TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БОТИНИЙ ОНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ

Ҳаётимизнинг бирон соҳаси йўқки, у ҳақида сизнинг ўз қараш ва хулосаларингиз бўлмаса. Бу қарашлар болаликдан пайдо бўлиб, бутун умрга амал қилади. Биз аллақачон шаклланиб бўлган қарашларимиз ҳақида камдан-кам шубҳаланамиз. Табиийки, биз уларга ишонамиз, бўлмаса уларнинг нима кераги бор? Бизга пул ишлаб топиш қийин туюлади, ҳақиқатда ҳам шундай. Ўзини ҳеч нарсага арзимайдиган деб ҳисоблаган одам ҳақиқатда қадрсиздир. Агар ҳаёт бемаъни десак, у ростданам шундай бўлади. Инсон ўз қарашларидан ташқари ҳамма нарсага шубҳа ва хавотир билан қарайди.

Нимага ишонсангиз, шуни оласиз

Кўпчилик фикрини ўзи билиб-билмаган ҳолда ўзига қарши ишлатади. Муаммоларингизни диққат билан таҳлил қилсангиз, уларнинг аксарияти нотўғри ёки чекланган қарашларингиздан келиб чиққанини англайсиз. Шу сабаб агар одамлар билан муносабатга киришишда қийналсангиз, бу муносабатга бўлган фикрингизни ўйлаб кўринг. Қарашларнингизни қайта кўриб чиқинг. Соғлик билан, пул билан муаммога тўқнаш келаверсангиз, демак, соғлик ва пул ҳақида нима фикрда эканлигингизни яхшилаб ўйлаб кўринг.

Бир куни маъруза ўқиб бўлганимдан кейин ёнимга бир одам келиб, секин овозда маоши кам эканини айтди. У оиласини ва ўзини таъминлай олади, аммо ундан ортиғига қурби етмайди. «Ҳеч қачон етарлича пулим бўлмайди», – деб елкасини қисди. У одамларга қўшилишнинг иложи йўқ».

«Ҳеч қачон етарлича пулим йўқ» ва «Одамларга қўшилишнинг ҳеч иложи йўқ» деган икки салбий фикр унинг онгига чуқур ўрнашиб олиб, доим унга таъсир этади ва оқибат у ўз-ўзига шундай ҳаёт яратиб олади. Мен унга пулдан ташқари бошқа нарсалар ҳақида ҳам ёмон фикрда эканлигини айтдим. Чунки тажрибалардан маълумки, аксарият салбий фикрлар ўзига ўхшаган қарашлар, ҳаёлларни эргаштириб юради. Мен у кишидан пул ва омад ҳақида қандай фикрда эканини билмоқчи бўлдим. Рўйхатни олгач, унинг пул топишига тўсқинлик қилувчи бир қатор бузғунчи фикрлари бор экан: «Агар мен кимдандир қарз олсам, қарз берган киши тийинни тийинга улашига тўғри келади», «Сердаромад жойларнинг бари эгаллаб олинган», «Пул топиш қийин», «Омадли одамларнинг бари худбин, мен бундай бўлишни истамайман». Диққат қилинг, инсонни қанчалик камситувчи ва уни чегараловчи қарашлар!

Бу одамнинг иқтисодий жиҳатдан омадсизлиги ажабланарли эмас, чунки у яхши маош оладиган жойда ишласам худбин бўлиб қоламан, бошқаларга ҳалақит бераман деган фикр билан ўз онгига қарши курашиб келган.

Яна бир маърузам пайтида боши касалликдан чиқмайдиган аёл ичидагини тўкиб солди: «Ҳамма жойим оғрийди. Атроф-муҳит микробларга тўла. Шунчалик нозикманки, касаллигим соғлигимга нисбатан кучлироқ». Ҳайриятки, ҳаётсевар ва тоза қарашларни онгига сингдириб аёл вақтида соғлигини тиклаб олди.

Сиз ботиний онгингизнинг мақсадидан доим бохабар бўлишингиз, у ҳақида ғамхўрлик қилишингиз керак. Агар онгингизга қандайдир нотинч, салбий, чегараланган ғоя ўрнашиб олса, онг уни ҳақиқат деб қабул қилади ва шунга мослашиб ишлайди, яъни ҳаётда ана шу қарашларни амалга ошириш чораларини излайди. Камбағаллик, омадсизлик, бахтсизликнинг муқаррарлигига ишонсангиз, ботиний онг бутун кучи, минглаб усулини қўллаб бу ишончнинг рўёбга чиқиши учун ҳаракат қилади.

Илон ютганмисиз?

