TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

АТРОФИЯ – ИНТИҲОГА ЕТАКЛОВЧИ ДАРД

Атрофия аслида юнонча сўз. Уни ўз тилимизга таржима қилганда кичрайиб, қуриб қолиш, қуриш, ўлиш, фаолият қобилиятини йўқотиш сўзлари билан ифодалаш мумкин. Хўш, бу қандай касаллик?

Атрофия бу…

  1. Аъзо ёки тўқималар ўлчамининг улар фаолияти бузилиши (тўхташи) ҳисобига кичрайиши; умумий ва маҳаллий, физиологик (масалан, қариганда тер безларини қуриши) ва патологик бўлиши мумкин;
  2. Кўчма маънода – заифлашиш, қандайдир ҳисларни йўқотиш.

Хуллас, атрофия деганда тўқима ва аъзолар ҳажмининг кичрайиши назарда тутилади. Кексаликда тўқима ва аъзоларнинг физиологик атрофияси кузатилади: мушаклар ва ички аъзолар ҳажми кичраяди, тери юпқалашади ва ўз эластиклигини йўқотади.

Қандай юзага келади?

Тўқималар атрофияси умумий очликда, шунингдек, қон айланишининг бузилиши (масалан, қон томирларнинг торайиши ва тўсилиб қолиши туфайли) оқибатида маҳаллий озиқланишнинг бузилиши натижасида ҳам юзага келади.

Атрофия  аъзонинг ҳаракатсизлиги оқибатида юзага келиши мумкин. Агар мушаклар ишламаса, қуриб қолади. Атрофия асаб тизими зарарланганда, масалан, фалажликда кузатилади. Бундай ҳолларда у фалажланган аъзо ҳаракатсизлиги оқибатида, энг асосийси, модда алмашинуви ва тўқималарнинг озиқланишини назорат қилувчи трофик нервлар фаолиятининг бузилиши ёки тўхтаб қолиши натижасида юз беради. Шунингдек, доимий босим остидаги тўқима ва аъзолар ҳам кичрайиб, қуриб қолиши мумкин. Масалан, организмда ўсма пайдо бўлиб, доимий ўсувчан бўлганда ҳам қўшни аъзолар атрофиясини юзага келтиради.

Турлари

Атрофия физиологик ва патологик турларга ажратилади.

Физиологик атрофия бутун ҳаёт давомида кузатиладиган жараён. Бунга кексаликдаги атрофияни мисол сифатида келтириш мумкин. Бу қариш жараёнида ёшга оид морфологик ҳолат.

Патологик атрофия маҳаллий ва умумий бўлиши мумкин. Маҳаллий атрофияни сабаблари ва ривожланиш механизмларига кўра қуйидаги турларга ажратишади:

  1. Ҳаракатсизлик натижасидаги атрофия. У аъзо фаолиятининг сусайиши оқибати сифатида ривожланади (масалан, суяк синишларини даволашда давомий ётоқ режими муҳитида ва ҳоказо)
  2. Ишемия оқибатида юзага келган атрофия. Аъзоларни озиқлантирувчи артерияларнинг торайиши оқибати сифатида ривожланади. Гипоксия ҳужайраларнинг камайиши ва аъзо фаолияти сусайишига олиб келади. Бундан ташқари, гипоксия склероз ривожига ҳам туртки бўлади.
  3. Босим сабаб бўладиган атрофия. Йирик безарар ўсма аъзо атрофиясига сабаб бўлиши мумкин.
  4. Нейротик атрофия.
  5. Трофик гормонлар, масалан, гипофиз, буйрак усти, жинсий безлар гормонлари етишмаслиги оқибатидаги атрофия.
  6. Жисмоний ва кимёвий омиллар таъсиридаги атрофия. Радиация таъсирида илик ва жинсий аъзоларда атрофия юз беради.

Маҳаллий атрофияда аъзо ё ҳажмига кичраяди ёки йиғилиб қолган суюқлик ёки бошқалар ҳисобига катталашади.

