликлари; сепсис – қон таркибида йиринг бўлганда; қон касалликларида, шунингдек, ҳомиладор аёлларга ари чақтириш мумкин эмас.

Ари заҳари билан даволанишдан олдин беморни ҳар томонлама ўрганиб, ари заҳарига монелик бор-йўқлигини аниқлаб, 1 дона арига чақтириб, игнасини 10 сониядан кейин суғуриб ташланади. Эртасига сийдикда оқсил пайдо бўлмаса, яна 1 та арига чақтириб, игнасини 1 дақиқадан кейин олиб ташланади. Сийдикда оқсил бўлмаса, кейин арига чақтириш қуйидаги тартибда бошланади.

Ари белидан ушлаб, 1 кун 1 дона арига чақтирилади. Эртасига 2 та, индинига 3 та, ҳар куни 1 донадан ари сонини кўпайтириб бориб, 10 кунда 10 дона арига чақтирилади, ари игнасини 2 дақиқа ичида суғуриб ташлаш керак.

Биринчи чақтиришда 55 ари заҳари кетади. 3-4 кун дам олгандан кейин яна арига чақтириш бошланади, бунда ҳар куни 3 та арига бирданига 1,5 ой давомида чақтирилади. Бемор арига чақтиргандан бошлаб 140-150 дона ари заҳарини ишлатади. Айрим ҳолларда 200 донага етади. Ари чаққандан кейин чаққан жойда шиш қолмайди.

Шу вақт ичида беморнинг аҳволи яхшиланмаса, арига чақтиришга ҳожат йўқ.

Арига чақтириб даволанаётганда ҳар хил сувларда чўмилиш, спиртли ичимликлар ичиш ман қилинади. Ари чақтирилгандан кейин 1 соат ётиш керак.

«Халқ табобати» китобидан 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!