TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Биологик фаол қўшимчалар қай даражада фойдали?

Биология фанлари доктори, профессор Шониёз Қурбонов билан суҳбат.

Организм саломатлигида нималар кўпроқ муҳим деб ўйлайсиз?

– Аслида тўқима ва ҳужайралар умр давомида тўхтовсиз янгиланиб туради. Хўш, бу нима ҳисобига рўй беради? Маълумки, инсон овқат истеъмол қилганида организми зарур моддалар (яъни оқсил, углевод, ёғ сингарилар) билан таъминланади. Шу моддалардан айримлари, масалан оқсиллар бевосита янги ҳужайраларнинг хосил бўлиши ёки улар таркибидаги айрим қисмларнинг янгиланиши учун хизмат қилади. Одамнинг ўсиб улғайишида оқсиллар муҳим рол ўйнайди.

Углеводлар инсон организмига тушгач, унинг ҳаракатлари (юриши, меҳнат қилиши)учун керакли миқдорда энергия (қувват) беради.

Ёғлар эса бир йўла икки вазифани бажаради. Бир жиҳатдан анчагина энергия заҳирасига эга бўлганлиги боис организмга қувват берувчи манба сифатида хизмат қилса, иккинчи томондан бевосита ҳужайра ва тўқималар таркибига (масалан ҳужайра мембранасига) киради.

Хуллас, овқат билан организмга тушадиган озиқ моддалар кишининг ёши, меҳнат қобилияти, у яшайдиган ҳудуддаги об-ҳаво шароитларига қараб бир неча граммдан бир неча юз граммгача қабул қилинади. Улар макронутриентлар (йирик озиқ моддалар) деб аталади.

Биз истеъмол қиладиган озиқ моддалар таркибида шундайлари ҳам борки, гарчи ҳужайрага тўғридан-тўғри кириб энергия бериб турмаса ҳам барибир қабул қилиб турилиши шарт. Чунки улар танадаги моддалар ва энергия алмашинувида фаол қатнашади, иммун тизими ишини фаоллаштириб касалликларнинг олдини олади, барча биологик суюқликлар (қон, лимфа, гормонлар, ҳазм ширалари, ферментлар) таркибига кириб ҳаёт учун муҳим вазифаларни бажаради. Ушбу гуруҳга кирадиган озиқ моддаларга эҳтиёж жуда кам бўлганлиги, уларнинг миллиграммлар ва ҳатто миллиграммларнинг мингдан бир улушлари билан ўлчанганлиги боис микронутриентлар (митти озиқ моддалар) деб юритилади.

– Уларга эҳтиёжимиз қай даражада?

– Айтиш жоизки, витаминлар, минерал моддалар ҳамда кўпгина биологик фаол бирикмалар микронутриентлардир, Уларнинг озиқ моддаларда учрамаслиги (ёки етарли бўлмаслиги) ҳаётий жараёнлар бузилиши ва бир қанча хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Кўп ҳолларда микронутриентларнинг фойдалилик хусусиятига эътибор берилмайди. Бунинг сабаби шундаки, кишиларимиз аксарият холларда истеъмолдаги маҳсулотлар (яъни нон, макарон ва шунга ўхшаш ун маҳсулотлари, шакар, гўшт, ёғлар) еб турилса кифоя қилади деб ўйлашади. Ваҳоланки, организм учун полиз маҳсулотлари (қовун, тарвуз, карам, сабзи, шолғом ва бошқалар) кўкатлар (шивит, петрушка, кинза, кашнич, сельдерей, кўк пиёз сингарилар) ҳамда мева-чевалар (ўрик, олма, гилос, олча, анор, шафтоли, нок, узум, цитрус мевалари, хурмо кабилар) ҳам жуда-жуда зарур. Улар кундалик овқатларга қўшиб истеъмол қилинса организмда микронутриентларга нисбатан танқислик кузатилмаслиги мумкин.

Лекин масаланинг бошқа жиҳатиям бор.

Мева-сабзавотларнинг дастурхонда кам бўлиши, шунингдек кундалик таомларни юқори иссиқликда қайнатиш, кучли қовуриш, консерва ҳолида ейиш, ҳатто овқат пиширишда микротўлқинли мосламадан фойдаланиш баъзан кутилган натижани бермайди. Бундай қилинганда масаллиқ ва маҳсулотларнинг табиий холдаги витаминлари ҳамда биологик фаол моддалари ниҳоят даражада камайиб кетади, ҳатто бутунлай йўқолишиям мумкин.

