TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (14)

17. КУЧ-ҚУВВАТ

Кашандаларнинг кўпи чекиш натижасида қон томирлар тиқилиб қолиши, кислород танқислиги ва озиқ моддалар етишмовчилиги келиб чиқишини яхши билишади. Бироқ сигарета кишини куч-қувватдан маҳрум этишидан уларнинг хабари йўқ.

Чекиш жисмоний ҳамда руҳий ҳолатимизга шунчалик секин таъсир ўтказадики, вужудимиздаги бўлаётган ўзгаришлари деярли сезмаймиз ва уларни табиий деб, шундай бўлиши керакдек қабул қиламиз. Чекишнинг таъсирини нотўғри овқатланиш таъсирига ўхшатиш мумкин. Бунда қорин асталик билан каттаргани учун киши ташвишга тушмайди. Қориндорларни кўр­ганимизда эса улар бундай “муваффақият”га қандай эришганидан ҳайрон бўламиз.

Келинг, буларнинг бари бир кечадаёқ содир бўлди, деб фараз қи­ламиз. Ухлашга ётаётганингизда вазнингиз 65 кило, хушқоматгина одам эдингиз. Эрталаб уйғонсангиз, 85 килоли хомсемиз бўп қопсиз! Ўзингизни тиниқиб дам олгандек ҳис қилиш ўрнига бирам ланжсизки, кўзингизни зўрға очяпсиз. Бир кечанинг ўзида қандай дардга мубтало бўлдим, деб саросимага тушишингиз тайин. Кўпам ҳайрон бўл­манг, бу касалликка барибир чалинар эдингиз, фақат йигирма йилдан кейин.

Чекишни тўхтатганингиздан атиги уч ҳафта ўтиб вужудингиз қанчалар ўзгаришини билганингизда эди, шунинг ўзи чекишни ташлашингизга кифоя қиларди. “Наҳотки ўзимни шунчалик яхши ҳис қи­ла­манми?” дея ишонқирамаган бў­лардингиз.

Мен фақат жисмоний ҳолат ҳа­қида гапирмаяпман: чекишни таш­лагач, ўзингизга нисбатан ишон­­чингиз ортади, диққатингизни яхшироқ жамлайдиган бўласиз, эмин-эркин яшайсиз.

Ўсмирлик пайтимда қанчалик серғайрат бўлганим эсимда. Ўттизни қораладим-у, ҳолсизландим, тушкун кайфиятдаги одамга айландим. Эрталаб соат тўққизда аранг уйқудан уйғонардим. Кечки овқатдан кейин одатга кўра диванга ёнбошлаб телевизор томоша қилар, беш дақиқадан кейин эса пинакка кетардим. Мен ўйлардимки, куч-қувват ва ғайрат фақатгина болалару ўс­мирларга хос, йигирма ёшдан ке­йин одам қарий бошлайди.

Чекишни ташлаганимдан кўп ўтмай йўтал ва томирларидаги тиқинлар йўқ бўлди, шунингдек, астма хуружлари ҳам безовта қилмай қўйди. Эрталаб соат еттида кучга тўлган ҳолда уйғонадиган бўлдим. Энди бадантарбия билан шуғуллан­япман, лўкиллаб югуряпман ва сузишга қатнаяпман. Ваҳоланки, қирқ саккиз ёшимда на бирор қадам югура олар ва на бир метр суза олардим. Нари борса, “қариялар ўйини” деб аталувчи боулинг ёки гольф ўйнардим. Қувватли бўлиш нақадар яхши, ҳам жисман, ҳам руҳан кучли бўлгач эса ҳаётингиз қувончларга тўлади.

Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!