Хўжайинининг олдига иш билан юборилган нодон деҳқон ҳақида қадимий ривоят бор:

Бой хўжайин деҳқонни уйига олиб кириб олдига шўрва қўйибди. Деҳқон қошиқни олиб шундай идишга қараса, шўрва ичида кичкина илон ётганмиш. Хўжайинини ранжитмаслик учун деҳқон бир иложини қилиб шўрвани ичибди. Бир неча кундан сўнг деҳқон қаттиқ касал бўлиб, хўжайиннинг уйига қайтишга мажбур бўлибди. Бой уни яна уйига олиб кириб пиёлада дори берибди. Доридан хўпламоқчи бўлган деҳқоннинг кўзи пиёла тагида ётган илончага тушибди. Бу сафар у андишани йиғиштириб бор гапни айтиб берибди. Бу гапга хўжайини хохолаб кулиб уйнинг шифтида осилиб турган катта пиёз боғламига ишора қилибди: «Сен пиёлада пиёзнинг аксини кўраяпсан, ҳеч қанақа илон йўқ».

Деҳқон яхшилаб қараса, пиёладаги илон эмас, пиёзнинг акси экан.

Хижолат бўлган деҳқон пиёладаги дорини ҳам ичмай бойнинг уйидан чиқиб кетиб, бир кундан кейин тузалибди.

Асоссиз кўрқувни онгимизга сингдириб, биз ҳам ўша деҳқоннинг восвос ҳолатига тушиб қоламиз. Ва бу ҳақиқат токи унинг тескарисига ишонч ҳосил қилмагунимизгача бизга таъсир ўтказаверади.

Ботиний онг қандайдир фикрни қабул қилдими, бас, у тўғри-нотўғрилигидан қатъи назар шу ишончни оқловчи фикрларни ишлаб чиқараверади. Айтайлик, сиз қайсидир аёл ё эркак билан муносабат ўрнатиш осон эмас, деб ўйлайсиз. Онгингизга ўрнашиб олган бу ишонч мана бундай фикрлар билан мияни тўлдира бошлайди: «Мен ҳеч қачон ўзимга ёқадиган одамни учрата олмайман», «Муносиб ҳамроҳни топиш мумкин эмас», «Муносабат турғун бўлмайди, у доим ўзгарувчан» ва ҳоказо. Ана энди ўзингизга жуда ёқадиган инсонни учратсангиз ҳам миянгиз: «Бу одам мен орзу қилгандек яхши бўлмаса керак», «Овора бўлишгаям арзимайди, барибир ҳеч нарса чиқмайди» ё «У мен билан ҳеч ҳам қизиқмайди» каби асоссиз фикрларни қалаштириб юборади. Бундан ташқари, «Мустаҳкам муносабат ўрнатиш жуда мураккаб иш» деган фикрга қаттиқ ишонган онг худди оҳанрабо каби бу фикрни исботловчи ҳаётий мисолларни ўйлаб, бунинг акси бўлган ҳолатларни инкор этаверади. Мия сизнинг қарашларингизни тасдиқлаб, унга мослашиб, ҳаёт ҳақиқатларини тўғри ёки нотўғри кўрсатиш қобилиятига эга.

Ўзингизни ҳеч нарсага арзимас деб биласизми? Ё кам маош оласизми? Касалликдан бошим чиқмайди, деб ўйлайсизми? Миянгиз бу фикрларни инкор этолмайдиган исботларни, албатта, топади ва унинг бутун фаолияти мана шу фикрни исботлашга қаратилади.

Бошқа тамондан, ғалабангизга, ҳар нарсадан пул қилиш мумкинлигига, соғлигингизга ишонсангиз бас, шу заҳоти атрофингизда бу фикрларни исботловчи ҳаётий далил топилади.

Ақл билан ишонинг

Ҳаётнинг барча муаммоли ҳолатларида, билингки, муаммо ҳам, унинг ечими ҳам сизнинг ўзингиз. Бу гап ғалати туюлиши мумкин, аммо қарама-қаршилик ташқаридан эмас, ўзингиздан, нимага ишонишингиздан бошланади. Қатъий ишончларингизни ўзгартирсангиз, сиз учун бутунлай янги ҳаёт эшик очилади.

Айтайлик, дўст топиш қийин деб ўйлайсиз. Бу билан сиз дўстлашишни истамаётганингизни тасдиқлаяпсиз. Ўзингиз янги дўст орттиришни истамаяпсиз, аниқроғи, бунга тайёр эмассиз. Ҳеч қачон сиз ўзингизни шу фикрда эканлигингиз учун айбламайсиз, онг сиз берган бемаза овқатни ширин деб еяверади.

