TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

БРОНХИАЛ АСТМА ЁХУД ЗИҚҚИНАФАС ҲАҚИДА

Бронхиал астма нафас йўлларининг сурункали касаллиги бўлиб, унинг асосида доимий яллиғланиш белгилари ётади. Яллиғланиш жараёнида бронхлар сезувчанлиги ортиб, натижада бронх-ўпка тизимида ўзгаришлар юзага келади. Бу ўзгаришлар беморларда такрор-такрор нафас қисиши, ҳансираб қолиш, кўкрак қафасида хириллаш ва оғирлик пайдо бўлишига ҳамда кечалари йўтал хуружи тутишига олиб келади. Астма сўзи “бўғилиш”, “ҳансираш” маъноларини билдириши бежизга эмас. Чунки бронхиал астмага дучор бўлганлар бронхлар шиллиқ қаватининг шишиши, шиллиқ ишлаб чиқаришнинг кучайиши ва бронхспазм туфайли тез-тез нафас қисишидан шикоят қиладилар.

Хасталикнинг илк хуружлари болаликда ёки балоғатга етиш даврида бошланиши мумкин. Айрим одамларда эса бу касаллик кексалик ёшида ҳам ривожланади. Бронхиал астма кўпинча бирор касаллик (нафас йўлларининг жиддий яллиғланиши, зотилжам, қизамиқ, аёлларда жинсий аъзолар яллиғланиши) ёки қаттиқ асабийлашиш ва руҳий зўриқишдан кейин пайдо бўлади. Ёзнинг ўзгарувчан кунларида, айниқса об-ҳаво совуқ ва нам бўладиган кўклам ҳамда куз фаслларида бронхиал астма хуружлари кучаяди.

ҚАДИМДА ҲАМ УЧРАГАН ЭКАН

Ҳиппократ замонида (милоддан аввал) ҳам айни баҳор кезларида ўсимликлар чангининг атрофга тарқалиб кишиларда аллергия қўзғаши маълум бўлган. Лекин у вақтларда аллергия ҳолатидан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Ҳиппократ нафаси қисиб қолган беморларга эфедра гиёҳини ёқиб тутунидан ҳидлаш зарурлигини тавсия этган.

Абу Бакр ар-Розий “Тиббиётга доир мукаммал китоб” асарида биронхиал астма аломатларини батафсил баён этиб баъзи гулларнинг ва айрим овқат маҳсулотларининг бу касалликка сабаб бўлишини кўрсатиб ўтади. Кейинчалик эса Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” нинг учинчи китобида астма тўғрисида сўз юритиб, бу касаллик хуружлари бошланишида табиий ва иқлимий омилларнинг аҳамияти катта эканини қайд этади. Нафас қисиши хуружларининг бадан терисига тошма тошиши билан бирга давом этишини ҳам ибн Сино биринчи бўлиб кузатган.

Ўн саккизинчи асрда бир қанча олимлар астмани “асабий ҳолатлар натижасида ўпканинг тиришиб қисилишидан” бошланадиган алоҳида бир турдаги ҳансираш дея фикр билдиришган. Рус терапевти Сокольский фикрига кўра хуружлар асосан кечалари, яъни одамнинг ҳис-туйғулари жунбушга келганда вегетатив асаб тизими қўзғалиши натижасида тутиб қолади, бу кўпинча бронхиал астманинг психоневроз ҳолати сифатида талқин этилади.

Ўн тўққизинчи аср бошларига келиб австриялик педиатр шифокор Пирке “аллергия” атамасини клиник амалиётга биринчи марта жорий этди. Пирке кўпгина кишиларнинг организми бефарқ бўладиган моддаларга нисбатан айрим одамларнинг организми ўта сезгир бўлишини пайқади. Унинг таъкидлашича астма аллергик касаллик ҳисобланиб, бу – организмнинг айрим таъсирларга жавобан одатдан ташқари, яъни бошқача тарзда жавоб беришидир.

