TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ажин тушмасин десангиз…

Ажин кимга ёқарди, дейсиз?! Кўпгина ҳолларда эрта ажин тушишига терининг ўзига хос хусусиятлари ёки ҳаётда кўп азоб-уқубат тортиш сабаб бўлади. Ўзингизга бир эътибор беринг: сизда пешонани тириштириш ёки қошни кўтариш одати йўқми? Кўпчилик буни ўзи пайқамайди. Аслини олганда ана шундай мимика оқибатида одамнинг юзига чуқур ажин эрта тушади.

Баъзи ўсмирлар, қизлар мимика қилиш билан ўзларининг юриш-туришлари эркин ва табиийлигини, ҳис-туйғуларга бой эканликларини кўрсатмоқчи бўладилар, ваҳоланки, бу ҳис-туйғуларни сўз билан, овоз оҳанги, қараш билан ифодалаш мумкин. Бошқалар эса гаплашаётганда суҳбатдошини менсимай, нимадандир норози бўлиб, афтини буриштиради. Бундай одамлар юзида аввал билинар-билинмас майда ажинлар пайдо бўлади, кейин улар аста-секин чуқур ажинларга айланади.

Пешонада, қаншарда вертикал ва горизонтал тушган ажинлар пайдо бўлишига кўпинча пешонани тириштириш, кўзни, қошни кўтариб қараш одати сабаб бўлади. Одам барча мимик мускулларни зўриқтириб кулганда ёноқда, бурунда, кўз атрофида, ҳатто бўйинда ажинлар пайдо бўлади. Кўзи яхши кўрмайдиган, лекин кўзойнак тақишга уяладиган, оқибатда кўзини қисиб қарайдиган одамлар кўзи атрофида майда ажинлар елпиғичга ўхшаб ёйилиб кетади. Бу ажинлар аста-секин «ғоз панжаси» шаклини олади.

Бироқ бурундан оғиз бурчагига томон тушган чуқур ажинлар одамни жуда қари кўрсатади. Бу ажинларни баъзи одамларда фақат косметика нуқсони эмас, балки киши феъл-атворининг маълум хусусиятлари туфайли юзага келган дейиш мумкин: бундай кишилар кўпинча нимадандир доим норози бўлиб юрадиган, бекордан-бекорга нолийверадиган бўладилар.

Чуқур ажин тушишининг олдини олиш мумкин. Бу ишни уддаласа бўлади, унчалик қийин эмас, фақат хоҳиш бўлса бас.

Кўзгуга яхшилаб қаранг, телефонда, уйингиздагилар билан гаплашаётганингизда кўринишингиз қанақа бўлади, қанақа куласиз, бир ўйлаб кўринг. Кўзгуга бамайлихотир, мимика қилмасдан, юзингизни буриштирмасдан қараб туринг. Ана шу пайтда юз мушакларида пайдо бўладиган сезгиларга эътибор беринг. Уларни эслаб қолинг ва ирода кучи билан бу сезгиларни кун бўйи сақлашга ҳаракат қилинг.

Юзни буриштириш одатидан қутулишга қанчалик кўп ҳаракат қилсангиз, фойдаси шунчалик яхши бўлади. Агар ўзингизни назорат қилишни унутиб қўйсангиз, яқин кишиларингиздан, ишхонадаги ҳамкасбларингиздан бу ҳақда эслатиб туришларини илтимос қилинг.

Пешонадаги ажинларни мимика мускуллари учун мўлжалланган махсус гимнастика ёрдамида кетказиш мумкин. Бироқ бунда муваффақиятнинг асосий шарти пешонани тириштириш одатини ташлашдир.

Эрталаб уйғонганингизда ўриндан турмасдан 5-6 секунд мобайнида қовоқларни қаттиқ юминг, кўрсаткич бармоқларингизни қош усти ёнига қўйинг, кўзларингизни 4-5 секунд катта очинг. Машқни 8-10 марта такрорланг. Бир неча кундан кейин қош ёйи устига бармоқларни қўйишнинг ҳожати бўлмайди, чунки кўзни бир марта очганда ҳам пешонада ажинлар тўпланмайдиган бўлади.

Қуйидаги усулдан фойдаланиш мумкин: пешонага озиқлантирувчи ёғли крем суртинг, устидан бир бўлак мум қоғоз ёпингда, бинт билан боғлаб қўйинг. Боғлов қанча узоқ турса, шунча яхши. Бу усул камида 15-20 марта такрорланганда унинг фойдаси бўлади.

Ажинлар изини юмшатиш учун юзингизнинг хотиржам, мулойим ҳолатда бўлишига ҳаракат қилинг, жим турган пайтингизда тишларингизни бир-бирига қаттиқ босманг.

Терини, айниқса қуруқ терини нотўғри парвариш қилганда ҳам ажин эрта тушади. Юз ювишда совунни камроқ ишлатинг, оқартирадиган ва бошқа кремлардан эҳтиётлик билан фойдаланинг. Массаж ҳам ажинларни йўқотади, лекин уни қоидаси билан бажаргандагина фойда қилади. Массаж усулини мутахассис косметологдан ўрганиб олиш мумкин.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!