Янги дўст орттириш қийин эмаслигига ишонганингиздан сўнг, албатта, уйингиз меҳмондорчиликка таклиф қилувчи телефон қўнғироқларига тўлиб тошмайди. Балки янги танишлар ҳам кўпайиб кетмас, аммо сиз бу муаммога муносабатингизни ўзгартирдингиз. Бирдан англайсизки, бундай муаммонинг ўзи йўқ, уни ўзингиз келтириб чиқардингиз. Ниҳоят атрофингизда вужудга келган вазият учун ўзингиз жавобгарлигингизни англаб, ҳаётга таҳлилий назар билан қарайсиз, ўзгаришингиз шартлигини тан оласиз.

Янги танишлар орттириш қийин эмаслигига ишонгач, бу иқрорни тасдиқловчи кўплаб далиллар топасиз ва ҳар бир ҳаётий ҳолатдан бу мақсадингизни амалга ошириш учун унумли фойдаланишга уринасиз.

Ўз улуғворлигингизни исботланг!

Гарчанд ўзингиз бирданига амин бўлишингиз қийин бўлса ҳам, миянгизда ижобий маънодаги ишончларни ҳосил қилинг. Ўз-ўзингизга – ботиний онгга ҳар қандай фикр ёки ғояни мустаҳкам ўрнаштириб, барқарорлаштиришга қодирлигингизни эслатиб туринг. Мия буни қабул қилади, фақат фикрни чуқур ҳис қилган ҳолда бир неча бора такрорлаш керак.

Мия ҳосил қилинган одатлари бўйича ишлайди. Агар сиз ҳозиргача миянгизда чекланган қарашлар илдиз отишига имкон берган бўлсангиз, қаътият билан қилинган ҳаракатлар ёрдамида уларни ҳайдаб чиқариш мумкин. Бунингучун эскиларини тамоман сиқиб чиқармагунча янги ижобий фикрларни такрорлаб туриш шарт. Шу тариқа миянгизда ўзига хос тозалаш ишларини ўтказасиз; мисоли жиҳозларни янгилаб, эшик ва деворни қайта бўяйсиз. Барча эски, бузгунчи ва сизни камситувчи фикрларни, улар ҳатто, онгингизда чуқур илдиз отиб кетган бўлса ҳам, ирғитиб ташлаб, янгиларига алмаштириш вақти келди.

Қуйидаги рўйхатни диққат билан ўқиб, унда сиз ўзлаштириб олган фикрлар бор-йўқлигини аниқланг:

«Мен бу ишни қилолмайман»

«Бундан ортиғига эришолмайман»

«Ҳозир имкониятларим чекланган»

«Минг марта уриндим, чиқмади»

«Бажаришим муҳим эмас»

«Ҳаёт мураккаб»

«Ҳар доим нимадир ишкал бўлади»

«Нимагадир эришиш учун кўп ишлаш керак»

«Ҳеч нима асоратсиз ўтиб кетмайди»

«Нима қилишни билмайман»

Агар бу фикрлардан биронтаси сизга таниш, яқин бўлса, дарҳол уни янги ижобий фикр билан алмаштиринг. Ғалаба қозониш – бу ўз-ўзини оқлаш, сизга омадсизлик олиб келаётган инкор ҳолатлар ҳақидаги фикрларни миянгиздан чиқариб ташлашга куч топишингиздир. Миллионлаб одамлар ўзларининг ҳозирги ҳаётларидан қониқиб яшайдилар. Уни ўзгартиришга уриниб ҳам кўрмайдилар. Уларнинг фикрича яшаш ғоятда оғир, тақдирдан қочиб бўлмайди. Уларни ҳеч нарса яхшилаб силкитиб, ҳушёр торттирмайдими? Сизни-чи?

Имкониятларингизни ўрганинг

1-қадам

Ўзингизга қийин, мураккаб бўлган соҳаларни ажратиб олинг: масалан, иқтисодий аҳволингиз, ўзаро муносабатлар, соғлик, тадбиркорлик ва ҳоказо. Булар борасидаги ўз қарашларингизни ёзиб чиқинг. Вақтни аяманг, ҳақиқатдан юз ўгирманг.Сизнинг фикрингизча, тасаввурингизча қандай бўлиши кераклиги ёки қандай йўлни тўғри деб билишингиз ҳақида ёзинг. Ёзиб бўлгач, рўйхатни синчиқлаб қараб чиқинг. Чегараланган фикрлар йўқми? Агар вазифани тўғри бажарсангиз, бу жараён кўп нарсани ойдинлаштиришга имкон беради.

2-қадам

Ҳар бир чекланган фикр қаршисига янги ижобий тасдиқни ёзиб чиқинг. Масалан:

Яхши маош олишнинг йўли йўқ. – Яхши маош олишнинг йўллари кўп.

