TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Буйракнинг беморлиги (3-мақола)

Уч хил тош, учта дард…

Буйракда тош пайдо бўлганда бел атрофи аста-секин мижғиб оғрийди. Тош жомга тушса ёки сийдик йўлига тиқилиб қолса, оғриқ кучаяди, бел, чов, ташқи жинсий аъзолар қаттиқ оғрийди. Сийдик йўлининг тўсилиб қолиши натижасида сийдик равон юришмайди. Сийдик йўллари, буйрак жоми кенгайиб кетади.

Бемор иситмалайди, кейинчалик сийдикда қон пайдо бўлади, беморнинг кўнгли айнайди, у қайт қилиши ҳам мумкин. Масалан, бемор қалтис ҳаракат қилганда қорни ва биқини бирдан оғриб қолади. Айниқса, у тез юрганда ёки бирор жойдан сакраб ўтганда тош силжиб сийдик йўлини тўсиб қўяди ва оғриқ кучайиб азоб беради.

Буйрак тошлари жойлашишига ва ҳажмига қараб турлича бўлади. Масалан оксалат тошлари сийдикда шовул кислотанинг кўпайиб кетиши натижасида чўкмалар пайдо бўлишиданк сўнг келиб чиқади. Кальций тузининг сийдикдан кўп ажралиб чиқиши оқибатида ҳам тош ҳосил бўлади. Хасталикнинг бу турини даволаш учун парҳезга қатъий риоя қилиш керак. Таркибида шовул кислота ҳамда туз кўп бўлган нарсалар (масалан, шовул, исмалоқ, лавлаги, картошка, анжир, олхўри, қулупнай, какао, шоколад, қора чой)ни истеъмол қилмаган маъқул. Аксинча, магнийга бой маҳсулотлар (масалан, наъматак, ёнғоқ, сабзи, ўрик, гречиха, арпа, кашнич)ни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Булар организмда оксалат тошлари ҳосил бўлишига йўл қўймайди.

Урат тошлари организмда пурин алмашинувининг бузилиши, қовда ва сийдикда кислоталар миқдорининг ошиб кетиши оқибатида ҳосил бўлади. Натижада полиартрит, подагра юзага келади, бемор семириб кетади. Урат тошлари вужудга келганда жигар, буйрак, мия, гўшт, балиқ, ловия, нўхат, отқулоқ истеъмол қилмаслик керак. Сутли маҳсулотлар, арпа уни, карам, сабзи, олма, узум, беҳи, шивит (укроп), оқ нон урат тошларини эритишга ёрдам беради.

Фосфат тошлари мураккаб модда алмашинуви бузилиши натижасида ҳосил бўлади. Бу тошларни эритишда дори-дармонлар билан биргаликда гўшт, балиқ, тухум, чой, сариёғ, ўсимлик ёғи, нўхат, қовоқ, чучук олма, қизил смородина, шолғом, турпни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Кальцийга бой сут, қаймоқ, пишлоқ, қатиқ, тузланган карам, бодринг, помидордан тийилиш лозим.

Моддалар алмашинувининг бузилиши ирсий касалликларга киради. Аёнки, эримайдиган турли тузларнинг сийдик орқали ажралиб чиқиши буйракда тош ҳосил бўлишига олиб келади. ҳозирги вақтда турли ёшдагилар орасида кенг тарқалган буйрак-тош касалликлари асосан цистинурия – цистин-аминокислота алмашинуви бузилишидан келиб чиқмоқда. Бунинг олдини олиш ва даволашнинг энг муҳим усули парҳездир. Беморларга оқсилли маҳсулотлардан гўшт, сут маҳсулотлари, тухум, картошка, олма, лимон, беҳи, мева шарбатларини кўпроқ итеъмол қилиш тавсия этилади.

Бемор батамом тузаладими?

Дори-дармонлар ва парҳез билан буйрак-тош касалликларининг олдини олса бўлади. Касалликка бепарво қараш эса буйракда сув йиғилиб қолишига сабаб бўлади. Бундай беморлар астойдил узоқ даволанишлари лозим. ўз билганича даволаниш, айниқса, оғриётган буйрак устига иссиқ нарсалар қўйиш оғир оқибатларга олиб келади.

Ҳозирги вақтда буйрак-тош касалликларини аниқлаш, даволаш, олдини олиш соҳасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Буйракда тош пайдо бўлганда бемор, энг аввало, дори-дармонлар билан даволанади. Баъзан жарроҳлик усули қўлланилади.

Буйрак тоши касаллиги бор бемор, биринчидан, кўп овқат истеъмол қилмаслиги, семириб куетишдан сақланиши, жисмоний ҳаракатда бўлиши, ҳамир овқатлар, нон, қанд-шакарни иложи борича кам ейиши керак.

Қон-томир, юрак ҳасталиги бўлмаса, бир кунда икки литргача суюқлик ичиши мумкин. Чунки суюқлик тошларни ювади. Спиртли ичимликлар ичиш асло мумкин эмас. Ичкилик организмдаги тузларнинг эришига тўсқинлик қилади, буйрак ва сийдик йўлларида тузларнинг чўкиши ва тош ҳосил бўлишига олиб келади.

Бундан ташқари, бемор перҳезга қаттиқ риоя қилиши зарур. Парҳезни шифокор белгилайди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!