TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Болани эмизиш ҳолатлари

Бола эмизишнинг турли қулай ҳолатлари маълум. Улар ичида энг кенг тарқалгани болани тиззада олиб ўтириб эмизишдир. Ҳар бир она боласини эмизиш учун ўзига энг қулай ҳолатни танлаши лозим. Бунда тиббиёт ходимларининг роли катта бўлиб, тегишли ҳолатни улар оналарга туғишдан олдин ва онанинг кўзи ёригандан кейин ўргатишлари лозим. Бола эмизишнинг қулай ҳолатларидан яна бири — бола бешикда ётган ҳолат, чунки она бешик ёнида ўтирганда унинг кўкраги болага моc келади, онанинг қўллари эркин бўлгани учун бемалол эмизишга имкон туғилади. Бешикда ётган боланинг кўкрак олиши қулай бўлади, кўкрак юқорироқда тургани учун сут келиши тезлашади.

Эмизиш учун қулай ҳолатда она бутун вужуди билан болани ҳис қилиб роҳатланиб эмизади. Боланинг ёноқлари она кўкрагига тегиб туради, бола оғзини катта очиб, лаблари чўччайиб, кўкракка интилади. Кўкрак учини ямлаб олгач, аста-секин сўра бошлайди. Бола тинч ва хотиржам эмганда, она кўкрагининг учида оғриқ сезмайди.

Туғруқ жараёнида аёллар турли-туман дориларни иложи борича кам ичиши керак. Айниқса, оғриқни қолдирадиган дорилар — аналгетиклар болаларга ҳам таъсир этиб, боладаги тетикликни камайтиради, уйқусини келтиради, натижада болага биринчи кўкрак бериш муддати чўзилиб кетади.

Бола туғилгач, она билан бола бирга бўлиши керак, фақат ноилож ҳоллардагина болани онадан алоҳида қўйиш мумкин. Бола туғилгач, дастлаб 1 соат давомида чақалоқ она қорнида ётиб, териси она терисига тегиб туриши ва шу ҳолатда онани эмиши лозим. Чақалоқ туғилгандан сўнг қилинадиган муолажани (болани ювинтириш, вазнини аниқлаш, кийинтириш ва бошқаларни) 1-2 соат орқага суриб, болани эмишга ўргатиш керак.

Фарзанд туғилгач, иложи борича ўзингизни бўш қўйиб, хотиржам бўлишга ҳаракат қилинг. Болани қўлингизга бергандан сўнг уни бағрингизга олиб, кўкракка босинг. Кўкрак учи ёки бармоғингиз билан бола юзини ёки лабини қитиқлаб, унинг кўкракка талпинишини кучайтиринг, чунки болаларда овқат қидириш рефлекси шаклланган бўлади.

Бола эмаётганида боши ва танасини ушлаб туринг.

“Хотин-қизлар эниклопедияси”дан

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!