TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Болаларда ўткир аппендицит ва унинг аломатлари (1-мақола)

Ибн Синони бир камбағалнинг уйига, дардга чалинган фарзандини кўришга таклиф этадилар. Тўшакда ётган бемор боланинг аҳволи оғир, у қорни оғриётганидан ҳамда ташналикдан шикоят қиларди. Оғриқ икки кун аввал тўсатдан бошланган. Бир неча марта қайт қилган. Кейинчалик иштаҳаси йўқолиб, иситмаси кўтарилибди. Бугун эрталабдан тинмай қайт қила бошлабди. Беморни ҳар томонлама текшириб кўрган буюк ҳаким дарднинг бирорта ҳам ташқи белгисини топа олмабди, аммо боланинг қорнига қўл теккизиши билан бола оғриқ зўридан инграб юборибди. Ибн Сино илгари ҳам бу касалликни учратган, бироқ ёрдам беришдан ожиз экан. Юзида пайдо бўлган умидсизлик нишоналарини бечора отага сездирмай, қорин оғриғини қолдирадиган ҳаб дорилардаи бериб, эртага ҳам келиб кўришини айтиб, хайрлашибди. Эртасига боланинг қорни шишиб, қайт қилиши зўрайибди. Энди оғриқ ортиқча безовта қилмай қўйган бўлса ҳам, боланинг аҳволи оғирлашибди. Ҳаким ички бир дард билан қийналиб, ёш болани ўлим чангалидан қутқара олмаслигини билса ҳам бутун билими ва тажрибасини ишга солибди. Аммо на илож…

Ибн Сино боланинг жасадини яширинча ёриб, йўғон ичакнинг бошланиш қисмида жойлашган чувалчангсимон ўсимтанинг йиринглаб, ёрилиб кетганини кўрибди ва заҳматкаш жигарбандининг ўлимига сабабчи бўлган ҳолни тушунибди. «Ушбу ўсимтани ёрилиб кетмасдан олдин жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш мумкин бўларди-ку, ахир», – ўйлабди у.

Аммо буюк ҳакимнинг бу фикри амалга ошгунга қадар тиббиёт олимлари ўртасида қизғин баҳслар билан яна бир неча асрлар ўтди. Фақат 1828 йилда француз олими, врач Мелье олиб борган текширишлари ва кузатишлари асосида чувалчангсимон ўсимтадаги ўзгаришлар қорин бўшлиғида йиринг пайдо қилади, деган қарорга келди.

Яллиғланган чувалчангсимон ўсимта 1884 йилда Англияда жарроҳ Мак-Гомед томонидан биринчи марта олиб ташланди. Бу жарроҳлик тарихида қилинган илк жасорат эди. 1886 йилда Режинальд Фитц чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиши ва унинг касаллик белгиларини баён қилди. У бу хасталикни аппендицит деб аташни ва жарроҳлик йўли билан олиб ташлашни тавсия қилди.

Кейинчалик олимлар чувалчангсимон ўсимта яллиғланганда уни қанчалик тез олиб ташланса, шунчалик яхши натижалар беришини, бу касалликдан ўлишнинг кескин камайиб кетишини аниқладилар.

Ҳозирги пайтда ҳар бир шаҳар ва туман марказида тез ёрдам марказлари бор. Улар аҳолига беминнат медицина ёрдами кўрсатмоқда. Натижада қорин бўшлиғидаги ўткир касалликлардан, жумладан чувалчангсимон ўсимта яллиғланишидан ўлиш жуда камайди.

Баъзи пайтларда афсусланадиган ҳодисалар ҳам учраб туради. Айтайлик, бирор одам касал бўлиб қолса, ўтиб кетар деб врачга бормайди. Бундай совуққонлик натижасида дард зўрайиб, турли хилдаги асоратлар юзага келади, бинобарин, даволаш қийин бўлади ва узоқ вақтга, ҳатто бир неча ойларга чўзилади, энг ёмони, ҳатто одам ажалидан беш кун бурун ўлиб кетади.

Хусусан болаларнинг оғир дардга чалиниши ва ўлими ота-онага жуда оғир кулфат келтиради.

Ўз фарзандини «арзимас» бир касаллик туфайли бериб қўйган ота-онанинг қанчалик ғам-қайғу остида қолишини сўз билан таърифлаб бўлмас.

Кўчада тасодифан учрашиб қолган икки мўйсафиднинг салом-аликдан кейин «Фарзанддан нечта?» деб сўрашиши, болалар кўп бўлса, «Ҳа, бой экансиз, ишқилиб, умрлари узоқ бўлсин», дейиши, бировдан яхшилик кўрса, «Фарзандларингизнинг роҳатини кўринг», деб дуо қилиши бежиз эмас. Инсоннинг номи фарзанд билан тирик, фарзандлар бизнинг обрўйимиз, шон-шуҳратимиз, қадр-қимматнмиз, келажагимиз! Ватанимизга соғлом, зуваласи пишиқ, ақлий ва маънавий жиҳатдан етук авлодлар керак. Бироқ тиббиёт фани инсон организмида учрайдиган баъзи бир касалликларнинг олдини олишдек мураккаб вазифаин батамом ҳал қила олганича йўқ ҳали. Демак, болаларнинг тасодифан касалликка чалиниши эҳтимоли ҳали бутунлай йўқолмаган. Ана шундай касалликлар орасида, бир неча йиллар давомида олимларимиз фикрини банд қилиб келаётган муаммо – чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиш касаллиги алоҳида ўрин тутади.

Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!