ДАРД ҚЎЗҒАТУВЧИ “ТАНГАЧА”ЛАР

Бронхиал астма жуда кўп сабабларга кўра келиб чиқади. Барча аллергик касалликлардаги каби бронхиал астма ҳам “аллерген” деб аталадиган баъзи моддаларга организм сезгирлигининг ошиши туфайли пайдо бўлади. Аллергенлар организмга нафас, овқат ҳазм қилиш йўллари, тери ва шиллиқ пардалар орқали кириши мумкин. Унутмаслик керакки, аллергенлар бронхиал астмадан ташқари эшакем, конъюнктивит, ринит, мигрен сингари касалликларни ҳам келтириб чиқаради.

Олимларнинг кузатиш натижаларига кўра, қуйидагилар бронхиал астма хуружларини қўзғатади:

— мушук, ит жунлари, уйда боқиладиган қуш ва паррандаларнинг патлари;

— аквариумдаги балиқлар тангачалари, шунингдек уларга озиқа сифатида бериладиган дафния толқонлари;

— тухум, шоколад, асал, қулупнай, апельсин, ёнғоқ сингари истеъмол маҳсулотлари;

— кундалик турмушда ишлатиладиган кимёвий моддалар (масалан кир ювиш воситалари, ҳашаротларга қарши заҳарли сепмалар, ҳўл ва қуруқ меваларни узоқ сақлаш учун қўлланиладиган дорилар);

— кутубхоналарда сақланаётган эски китобларнинг гардлари, деворга осилган ёки полга тўшалган гиламларнинг чанглари.

Булардан ташқари, хонадонлардаги уй каналари (эскирган жун адёл ва парёстиқларда кўп учрайди), ховлиларда ўсадиган баъзи дарахтлар (чинор, терак), ҳайвонлар (хонаки иссиққонли жониворлар) , озиқ-овқатлар (цитрус мевалар ва донли маҳсулотлар) дорилар (пенициллин, стрептомицин, аспирин, сульфаниламидлар узоқ вақт қабул қилинганда) ҳам кишиларда бронхиал астмани юзага келтиради.

Шунингдек чақалоқлигида кўкракдан эрта ажратилиб сунъий овқатлар билан боқилган баъзи болаларга юқорида таъкидланган маҳсулотлар берилса, уларнинг баданига тошма тошишидан бошлаб то бронхиал астма хуружигача олиб борадиган аллергик касаллик белгилари пайдо бўлиши мумкин.

КЎКРАК ҚАФАСИ СИҚИЛАДИ

Нафас қисиш бронхиал астманинг асосий клиник белгиси ҳисобланади. Баъзи бир аллергенларнинг таъсири, яллиғланиш касалликларининг қайталаниши, асабий-руҳий зўриқиш ҳолатлари хуруж авж олишига туртки беради.

Касалликнинг хуружлари тўрт босқичда кечади.

Биринчи босқичда хуруждан бир неча дақиқа ёки бир неча соат олдин беморни йўтал тутади, томоғи, кўзлари, тери ёки қулоқ супраси қичишади. Беморда пешоб ажралиши кучаяди. Бу бронхиал астма хуружининг илк даракчи белгиси.

Иккинчи босқич бўғилишлар билан кечади. Хуруж вақтида нафас йўлларидаги майда бронхлар тораяди, уларнинг шиллиқ қавати шишиб бронх найчасида шилимшиқ модда ажралади. Беморнинг кўкрак қафаси сиқилади, у тўлиқ нафас чиқара олмайди. Кўпинча нафас чиқариш ҳуштаксимон хириллашлар билан кечади. Беморнинг юзи кўпчийди, кўкаради, бўйин веналари шишади.

Айнан шу босқичда беморни вақти-вақти билан қийноқли йўтал тутади, у балғам ташлайди. Балғам қуюқ, ёпишқоқ, баъзан кўпикли бўлади. Хуружлар узоқ муддат давом этса, жигар катталашади ва оёқларда шиш юзага келади.

