TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Баҳор: илик узилди ёхуд витаминлар танқис палла

Баҳор нафаси келиб, чор атрофнинг яшилликларга буркана бошлаши кишига кўтаринки кайфият бағишлаши турган гап. Айни шу паллани халқимиз “илик узилди пайти” деб атайди. Қиш бўйи сархил маҳсулотларни истеъмол қилиш имкониятидан маҳрум бўлганимизнинг натижаси ана энди билинади: тирноқларингиз синувчан, сочларингиз эса тез тўкиладиган, терингиз шўралашадиган бўлиб қолдими? Демак, сизга витаминлар етишмаяпти – гиповитаминоз! Борди-ю вужудимизда бирор витамин умуман бўлмаса, ундан-да оғирроқ ҳолат – авитаминоз келиб чиқади. Хўш, витамин танқислиги жисмимизга қандай таъсир қилади?

Витамин А етишмаслиги

Сабаб бўлади: шабкўрлик, ксерофтальмия – кўз шиллиқ ва мугуз пардаларининг қуриб қолиши, кератомаляция – кўз мугуз пардасининг емирилиши, терининг қуруқшаши ва шўралаши, нафас йўлларининг инфекция билан зарарланиши, болаларда бўй ўсмаслиги.

Ушбу маҳсулотларда бор: балиқ ёғи, тухум сариғи сариёғ, жигар (айниқса, балиқ жигари), сабзи.

Витамин В етишмаслиги

Сабаб бўлади: уйқусизлик, полиневрит, парестезия, иштаҳанинг пасайиши, стоматит, глоссит (тил тўқ қизил тусда), дерматит, бош оғриғи, конъюнктивит.

Ушбу маҳсулотларда бор: сут, пишлоқ, дуккаклилар, жигар, мол гўшти, тухум сариғи.

Витамин С етишмаслиги

Сабаб бўлади: умумий ҳолсизлик, милклар қонаши, кўриш қобилиятининг пасайиши, лавша.

Ушбу маҳсулотларда бор: лимон, наъматак, апельсин, ҳўл мевалар, сабзавотлар, сут, тухум.

Витамин D етишмаслиги

Сабаб бўлади: болаларда рахит, ҳолсизлик, остеопороз, суяклар ва мушакларда оғриқ.

Ушбу маҳсулотларда бор: балиқ, жигар, балиғ увилдириғи, сариёғ, сут, тухум сариғи.

Витамин Е етишмаслиги

Сабаб бўлади: бепуштлик, ёғли гепатоз (жигарнинг ёғ босиши), ҳайз кўришнинг бузилиши.

Ушбу маҳсулотларда бор: кунгабоқар ёғи, дон ўсимликларининг янги униб чиқаётган қисмида, қисман жигар, тухум сариғи, гўшт, сут.

Витамин Е нинг организмга яхши сингиши учун рух (бақлажон, бодринг, помидор, қовоқда бор) ва селен (саримсоқ, тухум, ясмиқ, пистада бор) етарли бўлиши керак. Ширин ва хамир маҳсулотлар эса бу витаминнинг ўзлаштирилишини қийинлаштиради.

Витамин РР етишмаслиги

Сабаб бўлади: иштаҳанинг йўқолиши, қайт қилиш, ич кетиши, асабийлик, оғир ҳолларда атаксия (ҳаракат вақтида мувозанатнинг тартибсзланиши) ва ақли пастлик.

Ушбу маҳсулотларда бор: сабзавотлар, ҳўл мевалар, кепак, гречиха, жигар, буйрак, гўшт, балиқ.

Витамин К етишмаслиги

Сабаб бўлади: қон оқиши, яраларнинг секин битиши. Витамин К етишмаслиги кам учрайди.

Ушбу маҳсулотларда бор: карам ва гулкарам, помидор, қовоқ, сабзи, қизилча, картошка, дуккаклилар, сули.

Хуллас, витамин танқислиги одамга салбий таъсир қилмай қолмайди: асабийлик ва уйқусизлик келиб чиқади, ақлий ва жисмоний имкониятлар чекланади, иммунитет сусаяди. Бундай ҳолатларда ўзбилармонлик билан витамин препаратларини қабул қилиш ярамайди. Акс ҳолда саломатликка зарар етиши ҳеч гап эмас. Масалан, витамин D нинг ортиқчаси суякларда кальциянинг камайишига олиб келади, витамин А нинг кўплиги жигар ишига зарар, витамин С нинг зиёдлиги эса ошқозонга салбий таъсир қилиб, узоқ муддат қабул қилинаверса, ҳатто, ошқозон яраси пайдо бўлади. Демак, сизга қандай витамин етишмаётганини шифокор аниқлайди ва керакли тавсиялар беради. Агар витамин препаратлари буюрилган бўлса, уларни овқатланиш пайтида ёки овқатдан кейин сув билан ичган маъқул. Шунда меъда ва ичакка яхши сўрилади. Витамин препаратлари табиий маҳсулотлардаги витаминларга нисбатан секинроқ ҳазм бўлади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!