TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Бодрезакнинг хосияти

Бодрезак (калина) Россиянинг Европа қисмининг ўрмон ва ўрмон-чўл зонасида, Кавказ ва Қримнинг тоғли туманларида, шунингдек Ғарбий Сибирь ва Шарқий Қозоғистонда ўсади. Паркларда, боғларда, кўчаларда манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади. Ўрта Осиё мамлакатларида бодрезак фақат манзарали ўсимлик сифатида экилади.

Бодрезак шилвидошлар (учқатдошлар) оиласига мансуб, баландлиги 1,5-3 метргача бўлган бута. Меваси – шарсимон, қизил рангли данакли ҳўл (резавор) мева.

Апрель-май (июннинг ярмигача) ойларида гуллайди, меваси июль-августда (сентябрда) пишади.

Овқатга тўлиқ пишган, тахирроқ ва аччиқроқ мазали меваси ишлатилади. Одатда меваси совуқ ургандан сўнг йиғилади. Совуқ ургандан сўнг уни аччиқроқ мазаси йўқолади. Мевадан мураббо, компот, жем, кисель пиширилади, пирогларга солинадиган масаллиқ, морс ва бошқа ичимликлар тайёрланади. Мевасидан олинган ширадан овқатга ишлатиладиган маҳсулотларни бўяш учун фойдаланилади.

Бодрезак меваси таркибида 32 фоизгача қандлар, органик (сирка, изовалериана, чумоли ва бошқа) кислоталар, витамин С ва витамин Р, каротин, минераллар (марганец, рух), пектин, ошловчи ва бошқа моддалар, уруғида 20 фоизгача ёғ бор.

Халқ табобатида бодрезак меваси меъда-ўн икки бармоқ ичак яра касаллигини даволаш учун ва сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади.

Тиббиётда асосан поя ва шохларнинг пўстлоғи ишлатилади. Пўстлоқ таркибида вибурнин гликозиди, витамин С ва К, каротин, тритерпен сапонинлар, органик кислоталар, ошловчи ва бошқа моддалар бўлади.

Пўстлоғидан тайёрланган дамлама ва суюқ экстракт бачадондан қон кетишида қон оқишини тўхтатиш ҳамда ҳайз кўрганда пайдо бўладиган оғриқни қолдириш учун қўлланилади.

Бодрезак меваси витаминли чойлар-йиғмалар таркибига киради.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!