Учинчи бочқичда хуружлар тез-тез қайталанади, кўп миқдорда балғамли йўтал пайдо бўлиб бу беморга енгиллик беради. Баъзан кутилмаганда хуруж тутиб беморнинг иш фаолияти сусаяди, уйқуси ёмонлашади.

Тўртинчи босқич оғир кечади, яъни касаллик тез-тез қўзиб туради. Муолажалар олинишига қарамасдан, тунги хуружлар тез-тез рўй беради, беморнинг жисмоний фаоллиги чекланади. Ушбу босқичнинг салбий томони шундаки, бронхиал астма сурункали бронхит билан ривожлана бошлайди. Бу эса ўз навбатида сурункали нафас етишмовчилиги ёки ўпка эмфиземаси (ўпка пуфакчалари – альвеолаларнинг кенгайиши)га олиб келади.

Тўртта босқичда ҳам касаллик зўрайиб кетаверса ва узоқ муддатли оғир нафас қисиш хуружлари рўй берса бемор организмида муҳим аъзолар иши ёмонлашади. Масалан юракнинг электр ўқи ўнгга қараб силжийди, шунингдек ўпка тизимида ҳам хавфли ўзгаришлар юзага келади. Ҳатто қовурғалар оралиғи кенгаяди, бора-бора ўпка фаолияти кескин бузилиши мумкин.

КАСАЛЛИКНИНГ САККИЗ ТУРИ

Касалликнинг атопик тури кўпроқ ёшларда учрайди. Нафас қисиш хуружлари беморнинг бир неча хил омиллар (масалан чанг, овқат аллергенлари, дорилар)га дуч келганидан сўнг бошланади. Бирданига рўй берган хуруж тўхташидан олдин бемор рангсиз, ёпишқоқ балғам ажратади. Бу вақтда қонда гистамин (биоген аминлар қаторига кирадиган физиологик фаол модда) миқдори ортади.

Инфекцион-қарам турдаги бронхиал астма кўпинча 35-45 ёшларда ривожланади. Касаллик аста-секин бошланиб, қайталаниш даври узоқ муддатга чўзилади ва оғир кечади. Кўп ҳолларда астма белгилари бронхит аломатлари билан биргаликда ривожланади. Бу вақтда бемор балғамида лейкоцитлар (оққон таначалари) миқдори ортади.

Бронхиал астманинг аутоиммун тури узлуксиз қайталаниши ва оғир кечиши билан намоён бўлади. Бу касаллик белгилари кишининг ёшлик чоғларидаёқ шаклланиб улгуради ва кейинчалик зимдан ривожланиб, бирданига юзага чиқади.

Дисгормонал турдаги бронхиал астманинг аёлларда кузатилиши оғир оқибатларга олиб келади. Яъни тухумдон фаолияти бузилиши, ҳайз кўришдан олдин, ҳайз вақтида ёки климикс даврида беморларнинг аҳволи ёмонлашиши мумкин. Бундай вақтда гормонал дорилар билан даволашни тўхтатишга уриниш аҳволни баттар мушкуллаштиради.

Асабий-руҳий турдаги астмага чалинганлар ахволи сўраб суриштирилганда, руҳий шикастланишлар, зиддиятли ҳолатлар, жинсий фаолиятдаги ўзгаришлар, бош мия жароҳатлари хуружлар бошланишига бошланишига сабаб бўлиши аниқланган.

Дисадренергик турдаги астмада бемор қонида қанд миқдори камаяди.

Холинергик турида астма ривожланиши адашган нервлар фаоллигининг ошиши билан боғлиқ кечади. Бунда бемор бурнидан кўп суюқлик ажралади, тунги нафас қисишлари рўй беради. Бемор кўздан кечирилганда қизил дермографизм (терида из қолиши) кузатилади.

Жисмоний-зўриқиш астмаси эса бронхларнинг бирламчи реактивлиги ўзгарган беморларда келиб чиқади.

Бронхиал астма билан оғриган беморнинг аввало балғами текширилади ва унда гранулоцитлар (доначали лейкоцитлар) пайдо бўлиши касалликка қай даражада таъсир кўрсатаётгани аниқланади.

