TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Буйракнинг беморлиги (1-мақола)

Буйрак ички жуфт аъзо бўлиб, қорин пардасининг орқа томонида жойлашган, мураккаб биологик вазифани бажаради. Унда 2 миллионга яқин қилнайчалар бор. Буйраклар сийдик ажратувчи тизимнинг маркази бўлибгина қолмай, турли хилдаги эндокрин гормонларни ишлаб чиқаради. Бу гормонларнинг қонга қуйилиши натижасида қон босими маромида бўлади, қизил қон таначалари, қоннинг суюлиши – ивиши, томирларда равон оқиши таъминланади.

Ҳар бир буйракнинг оғирлиги 140-150 г, бўйи 10-12 см, эни 5,5-6 см, қалинлиги 3 см.гача бўлади. Буйрак организмдаги моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотлари, ортиқча тузлар, сув, ёт ва заҳарли бирикмаларни чиқариб ташлайди.

Нефритми ё гломерулонефрит?

Буйракнинг яллиғланишидан келиб чиқадиган нефрит (буйракнинг яллиғланиши) гломерулонефрит (буйрак коптокчаларининг яллиғланиши) билан бирга кечади ва бора-бора буйрак коптокчаларининг томирлари ҳам зарарланади.

Касаллик кўпинча ангина ёки стрептококклар қўзғатувчи юқори нафас йўллари хасталигидан кейин юзага келади. Баъзида ўпка яллиғланиши, дифтерия, тошмали терлама ёки ич терлама, қаттиқ совқотиш ҳам нефритга сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир ва сурункали нефрит фарқланади. Тўсатдан бошланадиган юқумли касалликларда ўткир нефрит ҳам ривожланади. Хасталикка ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, у сурункали нефритга айланади ва вақти-вақти билан зўрайиб туради.

Дард бошланишида танага шиш келади, артериал босим кўтарилади. Шиш эрталаб юзда пайдо бўлиб, кечга яқин камаяди. Кейинчалик бутун баданга тарқала боради.

Нефрит ва гломерулонефритга чалинган беморлар врач тавсия этган кундалик режим ва парҳезга қатъий риоя қилишлари керак. Касалликнинг олдини олишда организмни чиниқтириш, шунингдек, ўткир юқумли дардларнинг келиб чиқишини бартараф этиш, организмдаги яллиғланиш ўчоқларини аниқлаш ва даволаш зарур.

Сийдикда оқсил, эритроцитлар, лейкоцитлар аниқланади. Дастлабки икки-уч кунда сийдик миқдори сезиларли равишда озаяди.

Нефрит билан оғриган беморлар, албатта, касалхонада даволанишлари шарт. Тузалиш даврида эса совқотиш ва ўта толиқишдан сақланиш зарур.

Ярим қарич пастда жойлашса…

Баъзи беморларга тиббий текширув пайтида «буйрагингиз тушибди» дейишади. Наҳотки, буйрак ҳам тушарканми, дея ҳайрон бўлишингиз мумкин. Нефроптоз – буйракнинг тушиши (яъни ўз ўрнидан пастга силжиши) демакдир.

Аслида буйраклар соғлом одамларда ҳам нафас олиш ва чиқариш пайтида ёки тана ҳаракатининг ўзгаришига қараб, бир оз силжиб туради. Силжиш кўпи билан 3-5 см.дан ошмайди. Буйракнинг силжиши ушбу меъёрдан ошса, нефроптоз юзага келади.

Нефроптоз туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Туғма нефроптоз буйракни ушлаб турувчи бойламларнинг нимжонлиги оқибатида келиб чиқса, орттирилган нефроптоз эса шикастланиш, баъзан қисқа фурсатда жуда ориқлаб кетиш натижасида ёки ҳомиладорликдан сўнг қорин девори мушакларининг кучсизланиши оқибатида келиб чиқади.

Касаллик уч босқичда кечади.

Дастлабки босқичда буйракнинг пастки қисми қўлга уннаса (соғ одамда буйрак қўлга уннамайди), иккинчи босқичда буйрак тўлиқ сурилади, учинчи босқичда ҳар томонга суриладиган бўлиб қолади. Нефроптознинг бошланғич даврида бемор деярли ҳеч нарса сезмаслиги мумкин. Фақат вақти-вақти билан (айниқса, кўп юриб ёки чопиб келгандан сўнг) буйрак, қорин, киндик соҳасида белга ё қовуққа бериладиган оғриқ пайдо бўлади. Бу касаллик белгиси саналади.

Нефроптознинг иккинчи босқичидан бошлаб буйрак томирлари кўпроқ чўзилиб, торайиб боради. Оқибатда буйракнинг қон билан таъминланиши ёмонлашади. Энди бемор нафақат оғриқнинг зўрайганидан, балки унинг қайта-қайта (ҳатто буйрак санчиғи даражасида) безовта қилишидан ва пешоб рангининг ўзгарганидан шикоят қила бошлайди. Пешоб таҳлил қилинганда эса оқсил ва эритроцитларнинг кўпайгани аниқланади. Хасталикнинг учинчи босқичи нефроген гипертония (буйрак хасталиги оқибатида қон босимининг кўтарилиши) ва қонли пешоб каби асоратлар билан кечади.

Нефроптозни даволаш консерватив (операциясиз) ва оператив усулда олиб борилади. Консерватив усул деганда асосан бандаж тақиш, қорин деворини мустаҳкамлаш ва қорин бўшлиғи босимини ошириш йўли буйракни ўз ҳолига келтириш кўзда тутилади. Бандаж қорин пастидан тепага қараб ўралиши, қорин деворини бир текис сиқиб туриши, уни эрталаб ётган ҳолда қўйилиши, кечқурун уйқудан олдин ечилиши керак. Бандаждан узоқ муддат фойдаланиш қорин девори мушакларининг кучсизланишига олиб келади. Даволаш мақсадидаги жисмоний машқлар, эрталабки бадантарбия, сузиш жуда фойдали. Махсус машқларни бемор ётган ҳолда бажариши керак. Бу усул кўпроқ ёшларга тавсия этилади.

Оператив усул (нефропексия)да эса тушган буйрак ўз ўрнига қўйилади ва яна тушмайдиган қилиб мустаҳкамланади. Бу усул нефроптознинг асоратлари юзага келмасдан илгари амалга оширилса, кўпроқ самара беради. Кекса кишиларга оператив усул камроқ тавсия этилади. Болаларда нефроптоз баъзан улғайиш ҳисобига ўз-ўзидан барҳам топади. Энг муҳими, бу касаллик ҳақида маълум тасаввурга эга бўлмоқ ва унинг аломатлари сезилгандаёқ уролог шифокорга мурожаат этмоқ зарур.

Давоми бор…

Tagged

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!