TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Буйрагингизни эҳтиёт қилинг

Белда пайдо бўладиган кучли ва доимий оғриқ, пешобнинг ҳаддан ортиқ кўп ёки аксинча, жуда кам кела бошлаши – буларнинг бари пешоб ишлаб чиқариш тизимининг фаолияти бузилаётганлигининг дастлабки, лекин жиддий хавотир учун асос бўла оладиган белгиларидир.

Одатда кўпчилик бундай аломатлар сабачиси буйрак эканини ҳам билишади. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки айнан буйрак организмдан суюқлик кўринишидаги чиқиндиларнинг чиқариб ташланишида марказий ўринни эгаллайди.

Келинг, буйракнинг қандай ишлашини эслаб кўрайлик. Ҳар битта буйракнинг (танада бир жуфт буйрак бўлишини яхши биласиз, албатта) ташқи қобиғида сира тиним билмаган ҳолда миллионлаб нефронлар, ўзига хос “митти ишчилар” фаолият кўрсатади. Айнан нефронлар боис қондаги барча ортиқча нарсалар сўриб олинади. Ҳосил бўлган пешоб воронкага ўхшаш камерага йиғилади, ундан эса пешоб йўлига ўтади. Суюқлик йиғилишига мутаносиб равишда томир деворлари кенгаяди, махсус рецепторлар эса мияга қовуқ тўлганлиги ҳақида хабар юборади. Шундан кейин ўзига хос қулф очилиши борасида буйруқ бўлади ва пешоб йўлларидан навбатдаги суюқлик чиқиндилари ташқарига йўл олади, дея мулоҳаза билдиради шифокор Ширин опа Дадабоева.

– Хўш, агар бу тизим яхши ишламай қолса, нималар рўй беради?

– Агар шамоллаш, оғир ички инфекция, шиш, заҳарланиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар боис нефронларнинг бир қисми ишдан чиқса, тизим фаолиятини тўла таъминлаб турувчи нефронлар сони анчагина камайиб кетади. Натижада организмнинг интоксикацияси, яъни ўзини ўзи заҳарлаши рўй беради. Бунинг оқибатида эса кўнгил айниши, кўз остида ҳалқалар пайдо бўлиши, қон босимининг кўтарилиб кетиши, белда эса оғир юк осилиб тургандагига ўхшаш оғриқ юзага келиши кузатилади. Пешоб таҳлили унда оқсил, баъзи ҳолларда эса қон борлигини кўрсатади.

Айрим ҳолатларда танада оғриқ умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли агар шифокор ҳатто сиз оддий гриппга учраганингизда ҳам пешоб анализига йўлланма берса, асло иккиланмасдан бу тавсияни бажаринг.

Кўпчиликка яхши маълум яна бир ҳолат: буйраклар фаолиятини уларда пайдо бўлган тошлар ҳам бузиши мумкин. Тош пайдо бўлганлиги буйракдаги доимий ёки даврий равишда такрорланиб турадиган оғриқлар орқали ҳам аниқланади. Агар тош пешоб ажралиб чиқиш йўлини тўсиб қўйса, беморда буйрак санчқиси бошланади. Бу қориннинг деярли ярмини қамраб олган жуда кучли оғриқда намоён бўлади. Оғриқни қолдирадиган вазиятни топиш истагида бемор тўшагида ағдарилаверади. Айни пайтнинг ўзида беморнинг ҳарорати ошиши, қон босими кўтарилиши, совқотиб қалтираши, ҳолсизлик, кўнгил айниши юз бериши мумкин. Буйрак оғриғи аксар ҳолларда оғир жисмоний зўриқиш ёки узлуксиз спиртли ичимлик ичишдан кейин ҳам бошланади.

– Қориннинг ўнг ёки чап томонида пайдо бўлган ва санчитиб-санчитиб қўяётган оғриқ ҳам пешоб ишлаб чиқариш тизимида салбий ўзгаришлар юз бераётганининг дастлабки аломатларидан бири, дейиш мумкинми?

– Албатта. Баъзи ҳолларда бунга буйркадаги тош, айрим пайтлари эса шамоллаш сабаб бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, сутка мобайнида инсондан бир ярим литр миқдорида пешоб ажралиб чиқиши зарур. Бу миқдор учун ўрта ҳисобда тўрт-олти маротаба ҳожатга бориш етарли. Бироқ ҳожатга ҳаддан ортиқ кам бориш ҳам инсон танасининг чарчаганидан, шамоллашга учраганидан ёки кўп миқдорда спиртли ичимлик ичилганидан далолат беради.

Пешоб йўллари эса аксар ҳолларда инфекциялар, буйракдан ажралиб чиққан тош ва қумлар туфайли азият чекади. Тезликда бу хасталикнинг олдини олмаслик эркакларда простатит, аёлларда эса қатор гинекологик касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларни ўзингизда ёки яқинларингизда кузатсангиз, дарров шифокорга мурожаат қилинг. Ахир, “Соғлом танда соғ ақл”, деб бежизга айтилмаган-ку.

 Г.Муродалиева ёзиб олди.

Манба: “Истеъмолчи”

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!