Бундан ташқари, махсус аппарат ёрдамида нафас олиш йўллари бронхоскопия қилинади. Бунда мутахассис шифокор беморнинг нафас олиш йўллари шиллиқ қавати ҳолатини аниқлайди, шунингдек яллиғланиш тури ва унинг қанчалик тарқалганлиги, зарарланишнинг юза ёки чуқурлигига эътибор беради.

Бронхография усули ёрдамида бронхларнинг холати ўрганилади. Умуман, ҳар бир усулнинг ўзига хос афзаллиги бор, яъни текширувлар ёрдамида нафас олиш йўлларида пайдо бўлган ўзгаришлар ва ўпканинг қай қисми қандай даражада зарарлангани аниқ – равшан намоён бўлади. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда замонавий тиббиётимиз бронхиал астма касаллиги билан оғриган беморларни ҳар томонлама чуқур текшириш учун барча воситаларга эга.

ХУРУЖДАН “ҚУТҚАРУВЧИ“ ДОРИЛАР

Бронхиал астма хуружларининг олдини олиш учун бемор узоқ муддат қунт билан босқичма-босқич даволанади. Бунда яллиғланишга қарши препаратлар ва таъсири узоқ давом этадиган бронходилататорлар кенг қўлланилади. Айниқса ингаляцион глюкокортикостероидлар кўпроқ наф беради. Уларнинг барчаси беморни муқаррар хуружлардан қутқариб қолиши билан катта аҳамиятга эга.

Шунингдек аэрозоль ингаляторлар, натрий хромогликат, аэроком, натрий недокромил сингари яллиғланишга қарши препаратлар шифокор назоратида қабул қилинади. Бундан ташқари, беморни даволашда глюкокортикостериодлар (ГКС) бронхиал астма давосида жуда муҳим ўрин тутади. Яъни уларни маҳаллий тарзда (ингаляцион йўл билан) ишлатиш гормонлар ичишни чеклашга имкон беради, асоратлар рўй беришини камайтиради.

Систем глюкокортикоидлар, бронходилататорлар ва шунга ўхшаш препаратлар қаттиқ нафас қисиши хуружларини тўхтатишга ёрдам беради. Бундай дори-дармонлар ўпкадаги ўткир ёки сурункали даволаш баробарида бронх деворларидаги инфекция ўчоқларини тозалайди, йўлини очади, кенгайтириб бўшаштиради, шунингдек тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.

Умуман бронхиал астма икки гуруҳдаги препаратлар билан даволанади. Биринчи гуруҳи яллиғланишга қарши бўлиб узоқ муддатли, давомли тарзда ишлатилади. Иккинчи гуруҳи эса тез ёрдам кўрсатувчи препаратлар ҳисобланади ва бемор аҳволини вақтинча яхшилашга хизмат қилади.

Бронхиал астмани дори-дармонларсиз даволаш усули (натуротерапия) ҳам йўлга қўйилган. Натуротерапия тўртта гуруҳ (элиминацион терапия, машқ қилдирувчи терапия, фитотерапия, аралаш усуллар билан таъсир ўтказиш)ни ўз ичига олади. Аниқроқ айтганд,а муолажалар тури беморнинг руҳий ҳолати, касалликнинг кечиши ва қайси босқичда эканлигига қараб танланади.

Шуни билиш муҳимки, бронхиал астмани даволаш кечиктирилганда, у зўрайиб бир қанча оғир асоратлар қолдириши мумкин. Яъни ўткир ўпка эмфиземаси, ўпка баротравмаси, юрак-томир фаолиятининг бузилиши рўй беради. Шунинг учун ҳам беморга ташхисни тўғри қўйиб, даволашни бошлаш ва бунда касалликнинг оғир-енгиллигини ҳисобга олиш жуда-жуда зарур.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА АСТМА (ЗИҚҚИНАФАС)НИ ДАВОЛАШ