Эсда тутиш лозимки, мева-чева, полиз маҳсулотларини йиғиб (масалан, қишга сақлаб) қўйилса вақт ўтиши билан улар таркибидаги микронутриентлар ҳаводаги кислород таъсирида кескин камайиб кетади. Демак, кундалик истеъмол қилинадиган овқатларнинг биологик жиҳатдан тўлақонли бўлиши учун авваломбор қайнатилмаган, сўлиб ё қуриб қолмаган кўкатларни, эндигина узилган мева-чеваларни, янги полиз маҳсулотларини доимий равишда асосий таомлар билан биргаликда истеъмол қилиб туриш керак. Айтиш жоизки, микронутриентларга талаб ҳам ҳар хил бўлади.

– Шу ҳақда батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

– Масалан, ҳомиладор ва эмизикли аёллар соғлом хотин-қизларга нисбатан микронутриентларга кўпроқ эҳтиёж сезадилар. Шунингдек спортчилар, оғир қўл меҳнатини бажарувчилар, ўсиш ёшидаги болалар, касалликдан эндигина турган одамларда ҳам худди шундай ҳолат рўй беради. Агар ҳомиладор аёлда пуштнинг шаклланиши учун озиқ моддалар кўпроқ керак бўлса, оғир меҳнат билан банд бўлганларда, айниқса спортчиларда давомли жисмоний фаолият учун (танада моддалар ва энергия алмашинувининг кучайиши эвазига) ушбу моддалар мўл-кўл талаб қилинади.

Ёшларда ўсиш ва ривожланиш кучли бўлганлиги боис улар организми қўшимча озиқ моддаларни кўп талаб қилади. Боз устига шу нарса ҳам аниқки, ҳозирги экологик ноқулай об-ҳаво шароитида етиштирилаётган аксарият ўсимлик маҳсулотлари таркибида биз учун фойдали бўлган микронутриентлар сезиларли даражада камайиб кетган.

Қайд қилинган омиллар (озиқ-овқат, мева-чева кабилар) танани табиий керакли моддалар билан таъминлашда анчагина қийинчиликлар туғдиради. Бу ҳол айниқса ўсиш ёшидаги болалар, ҳомиладор аёллар, тузалаётган беморлар, доимий машқлар билан банд бўлган спортчиларда яққол сезилади. Шундай қийинчилик ва ноқулайликларни бартараф қилиш мақсадида ҳозирги замон биокимёси ва биотехнологияси ютуқларидан фойдаланилиб, асосий истеъмол таомлари билан бир қаторда қабул қилинадиган, таркиби витаминлар, минерал моддалар ҳамда анчагина биологик фаол моддалар қўшимчалар мажмуасидан ташкил топган махсус моддалар мажмуаси ишлаб чиқарила бошланди. Улар умумий ном билан биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) деб юритилади.

БФҚ мажмуамси асосан ўсимликларнинг барги, гули, илдизи ва меваларидан олинади, уларни тайёрлашда баъзан бактериялар, микроблар ҳамда айрим ҳайвонларнинг аъзолари ва минерал хом ашёларидан ҳам фойдаланилади. Биологик фаол моддалар (БФҚ) атамаси нутрициология (овқатланиш ҳақидаги фан)га кейинги йилларда кириб келган. Аслида эса қадим замонлардаёқ Хитой, Ҳиндистон, Арабистон табиблари БФҚдан кўплаб касалликларни даволашда фойдаланишган. Эндиликда деярли барча давлатларда биологик фаол моддалар ишлатилаётир. Хўш, бунга сабаб нима?

Биринчидан, ер юзи аҳолиси сони кескин кўпайиб уларни таркибида барча керакли моддалар мавжуд бўлган таомлар билан таъминлаш қийин кечмоқда.

Иккинчи сабаб шуки, ота-боболаримизнинг егулик овқатларини асосан ўсимлик маҳсулотлари ташкил қилган, улар кўпрок “тирик” ҳолда, яъни қайнатмасдан, қуритмасдан истеъмол қилинган, шу боис микронутриентларга муҳтожлик сезилмаган. Ҳозирги замонда эса кучли биотехнологик қайта ишловдан ўтиб зарур моддалардан деярли маҳрум бўлган маҳсулотлар ишлатилмоқда. Қолаверса мавжуд экологик номутаносиблик микронутриентларга нисбатан талаб ва эҳтиёжни янада ошириб юбораётир.

Биофаол қўшимчаларнинг асосий аҳамияти нимада?

