TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

АЖИНЛАР ПАЙДО БЎЛМАСИН ДЕСАНГИЗ

Тери парвариши билан илк ажинлар пайдо бўлган вақтдан бошлаб жиддий шуғулланиш керак, деб ўйловчилар қаттиқ янглишишади. Уларни йўқотгандан кўра, олдини олган осонроқ.

Ажинлар одам ҳаётининг учинчи ўн йиллигида бошланувчи ёш билан боғлиқ тери сўлишининг асорати ҳисобланади. Шунинг учун бу турдаги кўринишларнинг олдини олиш чораларини кечиктириб бўлмайди. Яхшиси, эрта бошланувчи бу муаммодан таранглаштирувчи ва текисловчи чораларни қўллаш орқали қочинг.

Энг маъқул воситалардан бири иссиқ копресслар саналади. Улар ухлашга ётишдан 3 соат олдин қўйилади.

Юзни муздек тузли эритма билан артиш мақсадга мувофиқ бўлади (ярим чой қошиқ ош тузи 1 стакан сувда эритилади). Жудаям нозик тери соҳибалари туз ўрнига танин эритмасидан фойдаланса ҳам бўлади (ярим чой қошиқ танин 1 стакан сувда эритилади).

Уйқуга ётишдан олдин юзга тузли крем суртиш фойдали. Агар крем тюбикда бўлса, ундан маълум бир миқдорда олиб, қопқоғи ёпиладиган кичикроқ шиша идишга солинг. Сўнгра унга 1 чой қошиқ майда туз сепиб, аралаштиринг. Ҳосил бўлган воситани юз ва бўйин терисига бармоқ учлари ёрдамида ишқаланг. Бу муолажа 2-3 дақиқа давом этиши лозим.

Эрталаблари юзни ўтлар (маврак (шалфей), мойчечак, липа гули, қулмоқ (хмель) ғуддаси) қайнатмаси ёки дамламасидан тайёрланган лосьон билан артинг. Кейин юзга кундузги кремдан ва упадан суртинг. Юзни крем билан ҳимояламасдан туриб кўчага чиқиш мумкин эмас.

Ҳар куни 5 дақиқа давомида юзга бармоқ учлари ёрдамида енгил уриб қўйиш жудаям фойдали. Яна юз ва бўйиндаги ажинларга қарши ниқобларни ҳам қўлласа бўлади, масалан:

Оқсилли-лимонли. 1 дона тухум оқини яхшилаб кўпиртирасиз ва унга ярим бўлак лимон шарбатини ҳамда пичоқ учида озгина туз қўшасиз. Ҳаммасини яхшилаб аралаштириб, 15-20 дақиқага юзингизга суртасиз. Белгиланган вақт ўтгач, ювасиз.

Тухум сариғи ва мой. 1 та тухумнинг сариғига 0,5 чой қошиқ камфарали ёки канакунжут мойидан қўшасиз. Ҳаммасини аралаштириб, юзингизга суртасиз. 15 — 20 дақиқа ўтгач, намланган пахтали тампон ёрдамида артиб оласиз.

Лимонли ёғли ниқоб. 6 — 7 г ёғли кремни 1 чой қошиқ лимон шарбатини томчилатган ҳолда аралаштиринг ва ярим чой қошиқ миқдорида сметана ёки майонез қўшинг. Ҳаммасини аралаштиринг ва юзингизга суртинг. 20-25 дақиқадан сўнг ювинг.

Қуруқ ҳамда ажинли юз бўйин терисига ниқоб суртишдан олдин: юз ва бўйин териси тозаланади, кейин крем суртилади, ундан сўнг эса ниқоб ( агар ниқоб таркибида крем бор бўлса, ниқобдан олдин крем суртилмайди).

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!