TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Болалар учун ёзги хатарли омиллар

Ёз ойларида ота-оналар асосан болаларидаги чуқур кесилган жароҳатлар, синишлар ва бош оғриғи бўйича шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилишади.

Биз бахтсиз ҳодисалар оқибатида ва спорт мусобақалари чоғида олинган жароҳатлар даражаси ёз мавсумида кескин ошишини кузатдик. “Бола бола-да, улар оддий вазиятларда ҳам тез-тез турли жароҳат ва шикастланишларни олишади”, дейишади кўпинча. Аммо бахтсиз ҳодисаларнинг кўпчилигини бор-йўғи ота-оналарнинг назоратини кучайтирган ҳолда бартараф этиш мумкин».

Қуйида болалар учун ёзги хатарли омилларнинг энг муҳим ва кенг тарқалган олтитаси келтирилган.

Имкони бўлганида, доктор квадроцикллардан фойдаланишни тақиқлаган бўларди. Болалар уларни миниб вақтларини чоғ ўтказишади, аммо энг оғир жароҳат ва шикастланишлар айнан шу восита билан боғлиқ. Шубҳасиз, бола исталган пайтда фаол ўйин жараёнида йиқилиб тушиши, пайлари шикастланиши, суяги синиши, териси тирналиши ёки кесилиши мумкин. Квадроцикллар мотор ёрдамида ишлагани боис ҳам хавфли. Улар катта импульсга эга. Уни бирпасда назорат остидан чиқариб қўйиш ва атрофдаги болаларни босиб кетиш ёки ағдарилиб кетганида бола оғир транспорт воситаси остида қолиши мумкин. Агар фарзандингизга квадроцикл минишга рухсат берган бўлсангиз, бошига темир қалпоқ (шлем) кийишга мажбур қилинг.

Трамплинлар. Ҳар йили ёзда трамплиндан йиқилиш оқибатида болалар суяк синиши ва чуқур жароҳатлар билан шифокор қабулига тушишади. Бунинг устига кўп ҳолатларда йиқилиб тушиш жойида албатта санчиладиган ёки кесадиган предметлар ётган бўлади. Агар ота-оналар ўз фарзандларини бундай хатарли ўйиндан асрашни ўзларига эп кўришмаса, ҳеч бўлмаса трамплин атрофига ҳимоя сеткасини ўрнатишни тавсия этилади.

Велосипедлар, роликли конькилар ва скейтлар. Маълумотларга қараганда ҳар йили 580 000 нафар велосипед ҳайдовчиси, 100 000 нафар скейтбордчи ва роллерлар турли жароҳат ва шикастланишлар олишар экан (бу ерда сўз АҚШ ҳақида бормоқда, дунё бўйлаб эса, уларнинг сони анча кўп). Уларнинг кўпчилигини бор-йўғи оддий хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда бартараф этиш мумкин. Хусусан, бошга албатта темир қалпоқ кийиш лозим: бу асосий жароҳатларнинг 85 фоизидан халос этади. Шунингдек, тирсакбанд, тиззабанд ва болдир қалқонларини кийиш ҳам ортиқчалик қилмайди. Велосипеднинг эса тормоз тизимини, шиналарнинг дам бериш даражасини, фараларнинг ишлашини ва ёруғликни қайтарувчи элементларнинг бор-йўқлигини техник кўрикдан ўтказиб туриш зарур.

Чўкиш. Бу оқибати ўлим билан тугайдиган энг кўп тарқалган бахтсиз ҳодиса ҳисобланади. Бундай ҳолат исталган сув хавзасида ҳам, бассейнда ҳам ва ҳатто уйдаги ваннада ҳам юз бериши мумкин. Мен шифокор сифатида хавфсизлик мақсадларида сув хавзаси ёнида болаларга қутқарув жилетини кийдириб қўйишни тавсия этаман. Уйдаги сузиш бассейнлари периметри бўйича ғов билан тўсилиши лозим. Шунингдек ота-онанинг хушёр назарини ҳеч нарса боса олмаслигини ҳам эсда сақлаш лозим.

Автоҳалокатлар. Автомобилда хавфсизлик камарини тақиш лозимлигини ҳамма билади. Ёзда автомобил саёҳатлари чоғида жуда кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари ва хавфсизлик камарини тақмаган болаларнинг жароҳатланишини содир бўлади. Агар сафар кўп вақтингизни олса, ҳаракат пайтида шўх фарзандингизни махсус автокреслодан бўшатманг: яхшиси йўлда кўпроқ тўхтаб, яқинроқда жойлашган ўтлоқда фарзандингизнинг ёзилишига имкон беринг.

Баланд ҳарорат ва сувсизланиш. Ҳар йили жуда кўплаб болалар ота-оналари уларни жазирама қуёш нурлари остида автомобилда қолдириб кетганлари сабабли ҳалок бўлишади ёки қаттиқ хасталанишади. Баланд ҳарорат ва организмнинг сувсизланиши ҳатто катталар учун ҳам хавфли бўлгани боис, болалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади… Уй олдида қуёш нурлари остида ўйнаётган ўсмирларга вақти-вақти билан сув ичишни таклиф қилган маъқул. Аммо чақалоққа сув бериш тавсия этилмайди, чунки у организмдаги тузларни эритиб, боланинг нафас олишини қийинлаштириши мумкин. Сув ўрнига чақалоққа сут аралашмаси солинган шишачани берган яхши.

Азизбек Низамов,

Саломатлик ва тиббий статистика институти Тошкент шаҳар филиали бўлим бошлиғи

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!