TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БОЛАЛАРДА ШАЙТОНЛАШ ХУРУЖЛАРИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида бош мия жароҳатланиши йилига 2 фоизга ўсиб бораётгани ва 27 фоиз ҳолатда шайтонлашга сабаб бўлаётгани кўрсатилган. Халқаро миқёсда узоқ йиллар давомида мунтазам ва муваффақиятли олиб борилаётган чуқур илмий текширувлар натижасида болалар неврологиясида катта ютуқларга эришилган бўлса-да, уларда шайтонлаш ҳолатлари ва хуружларининг этиологик, патогенетик сабаблари, трансформация ва ривожланиш механизмлари, тезкор даволаш ҳамда унинг олдини олиш масалалари фаол муаммо ва устувор илмий йўналишлардан бири бўлиб келмоқда.

Бу муаммо нафақат тиббиёт учун, балки жамиятда жисмоний соғлом, бақувват, баркамол авлодни тарбиялаш ва камол топтиришда муҳим ижтимоий аҳамият касб этишини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Қандай омиллар шайтонлаш хуружларига олиб келиши мумкин:

* туғруқ травмалари, гипоксия ва бош мия ишемияси;

* асаб тизими ривожланишидаги нуқсонлар;

* транзитор токсик-метаболик бузилишлар;

* интеранатал омиллар;

* моддалар алмашинувининг наслий патологияси;

* туғма ва наслий ички аъзолар касалликларида иккиламчи токсик-метаболик ва гемодинамик бузилишлар;

* туғма инфекцион касалликлар туфайли асаб тизимининг зарарланиши;

* бош миядаги ҳажмий жараёнлар ва бошқалар.

Замонавий ва эришилган илмий-назарий ютуқларга қараганда, ҳозирда шайтонлаш хуружининг икки асосий механизмини айтиб ўтиш муҳим. Биринчи механизмга кўра, шайтонлаш хуружи кучли таъсирчан омилнинг таъсири натижасида мияда нормал қўзғалувчан бўлган ҳолатда содир бўлади. Иккинчи механизмга кўра, шайтонлаш хуружи миянинг патологик юқори қўзғалувчанлик ҳолатида, кучсиз таъсирчанлик омили таъсири натижасида рўй беради. Шайтонлаш хуружларининг 85 фоизини фебрил шайтонлаш ташкил қилади. У асосан тана ҳарорати кўтарилиши даврида, айнан 38,5-40 даража оралиғида рўй беради. Бу гипертермик ҳолат деб ҳам номланади. Маълумотларга қараганда, бу ҳолат инфекцияга нисбатан иммунитет камлиги ва пирогенлар таъсирида кучли реакция рўй бериши натижасидир.

Ташқи клиник кўриниши билан шайтонлаш хуружи қуйидаги турларга бўлинади: генереализациялашган, клоник, тоник, тоник-клоник, атоник ва миоклоник.

Генерализациялашган клоник хуружларга қўл ва оёқларнинг ассиметрик, мунтазам бўлмаган клоник тортишишлари хос. Айрим ҳолларда, клоник хуруж тоник турга ўтиши кузатилади, натижада клоник – тоник – клоник пароксизми содир бўлади. Генерализациялашган тоник хуружларда бир вақтда мушакларнинг тоник қисқариши ва эс-ҳуш йўқотиш билан кузатилади. Баъзи беморларда хуруждан сўнг карахтлик, уйқучанлик кузатилиши мумкин.

Шайтонлаш хуружи кузатилганда тезкор ёрдам сифатида қуйидагиларни амалга ошириш тавсия этилади:

* ваҳимага тушмаслик;

* беморнинг ёқасини ечиш, уни тор кийимдан ҳоли қилиш;

* болани ёнбоши билан ётқизиш ва бошини танага нисбатан пастроқ тушириш, ҳар хил нарсалар билан жағини очмаслик;

* тана ҳароратини аниқлаш;

* хуруж кетишини эътибор билан кузатиш;

* оғиздан ҳеч қандай дори ва суюқликларни юбормаслик;

* бола олдида хуруж бутунлай тугагунча кузатиб туриш.

Болаларда шайтонлаш хуружлари аниқланганда:

* невропатолог маслаҳати;

* нейросонография;

* электроэнцефалография;

* кўрсатма бўйича бош миядаги ўсмалар, нуқсонлар ҳамда травмадан кейинги ўзгаришларни инкор этиш мақсадида КТ ва МРТ ўтказилиши лозим.

Шайтонлаш хуружларини даволаш ва унга қарши препаратларни танлаш, дозасини аниқлаш ва тўхтатиш фақат врач-невропатолог томонидан тавсия этилади.

Ота-оналар томонидан шифокорлар тавсияларини тўла амалга ошириш, даволанган болаларнинг келгусида соғлом ва ҳар томонлама бақувват ривожланиши гаровидир. Болаларни мунтазам назорат қилиш, серхархашалик белгилари пайдо бўлса, шифокорга мурожаат этиш, улар билан доимо мулоқотда бўлиб ҳамда маслаҳатлашиш лозимдир!

Машкура Исроилова, невропатолог, олий тоифали шифокор

“Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетасидан олинди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!