Шунингдек…

Кўриш нерви атрофияси энг кўп учрайди. Сабаблари: оғир инфекциялар (масалан, энцефалит, менингит), бош миянинг травматик шикастлари, захм, ўсмалар… Баъзида кўриш нерви атрофияси наслий характерга эга бўлади ва эркак томондан генетик йўл билан ўтади. Наслий характерга эга кўриш нерви атрофияси фақат эркакларда учрайди. Кўриш нерви атрофиясини келтириб чиқарувчи сабабларнинг ярмини марказий асаб тизими касалликлари ташкил этади. Асосий белгиси кўриш майдонининг ўзгариши билан боғлиқ. Охир-оқибат кўрликка олиб келиши мумкин.

Терининг кексаликка оид атрофияси организмнинг ёшга боғлиқ ўзгаришлар билан характерланади. Бунда тери эластиклигининг йўқолиши ва юпқалашиши кузатилади.

Суяк тўқималари атрофияси деярли учдан икки беморда кузатилади. Суяк тўқималари атрофияси юз берадиган сабабларга тишлар тўкилишдан ташқари узоқ давом этган яллиғланиш касалликлари ҳам киради.

Атрофик гастритнинг асосий белгиси овқатлангач, ошқозонда оғирлик ҳисси юзага келиши билан боғлиқ.

Сабаблари тўлиқ аниқланмаган. Одатда атрофик гастрит кислоталиликнинг пасайиши билан бирга кечади.

Атрофик ринитнинг асосий аломати эса бурундан нафас олишни қийинлаштирувчи қобиқ пайдо бўлиши ва баъзан бурундан ёқимсиз ҳид келишида билинади.

Мия атрофияси. Бош мия қобиғининг атрофик касалликларидан асосийси Пик хасталиги саналади. У нейронларнинг нобуд бўлиши туфайли юзага келади ва кўпинча бош мия атрофияси 50 ёшдан катта аёлларда кузатилади. Ҳозирча касаллик сабаблари аниқланмаган, лекин айрим белгиларига кўра Альцгеймер хасталигига ўхшаб кетади. Бундан эса у наслий характерга эга дея хулоса қилиш мумкин. Магнит-резонансли томография ёрдамида ташхисланади. Афсуски, бугунги кунда бош мия атрофияси даволанмайди, бироқ бошланғич босқичида касаллик ривожининг олдини олиш мумкин.

Тирноқлар атрофияси. Бу тирноқлар тузилиши ва қалинлигидаги турли ўзгаришларга боғлиқ касаллик. Хасталик натижасида тирноқлар турли шаклга киради. Тирноқлар атрофияси икки турда бўлади: туғма ва орттирилган. Туғма тирноқ атрофияси кўпинча эндокрин тизими фаолияти бузилиши билан боғлиқ ҳолда ривожланади. Орттирилган атрофия эса турли оқибатларга кўра юзага келади: тери касалликлари (псориаз, темиратки), витамин етишмовчилиги, жароҳат ва яллиғланишлари…

Умумий атрофия (кахексия) сабаблари

  1. Озиқлантирувчи моддалар етишмаслиги;
  2. Саратон туфайли озиб кетиш;
  3. Эндокрин кахексияси (масалан, Симмондс касаллигида);
  4. Церебрал кахексия (гипоталамус зарарланганда);
  5. Сурункали инфекцион хасталиклар (масалан, сил)да.

Умумий атрофияда аввалига ёғ тўқималарида ёғ йўқола боради, сўнг скелетга оид мушакларда атрофия юз беради. Кейинги навбатда ички аъзолар, сўнг юрак ва мия азият чекади.

Атрофияни юзага келтирган сабаблар аниқланса, вазият чуқурлашиб кетмаган ҳолларда зарарланган аъзо фаолиятини бутунлай ёки қисман тиклаш мумкин. Бироқ чуқур атрофик ўзгаришлардан сўнг аъзони асл ҳолига қайтариш имконсиз.

Оқибатлари

Агар келтириб чиқарган сабаби аниқланмаса, атрофия тўқималарнинг нобуд бўлишига олиб келади. Охир-оқибат атрофия аъзо фаолияти сусайишига ёки унинг ҳаётий фаолияти тугашига олиб келади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!