TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Чала туғилган бола (2-мақола)

Чала туғилган болани парвариш қилиш анча мураккаб муаммодир. Чунки чала бола организми функционал жиҳатдан етилмаганлиги туфайли унда она қорнидан ташқаридаги ҳаётга мослашув қобилияти бўлмайди. Бу эса унга айниқса биринчи ой давомида ўта қулай шароит яратиб, яхшилаб парвариш қилишни тақозо этади. Ҳозир чала туғилган болалар махсус шифохона шароитида парвариш қилинади. Вазни 1500 граммдан кам туғилган болалар, махсус кувезлар – ҳарорати, ҳавоси, намлиги айнан она қорнидагига ўхшаш камераларда боқилади. Боланинг аҳволи яхшиланиб уни уй шароитида боқишга лойиқ деб топилиб, вазни 2500 граммга етгандагина уйга жавоб берилади. Лекин бола уйга келганида ҳам алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Уй шароитида бола яшайдиган хона ҳавосининг ҳарорати 24-26 даража бўлиши лозим. Болани тез йўргаклаш, йўргаклари, кийимларини ҳар сафар иситиб олиш керак. Уни чўмилтириш муддати ва сувнинг иссиқ-совуқлик даражаси етук чақалоқникига ўхшашдир. Чўмилтириб бўлгач, тезда иситиладиган сочиқ ва йўргакларга ўраб қуритасиз, кейин иссиқ ич кийим кийга-зиб, пахмоқ адёлга ўраб қўясиз. Бола бошига қалпоқча кийгизилади, лекин юзи очиқ бўлиши зарур. Болани қаттиқ иситиб ва совуқ қотиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Агар бола совқотса, унинг атрофига ва оёғига сочиққа ўралган қиздиргич (грелка)лар қўйинг. Қиздиргичлар одатда 65 даражали ҳароратда бўлиши ва боладан 10 см нарироқда бўлиши лозим. Бола исиб кетса юзи қизаради, бурун чеккалари, пешонасида тер пайдо бўлиб, ўзи безовталанади. Шунда қиздиргичларни олиб ташлаш, зарур бўлса 1-2 сидра кийимини ечиш лозим. Бола совиб кетса, териси оқариб, кўкаради, бурни танасидан кўра совуқроқ бўлиб, ўзи бўшашиб қолади. Бунда эса уни дарров иссиқ адёлга ўраш ёки иссиқ ваннага (36, 37°С) солиш керак (5-7 дақиқа), яна атрофига қиздиргичлар қўйиш лозим.

Чала бола она сути билан боқилса яхши ўсиб, ривожланади. Уларда эмиш рефлекси суст ёки умуман бўлмаслиги туфайли дастлабки кунларда бола зонд орқали (кунига 10 марта), кейин сўрғич орқали эмизилиб, аста-секин кўкракдан эмишга ўргатилади. Вазни 1500 граммдан кам бўлган бола туғилганидан 3 ҳафта кейин, вазни ундан ортиқроқ туғилган бола 10-15 кун ўтгач чўмилтирилади. Соф ҳавода сайр қилдириш чала боланинг ўсиб, ривожланишига фойдали. Лекин бу муолажа вазни 2500 граммдан ортиқ болаларгагина тавсия этилади. Қишда эса вазни 3000 граммдан ортиқ болага сайр қилишга рухсат этилади. Бунда ҳам жуда эҳтиёт бўлиш керак. Чала туғилган бола организми, ички аъзолари, айниқса ўпка димланишга мойилроқлиги сабабли унда ўпка касаллиги пайдо бўлмаслиги учун бола ухлаётганда уни қўлга олиш ва ётиш ҳолатини ўзгартириб туриш зарур. Бундан ташқари, чала болада камқонлик ҳам ривожланиши мумкин. Бунда унинг ранги салқиб қулоқ чиғаноқлари ҳам рангсиз, оқиш, бўшашган бўлади. Шунинг учун бола бир ойлигидаёқ у турли касалликларга чалинмаслигининг олдини олиш мақсадида унга олма, ўрик, қора смородина, сабзи, лимон шарбатларидан ичириб туриш тавсия этилади.

Чала боланинг асаб системаси ҳам яхши шаклланмаганлиги сабабли уларни қаттиқ шовқин, қичқириқ, баланд овозли мусиқалардан сақлаш, тана ҳолатини кескин ўзгартирмаслик, бола яқинида ўткир ёруғлик бўлмаслиги лозим. Табиийки, бу болалар етилиб туғилган болалардан дастлабки пайтларда жисман ва руҳан кечроқ ривожланади. Чала бола етук боладан 0,5-2 ой кейинроқ ўйинчоқларига қараб кузатадиган, ўзига қараб гапираётган кишига қулоқ соладиган, гугу»лайдиган, куладиган бўлади. Анча кейинроқ танасини ўгириб, қорни билан ётадиган, ўтирадиган, юрадиган бўлади. Чала боланинг тили ҳам 1-4 ой кечикиб чиқади. Тўғри парвариш қилинган болалар кейинчалик вазн жиҳатидан ҳам бошқа жисман ва руҳан етилиб туғилган тенгдошларига етиб олади ва ўзиб кетади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!