– Биласизми, ҳозирги замон кишисининг турмушида қулайликлар кўп бўлиши, ширин ва юқори калорияли таомларнинг кетма-кет кашф қилиниши, “ўлик” ҳолдаги (яъни қайнатилган, қовурилган, қуритилган, консерва қилинган) овқатларнинг тобора кўпаяётгани танамиздаги ота-боболаримиздан мерос қолган “табиат билан уйғунлашиш” хусусиятига путур етказмоқда. Бундай номутаносибликларни бартараф этишда БФҚлар анча қўл келади, улар жуда ҳилма-хил бўлиб кўплаб физиологик ва биокимёвий хусусиятларга эга. БФҚларнинг фойдалилик хоссалари қуйидагича:

Организмда турли сабабларга кўра тақчиллашиб қолган овқат компонентлари (витаминлар, макро ва микроэлементлар, алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар, ёғ кислоталари) нинг ўрнини қоплайди.

— Ташқи муҳитнинг ҳар хил зарарли омиллари (юқори ёки паст ҳарорат, босим, радиация, кислород етишмаслиги, вазнсизлик, тезлик, кучли жисмоний юкламалар) га бардошлиликни оширади.

— Иммун тизими ишини мустаҳкамлаш орқали касалликларнинг олдини олади.

— Танада доимий равишда содир бўлиб турадиган моддалар ва энергия алмашинуви мақсадга мувофиқ бўлишини таъминлайди.

— Тўқима ва ҳужайраларда ҳаётий жараёнлар давомида ҳосил бўлган заҳарли моддалар ҳамда шлак(шиллиқ)ларни танадан чиқариб юборади.

— Ошқозон-ичак тизимидаги фойдали микрофлорани сақлаб туради, касаллик қўзғатувчилари кўпайиб кетмаслигини таъминлайди, дисбактериозни бартараф этади.

— Организмнинг физиологик хусусиятлари (ҳомиладорлик, бола эмизиш, ўсиш, кексайиш, руҳий изтироблар даври)да овқатланишни тартибга солади.

— Ҳар хил касалликлар (юрак қон-томир, асаб, ошқозон-ичак, эндокрин тизимлар касалликлари, саратон, семириш сингарилар)нинг олдини олиб даволайди.

— Организмнинг турлича, яъни ташқи ва ички муҳит шароитлари (ер шарининг бир-биридан вақтга нисбатан 10-12 соат фарқ қиладиган ҳудудларига бориб қолганда, узоқ муддатли сафарларга чиққанда) организмнинг тез мослашувчанлигини таъминлайди.

Мутахассис сифатида айтсангиз, биофаол қўшимчаларнинг биз ичадиган дори-дармонлардан фарқли жиҳатлари борми?

БФҚлар таъсирида организм фаолияти физиологик меъёр даражасига яқинлашади. Дорилар таъсирида эса организм фаолияти физиологик меъёр даражасидан узоқлашади. Ягона жавоб шу!

Кўпгина мамлакатлардаги фирма ва компаниялар (масалан, Тянь-Ши ва бошқалар) кейинги йилларда БФҚлар ишлаб чиқаришни жадаллаштирмоқда ва ўз маҳсулотларини тинмай реклама қиляпти. Бу алоҳида масала.

Аммо шуни ёдда тутиш лозимки, БФҚлар таркибида нутриентлар (озиқ моддалар) юқори концентрацияда, яъни ўсимлик ёки ҳайвон аъзолари таркибидагига нисбатан анча қуюқ бўлади. Инсон организми эса бир хил модданинг паст ва юқори концентрацияда қабул қилинишига бефарқ эмас. Яъни паст концентрация организмга шифо бўлса, юқори концентрация зарар келтириши мумкин.

Ҳатто бир хил ўлчамдаги озиқ моддалар ҳар кимга мижозига қараб турлича таъсир қилинишини Абу Али ибн Сино алоҳида таъкидлаган.

Хуллас, овқатланиш борасида организмнинг ўзига хос хусусиятларини, унинг талаб ва истакларини, шунингдек физиологик – биокимёвий имкониятларини ҳисобга олиш лозим. Ҳар бир киши ўзи еб-ичадиган маҳсулотларнинг кимёвий таркиби ва энергетик қийматини (калориясини) ҳеч бўлмаса умумий ҳолда тасаввур қилиши керак. Шунга кўра БФҚлардан фойдаланишда ҳам тегишли мутахассислар фикрини эътиборга олиш зарур. Ўз-ўзидан бу нарса инсоннинг тўла-тўкис соғлом турмуш тарзига эришишида муҳим аҳамият касб этади.

Г.Жамилова суҳбатлашди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!