TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БАВОСИЛ ҚИЙНОҚЛАРИ

Таъкидлаш керакки, бавосилга чалинган беморларнинг аксарияти, шифокорга мурожаат қилишдан ийманиб, ўзларича дори-дармон қилишади. Нотўғри муолажанинг оқибати эса маълум: касаллик янада зўрайиб, аҳвол оғирлашади… Хўш, бавосил қандай касаллик? Келиб чиқиш сабаблари нимада? Давоси-чи? Шу каби саволларга проктолог-жарроҳ шифокор Рустам Тўлаганов жавоб беради.

ИЧ ҚОТИШИ ЁМОН!

Бавосил тўғри ичак пастки қисми вена қон томирининг тугун-тугун бўлиб кенгайиши бўлиб, тугунлар орқа чиқарув тешигида жойлашишига қараб ички ва ташқи бўлади. Тиббиёт отаси Гиппократ бу касалликка “геморрой” деб ном берган эди.

Бавосил ривожланишига турки берувчи сабаблар бир қанча – камҳаракатлилик, оғир юк кўтариш, узоқ вақт ич қотиши, йўғон ичак касалликлари ва ҳоказо. Бу касалликка чалиниш анчайин осон. Гап шундаки, одам кўп вақтини вертикал, яъни тик ҳолатда ўтказади. Оқибатда эса оёқ, кичик чаноқ аъзолари ва тўғри ичак веналарида қон босими ошади. Одамнинг ёши ўтгани сайин бу веналар заифлашади. Шу аҳволда ўткир таъмли ва ёғли овқатларни кўп есангиз, спиртли ичимликлардан тийилмасангиз, муаммо орттириб олишингиз ҳеч гап эмас. Аввалига ҳазм иши бузилади, қабзият келиб чиқади. Сурункали қабзият, яъни ич қотиши эса кўпинча баволсини ўзига “ҳамроҳ” қилиб олади.

Ҳомиладор аёлларда ҳам бавосил кўп кузатилди. Чунки уларда тўғри ичак чаноққа ёпишиб туришга мажбур ва бу вена томирларининг эзилишига олиб келади. Tуғруқ пайтидаги кучаниш ҳам қўшимча салбий таъсирлардан ҳисобланади.

БАВОСИЛНИНГ БОСҚИЧЛАРИ

Аввалига бавосил тугунлари катталашиб, кўпинча ҳожат пайтида қонайди, чунки узоқ вақтгача қонга тўлиб туриши натижасида тугунлар чўзилади ва девори юпқалашиб қолади. Кейин ёрилиб, яралар пайдо бўлади. Баволсилнинг қон чиқмайдиган тури ҳам бор, бунда орқа тешик соҳаси қичийди, ачишади, худди нимадир борга ўхшаб туюлади. Баъзан беморлар ўтиб кетар, деб бепарво юраверадилар. Оқибатда касаллик сурункали турга ўтади, жиддий даво қилинмаса, тобора зўрайиб, асоратлари пайдо бўлади. Энг кўп учрайдиган асорати – бу қон кетиб, камқонлик (анемия)га олиб келиши ёки ўткир тромбозлар ҳосил қилиши.

Касалликнинг иккинчи босқичида одам узоқ ўтирса ва кучанаверса, тугунлар ташқарига чиқиб қолиши мумкин. Баъзан ҳожатда артинганда қоғозда қон изларини кўриш мумкин, баъзан эса ҳожат пайтида қон тизиллаб оқади. Ана шунда дарров шифокор-проктологга мурожаат қилиш шарт.

Афсуски, бепарво бўлганда, учинчи босқич бошланади. Энди бемор чиқиб қолган тугунни қўли билан итариб ичкарига киритишга мажбур бўлади. Бу босқичда тугунлар, ҳатто, аксирганда ёки оғир юк кўтарганда ҳам чиқиб кетиши мумкин. Асорат оғирлашганда, жарроҳлик йўли билан даволанади.

Тўртинчи босқичда бавосил тугунлари ичга кирмайди, узум шодасига ўхшаб кетади, яллиғланади. Бундай пайтда оғриқ жуда кучли бўлади, ҳатто, ҳожат қоғoзининг салгина тегиши ҳам кучли оғриқ беради.

ДАВОСИ БОР!

