TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БАРГИЗУБНИНГ ХОСИЯТИ

Баргизубнинг яна бир номи зубтурум, русчада “подорожник”, деб аталади. Баргизуб қадим замонлардан бери доривор ўсимлик сифатида ишлатилади. Юнонлар ва римликлар унинг уруғи билан дизентерияни даволашган экан, Абу Али ибн Сино эса баргизубни қон оқишини тўхтатишда ва яраларни тузатишда тавсия этган. Улуғ ҳаким бу ўсимлик ҳақида шундай дейди: “Оловдан куйган жойларга, учуққа, эшакемга, қулоқ ости шишларига фойда қилади. Баргларининг ширасини қулоққа томизилса, оғриқни босади, илдизи чайналса ёки қайнатмаси билан оғиз чайқалса, тиш оғриғини тўхтатади”.

Тиббиётда асосан иккита – Бурга баргизуб ва Катта баргизуб турлари ишлатилади. Таркибида витамин С ва К, шиллиқ, аччиқ ва ошловчи моддалар, лимон кислота мавжуд. Баргизуб препаратлари балғам кўчириш, оғриқ қолдириш, бактерицид ва яллиғланишларни тузатиш хусусиятига эга. Ўсимлик уруғи кучсиз сурги дори ҳисобланади.

Баргизуб баргларидан тайёрланган дамлама ва қайнатма бронхит, бронхиал астма, кўкйўтал ва силни даволашда қўлланилади. Сархил баргларининг суви ошқозон кислоталиги пастлиги билан кечувчи сурункали гастритда, шунингдек, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ярасида фойда қилади. Бундай сув ошқозон шираси ажралишини яхшилайди, қонда гемоглобинни кўпайтириб, холестеринни камайтиради.

Бундан ташқари, баргизуб препаратлари холецистит, буйрак яллиғланиши, сариқ касаллиги, дерматитни даволашда, бачадон, бавосил, ошқозондан қон оқишини тўхтатишда ишлатилади. Барги яраларга қўйилса, тузалишига ёрдам беради.

Унутманг, баргизуб препаратлари ошқозон кислоталиги ортиқлиги билан кечувчи ошқозон ярасида тавсия этилмайди.

Баргизубдан балғам кўчирувчи восита қуйидагича тайёрланади: 1 ошқошиқ ўсимликни 1 стакан қайнаган сувга солиб, 15 дақиқа дамланади. Кейин сузиб, кунига 2-3 маҳал 2 ошқошиқдан ичилади.

Ошқозон-ичак касалликларида 25 г баргизуб баргини 1 стакан қайнаган сувга солиб, 1 соат дамланади. Сузиб, 3-4 маҳал 1 ошқошиқдан ичилади.

Ошқозон кислоталиги пастлиги билан кечувчи гастритда баргизуб уруғидан қайнатма тайёрланади: 2 ошқошиқ уруғни 1 стакан қайнаган сувга солиб, паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Сузиб, кунига 1 марта 1 ошқошиқ ичилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!