TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (21)

27. СИГАРЕТАНИ СОҒИНАМАНМИ?

Йўқ! Ичингиздаги кичкинагина никотин махлуқ ўлиши билан жисмингиз сигарета талаб қилмай қўяди. Энди сиз стрессларни осонроқ енгадиган, ҳаётда учраб турадиган муаммоларни тезроқ ҳал қиладиган бўласиз. Бундан ташқари, ҳаёт лаззатларидан тўлақонли баҳраманд бўла бошлайсиз.

Фақат жиддий бир хавф борлигини унутмаслик лозим. Бу – ҳали ҳам чекаётган одамларнинг таъсири. Чекишнинг зарарлари ва ёлғон афзалликлари кундек равшан бўлгани ҳолда, айрим собиқ чекувчилар сигарета буруқсатаётган одамларга ҳавас билан қарашади.

Бундай ҳолат кўпинча базмларда, ҳамма овқатланиб бўлгандан кейин кузатилади. Кашанда чекади, собиқ кашанданинг эса кўксини оғриқ ғижимлайди. Агар сиз ҳам шундай вазиятга тушиб қолсангиз, кашандаларга яхшироқ тикилинг: улар шунчалик тез ва ғайриихтиёрий тарз­да чекадики, нима қилаётганининг деярли фарқига бормайди. Улар чекишдан лаззат олмайди, балки сигаретасиз умуман лаззат олмайдиган бўлиб қолган. Бу кашандалар базмдан кейин ҳам, эртасига ҳам, ичи заҳар-заққумга тўлиб кетса ҳам чекаверади. Улар ўз соғлигини емириш учун тинимсиз пул сарфлайди. Чекишнинг иложи бўлмаган маҳал минг азобда тўлғонади. Ўзидан наф­ратланиб яшайди. Эҳтимол, сигарета тутатаётганларнинг эрмаги бор, мен эса бундай машғулотдан маҳрумман, деб ўйлаётгандириз. Адашасиз. Маҳрум бўлган сиз эмас, аксинча, ўша кашандалардир. Улар кўп нарсани бой берган, жумладан, қу­йидагиларни:

САЛОМАТЛИК

КУЧ-ҚУВВАТ

ПУЛ

ЎЗИГА ИШОНЧ

КЎНГИЛ ХОТИРЖАМЛИГИ

ЖАСУРЛИК

ЭРКИНЛИК

ЎЗ-ЎЗИГА ҲУРМАТ.

Чекувчиларга ҳавас қилса арзийдиган одамлар сифатида эмас, бахти қаролар сифатида қаранг. Ҳа­қиқат кўзига тик қарай олмайдиган ва ўзини ўзи алдаб яшайдиганлар эса энг бахтсиз кимсалардир.

Героинсиз туролмайдиган гиёҳвандга ҳавас қилмайсиз-ку, тўғрими? Бизнинг мамлакатда героиндан ҳар йили 100 га яқин, никотиндан эса 120.000 дан зиёд одам ўлади. Сигарета дунё бўйича йилига 2,5 миллион одамнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Билсангиз, чекиш туфайли ўлганлар сони инсоният тарихидаги жами урушларда қурбон бўлганлар сонидан кўпроқдир. Шундай экан, чекаётганларга ҳавас қилманг. Улар ачинишингиздан бошқасига арзимайди!

 28. ИШҚИЛИБ СЕМИРИБ КЕТМАЙМАНМИ?

Чекишни ташлагач, семириб кетиш ҳақидаги гап – сафсата. Буни чекишни ташлаш учун ирода кучини синаш усулидан фойдаланиб, никотин ўрнини конфет ва ҳоказолар билан тўлдирмоқчи бўлганлар ўйлаб топган. Тўғри, хумор қийноқлари ва очлик азоблари ўртасида ўхшашлик бор, лекин  уларни чалкаштирмаслик лозим. Овқатлансангиз, очликдан халос бўласиз, никотин хуморини буткул босишнинг эса иложи йўқ. Чунки сигаретани чекиб бўлишингиз биланоқ никотин организмингизни тарк эта бошлайди. Шу сабаб ҳар доим сигаретага ташнасиз. Бунинг оқибати эса битта – ашаддий кашандага айланиш. Лекин кетма-кет сигарета чекишнинг имкони йўқ: бир томондан чўнтак кўтармайди, иккинчи томондан эса соғлик.

Ҳеч қачон босилмайдиган хумордан қийналган кўпгина чекувчилар очофат бўлиб қолади. Ичкиликка ва ҳатто, кучлироқ гиёҳванд моддаларга ружу қўяди (АКСАР ИЧКИЛИКБОЗЛАР АШАДДИЙ КАШАНДАЛАРДИР. ҚИЗИҚ, БУ ҲАМ ЧЕКИШ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРГАН МУАММОМИКАН?..)

Чекишни ташлаб, кичкинагина махлуқ вужудингизни тарк этгани заҳоти ўзингизга бўлган ишончни қайтариб оласиз. Энди сиз ҳаётингизнинг барча жабҳаларини назорат қилиш имкониятига эгасиз. Бу – чекишни ташлашнинг улкан афзалликларидан бири.

Юқорида айтганимдек, чекишни ташлагандан кейин семириб кетиш никотин ўрнини босувчи воситалардан фойдаланганларнинг гапи. Ўша воситалар чекишни ташлашни осонлаштирмайди, балки қийинлаштиради. Бу ҳақда кейинги бобларда батафсил ўқишингиз мумкин.

 29. ЁЛҒОН РАҒБАТЛАРГА УЧМАНГ

Айримлар чекишни ташлаш учун ирода кучини синаш усулидан фойдаланиб, ёлғон рағбатларга алданиб қолишади. “Сигаретага сарфланадиган пулларни йиғиб, оилам билан ажойиб саёҳатга чиқаман”, дейди кимдир. Бир қарашда бамаъни туюлган бу гап хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Ахир ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қайси чекувчи йилнинг 52 ҳафтасида чекишни ва таътилга чиқмасликни афзал кўради. У нафақат 52 ҳафта мобайнида чекишдан тийила олишига, балки сигаретасиз таътил ёқимли бўлишига ишонмайди.

Яна бир мисол: “Сигаретанинг пулларига машина оламан!” Ҳа, сиз бир муддат чекишдан воз кечишингиз, машина олишингиз мумкин. Бироқ машина ҳаваси эскириши билан эски ҳолатингизга қайтасиз.

Энг кўп учрайдиган ёлғон рағбатлардан бири – бу “пора”. Айтайлик, фарзандининг чекишни ташлашини истаган ота-она бунинг эвазига пул таклиф қилади. Ёки чекувчи бирор киши билан баҳс бойлайди: “Агар яна чека бошласам, сенга 100 фунт бераман”. Вақти келиб, у гаровда ютқазиши аниқ. ўртача 50.000 фунт стерлинг сарф­лаш, ўлимга етакловчи касалликлар хавфи, жисмоний ва руҳий азоблар, никотинга қулларча қарамлик, атрофдагиларнинг наф­рати чекувчини чекишдан тўхтатиб қололмайди-ю, аллақандай ёлғон рағбатлар бунга қодирми?..

Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!