Одамлар билан танишиш қийин. – Одамлар билан танишиш жуда осон.

Яхши дўст топиб бўлмайди. – Яхши дўст орттириш қийинмас.

Одамларга қўшила олмайман. – Одамлар билан мулоқатнинг йўли кўп.

Бу лойиҳа устида ишлашга вақтим йўқ. – Бу ишга истаганча вақт топаман.

 

Қуйида айтиб ўтиладиган ишончларни мустаҳкамлаш усулидан фойдаланиб бу қарашларни онгингизга қаътий жойланг. Ҳар ойда бир-иккита янги ишончни онгингизга сингдиринг. Бирданига кўп нарсага эришиб бўлмайди. Вақт ўтиши билан жуда кўп кучли ишончларга эга бўлганлигингизни ва улар ўз фойдангизга ишлаётганини англайсиз.

Мустаҳкамлаш

Мустаҳкамлаш усули (техникаси) жуда осон. Аслида сиз ундан туғилган пайтингиздан буён фойдаланасиз. Дастлаб у сизга гапиришни ўрганганингизда қўл келган. Кейинроқ кўпайтирув жадвалини ёдлаганингизда. 6×6 ёки 7×8 неччи бўлишини дарҳол айтиб берасиз. Чунки уларнинг жавоблари кўп такрорлаш оқибатида онгингизга ўрнашиб қолган. Эслаб кўринг-а, кўпайтирув жадвалидан мисолларни неча марта ёзиб, қанча такрорлагансиз? Тўғриси, буни аниқ билмайсиз. Ўқишни бошлагандан буён бу машғулотни такрор-такрор бажаргансиз. Сўз жумлаларни қайтаргансиз, тўғрилагансиз ёки нотўғри ёзиб, хато талаффуз қилганингизда сизни тўғрилашган. Шунинг учун ўз она тилингизда қийналмай гаплашасиз, чунки у миянгизга илдиз отиб мустаҳкам ўрнашиб олган.

Ҳар қандай янги маълумот, ғоя ва ишонч миянгизга мустаҳкам ўрнашиб олгандан кейингина уни амалда қўллай бошлайсиз.

Ғоя миянгизга мустаҳкам ўрнашиб олиши учун ишонч билан мулоҳазани бир-бирига мослаштиринг, уйғунлаштиринг. Ғояни такрорланг ва ўйланг. Фикрингизга қарши чиқаётган барча ғояларни рад этингда, фақат танлаб олганингиз сиз учун ҳаётий ҳақиқат бўлсин. Янги ғоя ниҳолдек нозик: ўзини тиклаб олгунича алоҳида парвариш талаб қилади. Диққат-эътиборли ва синчков бўлинг: агар ғамхўрлик қилмасангиз, сизнинг бебош эски ғояларингиз мисоли фикрловчи уруғлар каби қайта ўсиб чиқади ва сизнинг нозик ғояларингизни чирмаб олади.

Ҳар қандай янги ғоя ва фикр онгизга илдиз отиб кўкаргунча аввало ўсиб чиқиши керак. Бу жараён маълум фурсат талаб қилади. Гарчи сиз бир, икки, йигирма марталаб янги ғояни қамчилаб такрорлаганингиз билан ҳеч ўзгариш бўлмаслиги мумкин. Янги ишончингиз самараси онгингизда томир отиши учун бир ойдан уч ойгача бўлган муддат ўтиши керак. Бу дегани 30 кундан 90 кунгача ҳар куни 5-10 дақиқа давомида машқ бажариш демакдир.

Энди сиз бир-икки марта ўқиш йўли билан янги ғоя, эътиқодни амалга оширмоқчи бўлган одамларнинг мағлубиятга учраш сабабларини тушундингизми? “Мен буни тушунишга интилдим, лекин ҳеч уддасидан чиқолмадим”, – дейишади улар афсус билан. Лекин улар етарлича ҳаракат қилдиларми?

Сизнинг миянгиз қандай бўлишидан қаъти назар, янги ғояни бир-икки ой давомида такрорлаб сингдирмасангиз, у ўз-ўзича уни қабул қилиш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун чала-ярим куч бериб вақтингизни сарфлаш ва оқибатда умидсизликка тушиш, ҳафсала пир бўлмоғидан нима фойда? Энди ушбу гапларни қайтаринг:

Ҳар қандай янги ишонч илдиз отиши ва гуллаши учун вақт ва эътибор талаб қилади.

3-марта.

Англадингизми?

Джон Кехонинг “Ботиний онг мўъжизалари”

китоби асосида тайёрланди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!