Қадимги табиблар бронхиал астмани енгиллаштирадиган кўпгина даво усулларини тавсия этишган. Булар қуйидагича:

Пиёзли муолажа. Тухумдан каттароқ битта пиёзни тозалаб қирғични катта тешикларидан ўтказиб ёки пичоқда тўғраб бир косага солинади, сўнг дарҳол коса атрофи мато билан ўралади. Ўртаси очиқ бўлиши керак, ана шу очиқ жойга бурун билан оғизни қўйиб 5 дақиқа бурун билан, 5 дақиқа оғиз билан чуқур нафас олиш керак бўлади. Нафас олганда бурун билан олиб, нафас билан чиқариш керак, оғиз билан олганда бурун билан чиқариш керак. Пиёз бурундаги, бронхдаги яллиғланишни секин-аста йўқотади, тез-тез шамоллашнинг олдини олади ва ўша заҳотиёқ нафас олиш бирмунча яхшиланади. Бу муолажани касаллик оғир бўлса, биринчи 10 кунда уч маҳал овқатдан олдин, иккинчи 10 кунликда кунига икки маҳалдан эрта билан наҳорда ва кечқурун уйқудан олдин бажарилади. Иккинчи ойдан бошлаб ҳар куни бир маротабадан шу усул қўлланиб турилса, ўпканинг юқори нафас қисмлари. Бронхлар яллиғланишлари кетиб, нафас олиш яхшиланади ва бемор шифо топади.

Беҳили муолажа. Беҳи қадим замонлардан шифобахш мева сифатида маълум бўлган ва унинг бир қатор ижобий хусусиятлари ҳақида турли хил манбаларда бир қатор фикрлар баён этилган. Абу Али ибн Сино томонидан ҳам беҳи астма каксаллигини даволашда муваффаққиятли қўлланган. Беҳи уруғининг бир қошиғидан тайёрланган маҳсус дамлама балғам кўчиришга ва енгил нафас олишга яхши ёрдам беради. Беҳи меваси уруғини олиб ташлаб, ичига думба ва асал солинади, қопқоғи опилиб қоғоз пакетга солиниб газ печида паст оловда 25-30 дақиқа пиширилади. Тайёр беҳи иссиқлигида истеъмол қилинади, ажралиб чиққан ширасини ҳам ичиш зарур, истеъмолдан кейин чуқур нафас олиш керак, балғамлар пишиб кўчиши осонлашади. Муолажани 10 кун такрорлаш лозим.

Анжирли муолажа. Балғамни кўчиришда анжир бебахо ҳисобланади. Абу Али ибн Сино тавсиясига биноан анжир мевасини сут билан қўшиб қайнатиб ичилса, балғам кўчирувчи ва йўтал қолдирувчи восита сифатида яхши таъсир кўрсатади. Анжир меваси қоқисидан тайёрланган дамлама оғир йўтални қолдирувчи восита сифатида тавсия этилади. Дамламадан овқатдан олдин кунига 4-5 маҳал бир пиёладан камида 3 кун ичиш тавсия этилади.

Кунжутли муолажа. Абу Али ибн Сино кунжут уруғи билан мойини тенг миқдорда аралаштириб, астма касаллигида ўн кун давомида кунига уч маҳал бир чой қошиқ миқдорида овқатдан ярим соат олдин ичиб туришни тавсия этади.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!

'БРОНХИАЛ АСТМА ЁХУД ЗИҚҚИНАФАС ҲАҚИДА' 3 комментария

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-637">

    10.06.2016 @ 03:53

    Мане хар замон кечга нафас олищим кийинлашади нема килищим керак

    li class="comment odd alt thread-odd thread-alt depth-1" id="comment-1359">

    30.01.2017 @ 14:02

    Assalomu alekum astma dorilarini suratga tushirib saytga joylashtiringizlar iltimos .men xozir rassiyaning vlodivostok shahridaman .

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3098">

    10.05.2018 @ 01:17

    Таблеткалари мавжудми бу касалликни м5н хам шунака касаллик илаштирдим чамасм

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!