TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БЕШИК БЕОЗОРМИ?..

Агар тўғри фойдаланилса, бешикнинг зарари деярли йўқ. Лекин кўпчилик бешикдан фойдаланишнинг меъёрий қонун-қоидаларига амал қилмайди. Бола бешикда бир суткада кундузи узоғи билан 3 соат, кечаси эса 7-8 соатдан ортиқ ётмаслиги керак. Агар кўп ётиб қолса, боланинг териси зарарланиши, суяк тўқималари яхши ривожланмаслиги боис уларда ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бешикда кўп ётган болаларда калий, фосфор алмашинуви бузилади, бунинг натижасида уларнинг суяклари жудаям мўртлашади. Яъни бола қайси томонга қараб ётса, ўша томони қийшайиб қолади. Хуллас, калла суягининг деформацияси юзага келади. Бундай қийшайишларни тузатиш жудаям қийин бўлгани боис ўз вақтида унинг олдини олиш лозим.

Миллий урф-одатларимизда бешикни безатишга алоҳида эътибор қаратилади. Бешикнинг ёстиғи, кўрпачаси, ёпинғичлари духобадан бўлади. Ёш, ҳали бола катта қилмаган, уқувсиз оналар фарзандларини мавсумга қарамасдан «жимжимадор» бешикка белаб қўйишади. Натижада бола на эмин-эркин нафас олади, на қуёш кўради. Аслида бешик анжомлари мавсумга қараб алмаштириб турилиши лозим. Бешик устидан ёпиладиган ёпинғич ҳаво ўтказадиган, ёруғлик тушиб турадиган матодан қилинган бўлиши лозим. Бешик анжомлари тез-тез қуёшга чиқариб ёйилиши ва шамоллатиб турилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш шарт, чунки бешик тайёрланган ёғоч тўғри танланмаган бўлса, унга қурт тушиш эҳтимоли кучли бўлади. Бу қуртлар кўзга кўринмасдан болани чақиб, азоблайди. Бундан ташқари, духобанинг чанг тортиш хусусиятини кўпчилик билса керак. Духобага йиғиладиган чанглар болада аллергик таъсирчанликни юзага келтириши мумкин.

Болани бешикда ётган ҳолда овқатлантирмаган маъқул: овқат боланинг нафас йўлига кетиб қолгудек бўлса, нохуш оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!