TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БОЛАГА ЎЙИНЧОҚ БЕРИНГ

Ўйинчоқлар кичкинтойларнинг тўғри ривожланиши учун жуда муҳим. Ўйинчоқлар боланинг ташқи дунё тасаввурини, нафосат оламини бойитади. Ўртоқлик ҳиссини тарбиялашга, кайфиятининг яхши бўлишига, ҳаётий тонуснинг кўтарилишига ёрдам беради. Болалар бўш вақтларида қизиқарли ўйинлар ва фойдали машғулотлар билан банд бўлишлари керак.

Боланинг биринчи ўйинчоғи ўзининг қўллари ҳисобланади. Бола қўлларига тикилиб, уни ўйнатади. 6-8 ҳафталик бола учун ҳеч қандай ўйинчоқнинг ҳожати йўқ, чунки қўлларининг ўзи унинг учун ўйинчоқ. Ҳаётининг биринчи йилларида, айниқса, дастлабки ойларида болага кўрув ва эшитув анализаторларини ривожлантиришга ёрдам берадиган ўйинчоқлар ўйнаш тавсия этилади. Шу мақсадда боланинг кровати тепасига кўкрагидан 60-70 см баландга очиқ рангли шиқилдоқлар, ҳалқа, пуфланган шарларнинг осиб қўйиш, у билан гаплашиб туриш, турли ўйинчоқларга диққатини тортиш керак.

Бола 7 ойлик бўлиб, эмаклай бошлаганда, ўйинчоқлар унинг ҳаракатини рағбатлантиради. Шу мақсадда катта айиқчалар, қичқирадиган хўроз, ялтироқ катта коптоклардан фойдаланиш мумкин. Бу ўйинчоқларни маълум масофага қўйиб қўйилади. Бола ўйинчоқларни олиш учун ўша томонга эмаклайди, унга этиб олгач қувонади.

Бола 8 ойлигида бемалол ўтиради, ўйинчоқлари билан узоқ вақт давомида мустақил ишлайди, шиқилдоқларни шиқиллатади, овозга қулоқ солади. Бу ҳаракатлар қўл мушакларининг ривожланиши учун фойдали.

1 яшар ва ундан каттароқ болаларни резинадан, полиэтилендан ва ёғочдан тайёрланган овоз чиқарадиган ўйинчоқлар, болалар ва ҳайвонлар шаклидаги ўйинчоқлар кўпроқ хурсанд қилади. Ўйинчоқлар яхши ювиладиган бўлиши лозим. Болалар муассасаларида ўйинчоқларни бутун гуруҳ болалари ўйнайди. Улар, албатта, тез ифлосланади, бу эса юқумли касалликлар юқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ўйинчоқлар доимий тоза бўлиши шарт.

Ҳар бир гуруҳнинг ўз ўйинчоқлари бўлади. Кичик ясли ёшидаги гуруҳлардаги ўйинчоқлар кунига 2 маҳал чўтка билан иссиқ сувда ювилади. Бу ўйинчоқлар махсус тамғаланган бўлиб, алоҳида тоғорада совунлаб ювилади. қўғирчоқларнинг кийимлари ювилгач, яхшилаб дазмолланади. Юмшоқ қўғирчоқлар бактерицид лампалар билан 30 дақиқа давомида дезинфекция қилинади. Йиртилган, синган ўйинчоқлар ташлаб юборилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!