Шифокор текширганда, тўғри ичакда хавфли ўсма ёки полиплар ва яралар бор-йўқлигини аниқлаб, даволашга киришади. Бавосил тўғри даволанса, бир ҳафтада ўтиб кетади.

Шифокор текширишдан олдин, албатта, оғриқсизлантиради. Қандай оғриқсизлантирадиган препаратлар – таблеткалар, суртмалар, геморроидал шамчалар кераклигини айтади.

Бавосилга қарши шамчалар мураккаб консерватив даволаш учун мўлжалланган. Бир хил шамчалар оғриқсизлантирувчи, бошқалари яллиғланишга қарши, яна бири спазмолитик, бошқаси ярани битирувчи ёки қон оқишини тўхтатиш хусусиятига эга. Дорихоналардан қайси шамчани ишлатса бўлишини фармацевтдан сўраш мақсадга мувофиқ эмас, чунки аввал шифокор кўригидан ўтиб, ташхис аниқ бўлгандан кейингина мутахассис назоратида, унинг тавсияси билан даволашга киришилади.

Бавосилни даволашда, аввало, касалликни келтириб чиқарган асосий сабабларни аниқлаш ва шу сабабларни иложи борича йўқотиш керак бўлади. Спиртли ичимликлар ичмаслик, гaрмдори, қора мурч, сирка ва шўр нарсаларни вaқтинча истеъмол қилмаслик зарур. Ёғли шўрвалар, дудланган маҳсулотлар, ўткир зираворлардан воз кечиш, енгил ҳазм бўладиган овқатларни тановул қилиш зарур. Бу хасталикка чалинган кишилар лавлаги, карам, сабзи, қора нон, қатиқ, кепак нон, ўсимлик мойи, олма, анжир, қора олхўpи, ўрикдан кўпроқ истеъмол қилишлари керак, ўрик шарбати ниҳоятда фойдали.

Энг муҳими, ичингиз ҳамиша равон бўлсин.

КЕРАКЛИ МАСЛАҲАТЛАР

– Кунига камида 1,5-2 литр суюқлик ичинг.

– Сархил сабзавот ва мевалардан кўпроқ еб туринг. Буғдой кепаги ич келишини осонлаштириб, қабзиятнинг олдини олади.

– Орқа чиқарув тешиги соҳасини жароҳатламаслик учун кўп ҳуқна қилманг.

– Жисмонан фаол бўлинг, кичик чаноқ аъзоларида қон айланишини яхшилайдиган машқлар бажаринг.

– Ич келиши равон бўлишини таъминланг.

– Ортиқча вазнингиз бўлса, озинг.

– Ўзбошимчалик билан даволанмай, проктолог шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзингизга ўзингиз ташхис қўйиб, ўзбошимчалик билан даволанманг! Бавосил «ниқоби» остида тўғри ичакнинг бошқа касалликлари яширинган бўлиши мумкин. Ташхисни фақат мутахассис қўяди.

'БАВОСИЛ ҚИЙНОҚЛАРИ' 3 комментария

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-325">

    16.01.2016 @ 17:05

    Menda ham gemoroy bor deyishdi tibbiy ko’rikda . Lekin hech narsa bezovta qilmaydi

    li class="comment odd alt thread-odd thread-alt depth-1" id="comment-684">

    22.06.2016 @ 11:47

    Salom menda xam gemoroy xam varikoz qiynaybdi yowim 24 nima maslaxat berasiz doktir

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-1281">

    06.01.2017 @ 00:59

    Assalomu aleykum. Meni bir muammo qiynamoqda . Men ham ushbu bavosil kasaligi chalingan korinaman . uzoq vaqt ich qotishi sababli bu kasallikni alomatlari menda kuzatilyapti . Shifokorga korinish imkoniyati yoq sababi musofir yurtda mehnat qilyapman . Bu davlatda shifokor hizmatidan foydalanish u.n mahsus hujjat talab qilinadi u bolmasa hizmat korsatilmaydi . shu sababli sizga murojaat etyapman . iltimos menga shu kasallik boyicha maslahat bersangiz . uni mustaqil tarzda davolash u.n muolajalar maslahatini bersangiz . oldindan katta raxmat . Alloh ezgu ishingiz u.n sizni öz panohida asrasin. oldindan raxmat. javobingizni kutaman

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!